Наманган вилояти Чуст шаҳри деҳқон бозори ҳудудида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркордан келган шикоят хати бўйича йўлга чиқдик. Ҳар ҳолда ҳолатни ўз кўзимиз билан кўриб ёзганимиз яхши-да.
Мунаввархон Мухторхонов: – Бозор ичида «Дон маҳсулотлари» павилонини ўз ичига олган 22 та раста қурилиши харажатини тўлиқ ўз бўйнимизга олганмиз, яъни 2008-2009 йиллар ҳар биримиз 22 000 000 сўм, бугунги кунда эса 22 кишининг умумий харажати 2.354000 000 (икки миллиард уч юз эллик тўрт миллион) сўмлик бино қуриб, 90 фоиз битказилган ҳолда иш бошладик. Шунча сарф-харажат қилганимизга қарамай, бирон бир тадбиркорнинг қўлига эгалик ҳуқуқини берадиган расмий ҳужжат Чуст туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилмаган. Ўшанда ҳоким Баҳодир Юсупов бу павилон юз йилдаям бузилмайди, деб ишонтирганди.
2019 йил янги ҳоким Баҳодир Охунов томонидан январь ойида бизнинг шунча харажат қилиб қурган расталаримиз бир сўм тўловсиз бузиб ташланди. Биз тадбиркорлар ўзимизнинг шахсий маблағимиз ҳисобига янги қуриладиган жойга лойиҳа ҳужжатларини тайёрладик ва туман ҳокимига кўрсатдик.
2020 йил ноябрь ойида ҳамма ҳужжатларимиз тўлиқ ҳолда бўлганига қарамасдан қурилиш учун туман ҳокимлиги томонидан рухсат берилмади. Жорий йилнинг июль ойида Бибиона зиёратгоҳида Президент маслаҳатчиси томонидан қабул бўлиб, аризамизни қабул қилди ва ҳокимни чақиртириб, нима учун қурилишга рухсат берилмаётганини сўради.
Туман ҳокими янги «генплан» қилишни баҳона қилиб, 1 августгача кутиб туришимизни айтди. Август ойи тугаб, сентябрнинг яримида нима қиламиз, деб ҳокимнинг қабулига борсак, янги андоза бўйича битта одамга тендер қилиб берилади ва сизларга ўша ердан жой берилади, деди. Аммо орадан мана неча ойлар ўтдики, қурилиши бузилган жой эгасиз ва қаровсиз ётибди. Ҳар бир ҳоким келиб ўзича қарор чиқариб янги «генплан» қилаверадими? Биз ўзимизнинг маблағимизга ўзимиз учун жой қурмоқчимиз, бизга ҳеч кимнинг ёрдами керакмас, рухсат беришса бўлди.
Маҳмуда она: – 10 минг доллар тўлаганмиз ўша пайтлари. Осонми шунча пулни топиш. Бу маблағни топгунча бир одамнинг қанча вақти, қанча куч-қуввати кетган. Ҳозир жойи бузилган тадбиркорлар сарсон-саргардон. Шу ерни қайтадан қуриб битказсак, йигирмадан ортиқ одам ишли бўларди. Ҳозир кам деганда ҳар бир оиладан битта бўлмаса иккита одам четда юрибди. Нимага? Ўзимизда шароитлар бўлиб нимага бизнинг болаларимиз четда юриши керак? Нега битта одам бу ерга эгалик қилиб фойдаланиши керак, бизга ўхшаганлар-чи? Болаларимиз бағримизда бўлсин, ер қуруқ ётибди-ку, невараларимиз ота-онасини кўрмаяпти. Аввал болаларимиз армияга кетса йиғлардик, энди эса ўзимиз болаларимизни узоқларга кузатишга мажбур бўлаяпмиз.
Ҳусанхон Ҳамидов: – Мана кўриб турганингиздек бу ерлар машина турадиган «стоянка»га айланди. Бизнинг ўзимизга берса, бу ерни чиройли қилиб қуриб оламиз. Ҳамма ҳужжатларимиз бор. 13 йилдан бери сарсонмиз. Чала қурилган жойда савдо қилиб турувдик, ана энди шуям йўқ.
Баҳромжон Машрапов: – Тадбиркор бир ойда 15 млн. сўмлик солиқ тўлайди, 40 та иш ўрни яралади. Бир ойга бир миллиард нақд пул тушади. Ундан ташқари, яна қанча тўловларимиз бор. Биз шартномадаги барча шартларга амал қилиб келганмиз. Барча тўловларни вақтида тўлаганмиз. Бизнинг жойимиз бузиб ташлангани оқибатида ҳозир давлат қанча маблағдан қуруқ қолаяпти.
