Украинадаги урушдан қочишга уринган Ўзбекистон фуқаросига Россияда 7 йил 9 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг иши Новосибирск гарнизон ҳарбий судида кўриб чиқилган. Бу ҳақда “Медиазона” хабар берди.
Иш ҳужжатларига кўра, мазкур ўзбекистонлик эркак аввалроқ, 2023 йил апрель ойида Россиянинг Челябинск вилоятида гиёҳванд моддалар савдосига уринишда айбдор деб топилиб, 11 йил 8 ойга қаттиқ тартибли колонияда жазога ҳукм қилинган. У қамоқда бўлган вақтида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига юборилган. Шартнома шартларига кўра, урушдан қайтгач, у озод этилиши лозим бўлган, бироқ жанглар вақтида яраланган.
Шундан сўнг ўзбекистонлик эркак Новосибирскдаги ҳарбий шифохонага ётқизилган. Даволаниш якунлангач, 2025 йил 23 май куни кечқурун у Новосибирск вилояти ва Қозоғистон чегараси яқинидаги ўрмон ҳудудига бориб, ўзининг йўлбошчисини кутган. Аммо йўлбошчи келмаган. Орадан бир кун ўтиб ушбу эркак Федерал хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган.
2025 йил сентябрь ойида ҳарбий суд уни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринганликда айбдор деб топиб, 6 ой қамоқ жазосини тайинлаган. Бироқ аввалги суд ҳукми бўйича ўталмаган жазо муддатини инобатга олиб, якунда 7 йил 9 ой муддатга қаттиқ тартибли колонияда жазо ўташ белгиланган.
Тасодифий хабарлар
Россиялик амалдор мигрантлар борасида хавотирли таклиф айтди
Аёл рашк туфайли 9 ёшли қизни бошига уриб каналга ташлаб юборди
Чоршанба куни Ой тутилиши содир бўлади
Tunis prezidenti vafot etdi
Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилиш ижод эркинлиги эмас – Путин