Сўнгги кунларда “Маймун чечаги” атамаси янгиликларда тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Африкада мунтазам учрайдиган бу касаллик Европанинг бир неча давлатида қайд этилиши ЖССТ тезкор йиғилиши чақирилишига ҳам сабаб бўлди. Коронавирусдан энди қутуламан деб турган одамзод янги хавфга дучор бўлганига оид гап-сўзлар қанчалик ҳақиқат?
Вирус тарихи
Маймун чечаги номини олган бу касаллик катта эҳтимол билан табиатда азалдан бўлган. Лекин илк бор 1958 йилда Даниядаги лаборатория маймунларидан ажратиб олинган ва шу номни олган. Одамда эса биринчи марта 1970 йилда Конгода қайд қилинган ва шундан сўнг Африка ҳудудида мунтазам учраб турган. 1981–1986 йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра ҳудудда жами 338 ҳолат қайд этилади ва 33 та ўлим ҳолати юз беради (9,8 фоиз). 1991–1999 йиллар оралиғида яна 511 та ҳолат рўйхатга олинади.
АҚШда 2003 йилда зоодўкондаги кемирувчи ҳайвонни ўйнаган болада қайд этилади ва шу йилнинг ўзида яна 71 кишида бу касаллик кузатилади. Уларнинг аксарияти Ганадан олиб келинган каламушларни харид қилганлар эди. Вақтида кўрилган чоралар натижасида касаллик тарқалишининг олди олинади, беморлар орасида ўлим ҳолати қайд этилмайди.
Тарқалиш – 2022
Бу касаллик Африка қитъасининг узоқ ҳудудлари учун одатий бўлса-да, 2022 йилга келиб Европада қайд этилгани ва бошқа давлатларда ҳам учрай бошлагани кутилмаган ҳол бўлди. Маймун чечаги касаллиги Италия, Британия, Испания, Бельгия, Франция, Швеция, Австралия ва Канадада аниқланди. БААда касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш бошланди. Бошқа давлатлар ҳам эҳтимолий тарқалиш олдини олишга киришдилар. Коронавирус пандемиясидан кейин ҳар қандай юқумли касалликка нисбатан ҳадик пайдо бўлгани туфайли кўпчиликнинг диққат-эътибори маймун чечагига қаратилди. Бельгия ҳатто бу касалликка чалинганларни 21 кунлик карантинга олишини эълон қилди.
ЖССТ маълумотларига кўра, 21 майга келиб, дунёда бўйича бу касалликнинг 90 га яқин тасдиқланган ҳолатлари қайд этилган. Яна 30 га яқин одам ушбу касалликка чалинганликда гумон қилинмоқда. Бу касаллик ёки асоратлари туфайли ўлим ҳолатлари кузатилмаган.
Кимлар дучор бўлмоқда?
Европадаги илк ҳолат жорий йилнинг 7 майида Буюк Британиянинг Нигерияга бориб қайтган икки фуқаросида қайд этилди. Кейинчалик бошқа давлатларда, қитъаларда, жумладан Европага бориб келган сайёҳларда ҳам учрай бошлади. Касалланганларнинг аксарияти 20–40 ёш орасидаги эркаклар эди. Бу ерда яна бир муҳим ва нозик жиҳат бор – 9 ҳолатнинг 6 тасида касалланганлар бесоқолбозлар бўлишган.
Касалликнинг айни даврдаги юқиши бўйича якуний хулосаларга келинмаган. Чунки унинг узоқ вақтдан бери ўрганилган юқиш йўллари, яъни бемор ёки инфекция ташувчи ҳайвон билан яқин контактда бўлиш, кўз шиллиқ қаватлари, нафас йўллари ва зарарланган тери орқали вирус ўтиши бугунги давр воқелигига мос келмай қолди. Ҳозир британиялик олимлар вирус жинсий алоқа йўли билан ҳам юқишини исботлаган ва бугун мана шу йўл ўрганиш ҳамда зарур чораларни кўриш учун энг устувор бўлиб турибди. Аммо жинсий алоқа билан ўтиш ҳам захм, гонорея каби касалликлар юқиши сингари одатдагидек кечмаслиги ҳали чуқур тадқиқотлар зарурлигини англатади.
