Россиянинг Волгоград областидаги колонияда маҳбуслар нозирларни гаровга олди

Россиянинг Волгоград областидаги колонияда маҳбуслар нозирларни гаровга олди


Волгоград областидаги 19-сонли ахлоқ тузатиш колониясида маҳбуслар одамларни гаровга олди, деб хабар бермоқда Федерал жазони ижро этиш хизмати матбуот хизмати. «ИК-19 да интизомий комиссия йиғилиши чоғида маҳкумлар ахлоқ тузатиш муассасаси ходимларини гаровга олган. Айни вақтда гаровдагиларни озод этиш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда», — дейилади ФСИН хабарида. ИК-19 Волгограддан 130 километр ғарбда жойлашган Суровикино шаҳрида жойлашган. Бу қатъий тартибдаги колония ҳисобланади.

ФСИН хабарига кўра, ҳодиса вақтида жароҳатланганлар ҳам бор, аммо тафсилотлар келтирилмаган. ТАСС оператив хизматларга таяниб, бир киши ҳалок бўлганини хабар қилган. Baza версиясига кўра эса, қурбонлар сони уч нафар. «Интерфакс» уч киши район шифохонаси жонлантириш бўлимига олиб келингани ҳақида ёзган.

Жами неча киши гаровга олингани — номаълум. Shot хабарига кўра, гаровга олинганлар орасида колония бошлиғи Андрей Девятов ва унинг ўринбосари бор. Baza маълумотига кўра, Девятов қочишга муваффақ бўлган, аммо жароҳатланган ва ҳозирда жонлантириш бўлимига ётқизилган, Shot версиясига кўра — колония бошлиғини жиноятчиларнинг ўзи «топширган».

Ҳужум қилганлар ИШИДга алоқадор бўлиши мумкин, дея хабар беради Baza ва Mash. Ушбу манбалар июн ойида Ростовдаги тергов изоляторида исён кўтариб, ходимларни гаровга олганлар ҳам ушбу гуруҳ аъзолари бўлганини эслатган. Ушбу телеграм-каналларга кўра, жиноятчилар икки миллион доллар ва вертолёт талаб қилишган. Улар билан музокаралар ўтказиш учун колонияга Волгограддаги масжид имоми олиб келинган.

Телеграм-каналларда одамларни гаровга олган маҳбусларнинг рўйхати ва фотосуратлари пайдо бўлди. Маълумотларда улардан икки нафари ўзбекистонлик, яна иккиси тожикистонлик экани акс этган: булар 28 ёшли Рамзиндин Тошев (Ўзбекистон фуқароси), 23 ёшли Рустамчон Наврузи (Тожикистон фуқароси), 28 ёшли Назирчон Тошов (Тожикистон фуқароси) ва 29 ёшли Темур Хусинов (Ўзбекистон фуқароси). Уларнинг дастлабки уч нафари гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани учун, тўртинчиси қасддан баданга оғир тан жароҳати етказганлик учун қамалган. 


РФ Тергов қўмитаси гаровга олиш факти бўйича РФ ЖК 206-моддаси 4-қисми ва (ўлимга олиб келган гаровга олиш) ва 321-модданинг 3-қисми (колония фаолиятини издан чиқариш) бўйича жиноий иш очилган. Колонияга ФСИН марказий аппарати гуруҳи етиб келган.


×