Буюк Британиядаги Уорик университети олимлари олмос асосидаги янги датчик ёрдамида саратон метастазларини аниқлаш усулини ишлаб чиқди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Physical Review Applied” журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, саратон ҳужайралари лимфа тизими орқали бошқа аъзоларга тарқалиши мумкин. Лимфа тугунлари зарарланганини аниқлаш учун шифокорлар турли тестлардан фойдаланишади, бу эса даволаш стратегиясини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги усулларда радиоактив маркерлар ёки кўк бўёқлар қўлланилади. Аммо радиофармацевтик моддалар ҳамма клиникаларда мавжуд эмас, бўёқ эса беморларнинг қарийб 1 фоизида аллергик реакцияга сабаб бўлади.
Британиялик физикларнинг янги қурилмаси ихчам, портатив ва хавфсиз. У олмоснинг ноёб хусусиятларига асосланади: NV-марказлар (азот атомлари ва бўшлиқлардан ҳосил бўлган кристалл панжара нуқсонлари) энг кичик магнит майдон ўзгаришларини ҳам қайд этиши мумкин. Сенсор темир оксиди нанопартикуллари бўлган магнит суюқликка реакция қилади. Уни ўсмага юбориш орқали метастазлар қайси лимфа тугунларига тарқалганини кузатиш ва жарроҳлик пайтида аниқроқ олиб ташлаш мумкин бўлади.
“Биз сенсорга уланган бош қисмини атиги 10 мм гача кичрайтира олдик – бу эндоскопия ва лапароскопияда фойдаланиш учун етарлича ихчам бўлган биринчи олмосли қурилма”, дейди тадқиқот муаллифи Алекс Ньюман.
Қурилма 0,5 мм куб ҳажмдаги микро-олмос ва кичик доимий магнит ёрдамида ишлайди, шу сабабли қўшимча катта электроника талаб этилмайди. Шифокорлар янгиликни юқори баҳолаган.
“Мен кўкрак бези саратони давосида мунтазам равишда магнитли навигациядан фойдаланаман. Бу анъанавий усулларда устунлик беради. Шунинг учун Уорик университети билан ҳамкорлик ва магнит технологияларни янада такомиллаштириш жуда муҳим”, дейди Ковентри ва Уорик шифохонаси жарроҳи Стюарт Робертсон.
Мутахассислар келажакда ушбу сенсор ўпка, жигар, ичак ва қизилўнгачдаги ўсма турларини аниқлашда ҳам қўлланиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош ҳудудида ҳарбий машғулотлар бошланди
Telegram'да янги “Аҳмадбой” пайдо бўлдими?
Раҳбарларга хизмат автомашинаси сотиб олишда чекловлар ўрнатилади
Карантин чекловлари узайтирилади. Президент махсус комиссия таклифига розилик берди
“Ким зўр: репетиторми ёки мактаб ўқитувчиси?"