Камолжон Боқиев, ҳуқуқшунос: – Мен ушбу бозорнинг ҳуқуқшуносиман. Бу ерда ҳокимликнинг 51 фоиз улуши, халқнинг 49 фоиз улуши бор. Ушбу ҳудудга павилон қурилса бозорга тушум бўлади. Бу бизга ҳам яхши. Биз тадбиркорларнинг бу ерларга раста қуришларига қарши эмасмиз, рухсат беришса бўлди.
Шундан сўнг биз шикоятчилар билан биргаликда иккинчи томонни эшитиш учун Чуст тумани ҳокимиятига йўл олдик. Туман ҳокими бу пайтда селектор йиғилишида экан. Ҳар тугул излаган одамларимиз узоқ кутишларимиздан сўнг бизни эшитди. Туман ҳокими ўринбосари Ж.Баҳодиров хонасидамиз.
Мирзолим Мирзалиев, капитал қурилиш ва шаҳарсозлик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари: – 2008 йил бозорда қурилган расталар чала битган бўлса-да, одамлар савдо қилиб турди ва 2019 йил ўзларининг розиликлари билан бузиб ташланди. Бу ерда ҳокимиятнинг 51 фоиз улуши бор, 49 фоиз фуқароларники, агар бозор қайта реконструкция қилинадиган бўлса, рўйхатдаги тадбиркорларга ҳам ер берилади, бу ҳақда ҳокимнинг қарори ва янги ҳокимнинг кафолат хати берилган қўлларига. 2019 йилдан бери қурилмаётганига сабаб пандемия бўлиб қолди орада. Мана яқинда 4-5 кун бўлди, инвестор инвестиция киритмоқчи, март ойида бозор ёпилиб бошқатдан қурилади, ўша пайти буларга ер берилади... Биз вазиятдан чиқиш ёки тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ қўйиш мақсадида айтаётганимиз йўқ бу гапларни...
Икки томонни ўрганиш жараёнида вазият бироз ойдинлашган бўлса-да, мурожаатчиларнинг саволлари очиқ қолди:
Агар инвестор келмаса ёки мартдан қурилиш бошланмаса, 22 нафар тадбиркор бозор ҳудудида тасдиқданган лойиҳалари бўйича ўзлари қурилишни бошлайверадиларми? Яъни, инвесторлар аниқ келадими? Нега икки йил давомида қурилишга рухсат берилмади? Яна тўрт йил кутишадими? Тадбиркорлар айтганидек, давлат ғазнасига тушум тушиб тургани яхшимасми?
Мунаввархон бобо гап орасида қистириб ўтганларидек, «бозорга кираверишдаги йўлни бузиб чангини чиқариб ташладинглар, шу йўлни ўзимиз таъмирладик, йўлни қуриб битказолмаган, бутун бозорни қачон бузасизлар, қачон қурасизлар?»
Кўриниб турибдики, тадбиркорлар биргина рухсат тегиши билан ишга жадал киришиш ниятида. Агар уларнинг гапларини баҳс-мунозара пайти илғамаган бўлсангиз яна бир бор қайта эслатмоқчимиз: «Бизга рухсат беринглар, инвестор ҳам керакмас, ўзимиз қуриб, ўзимиз пул тикамиз. Кейин қачон бозор бузиладиган бўлса яна бузаверасизлар, бизга ҳозир жой керак, бола-чақамизни боқишимиз учун иш керак. Бундан икки томон ҳам фойда кўради. Бўш ётган жой давлат ғазнасига пул, бизнинг даромадимизга даромад қўшади...»
Эслатиб ўтамиз: Чуст тумани «Деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудини реконструкция қилишга рухсат бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2019 йил 12 мартдаги 1971-сонли қарорининг 6-бандида шундай белгилаб қўйилган. «Рўйхати 1-иловада келтирилган фуқароларга бузиб олинган «Дон маҳсулотлари» растаси таркибидаги мулк эгалигига даъвогар шахслар сифатида «Деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида ҳар бирига 15 м2 ўлчамда савдо растаси ўрни бириктириб берилсин, бунда мулк ва ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326-сонли қарори талаблари асосида белгилансин.»
Тасодифий хабарлар
Ўзбек футболининг юқори баҳоланган авлоди. Ҳозир улар қаерда?
Доллар қимматлашди, евро тушишда давом этмоқда
Коронавирус юқтириб олган Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Германияга учиб кетди
2023 йилдан Ўзбекистон фуқароларига 2 тадан зиёд фарзанд кўришга чеклов ўрнатилаётгани ҳақида хабар тарқалди
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд кўрсаткичга етди