Кечиши
Маймун чечаги ҳали кўпчиликни қамраб олмаган ва ўлимларга сабаб бўлмаган бўлса-да, машҳур бўла олди. Коронавирус пандемияси туфайли ҳар қандай вирусга нисбатан қўрқув ўз ишини қилди. Бу касаллик асосан тери ва шиллиқ қаватларни зарарлаш билан кечади ҳамда элементар чоралар кўриш билан ҳам даволаниб кетиш мумкин.
Лекин хавотирларда ҳам жон бор. Маймун чечаги ҳам одамзодни даҳшатга солган чин чечак касаллиги билан бир оиладаги Poxviridae вируслар таркибига киради. Чин чечак ўрта асрларда инсониятга чин маънода қирғин солган ва унга чалинганлар 20 фоиздан 90 фоизгача ўлим топишган. Тиббиёт фақат эмлаш орқали бу касалликни жиловлай олди. Маймун чечаги тарқалишида яхши хабар шуки, чин чечакка олинган вакциналар бу вирусга қарши ҳам самарали. Ёмон хабар эса касаллик йўқ қилингани сабаб чин чечакка қарши эмлаш тўхтатилган.
Касаллик юқори ҳарорат, бош оғриғи, бел ва мушаклардаги оғриқ ва юқори ҳолсизлик билан кечади. Ҳарорат тушиши билан аввал юзда, сўнг баданда ва ниҳоят қўл-оёқларда тошмалар пайдо бўлади ҳамда улар қаттиқ қичийди. Шишлар аста-секин қурийди, аммо чандиқ қолдиради. Касаллик одатда 2-3 ҳафта давом этади ва кўп ҳолларда ўзи ўтиб кетади.
Мутация хавфи
Замонавий вируслар дарҳол диққатни тортиб хавотирга солаётганининг асосий сабаби ҳам тезкор мутациядир. Чўчқа, парранда гриппи, коронавирус ҳам мутацияланиши туфайли тиббиётни доғда қолдирганди. Бу ҳолат маймун чечагида ҳам кузатилиши ҳеч гап эмас.
Айни пайтда маймун чечагининг икки асосий штамми аниқланган – Марказий Африка ва Ғарбий Африка штаммлари. Британияга Нигериядан қайтган илк беморлар нисбатан енгил кечувчи Ғарбий Африка штаммига чалингани тахмин қилинмоқда. Чунки бу штаммда Африканинг оғир ҳудудларида ҳам ўлим кўрсаткичи 1 фоиздан ошмаган. Бу яхши хабар бўлса-да, олдинда оғир кечувчи Марказий Африка штамми ҳам кутиб турган бўлиши мумкинлигини билдиради. Ҳозирча янги штаммлар қайд этилмаган.
Пандемия хавфи ёки фармбизнеснинг навбатдаги ўйини?
Пандемия хавфи йўқлиги аниқ. Чунки маймун чечаги коронавирус сингари янги ва юқиши тезкор касаллик эмас. Шу билан бирга, коронавирусга қарши кураш ҳамон давом этмоқда ва одамлар элементар профилактикага ўрганишди. Бу нафақат маймун чечаги, балки бошқа юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишда ҳам қўл келмоқда.
Гигант компанияларнинг дори савдосини ошириш бўйича ҳаракатларига оид исботланган факт йўқ. Лекин ҳар қандай эпидемия ёки пандемия уларнинг чўнтагини тўлдириши аниқ. Одам бу тузоққа тушмаслиги учун ўзини эҳтиёт қилиши лозим, чунки касаллик юқиш йўллари тушунарли.
Ўзбекистонда...
Мамлакатимизда маймун чечаги қайд этилмаган. Аммо бу эҳтиёткорликни сусайтириш мумкинлигини англатмайди. Чегаралар очиқ, икки йил давомида ёпиқ бўлган йўналишлар, қатновлар деярли бутунлай тикланди. Энди уларни қайта ёпиш амалда имконсиз ва самара бермайди ҳам. Ягона чора – профилактика.
Тасодифий хабарлар
Расман! Шавкат Абдураззоқов Наманган вилоятига ҳоким этиб тайинланди
Жаҳонга коронавируснинг янги турлари хавф солмоқда
Энди машинанинг орқа ўриндиғидаги йўловчилар ҳам камарларни тақиб олиши керак
Қизлар мактабларда миллий рўмол ва дўппида бўлишлари мумкин
Президент “Uzbekistan Airways”дан норози. Авиакомпанияни ислоҳ қилиш туркларга топширилди