Исроилда парламент сайловларида Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукмрон коалиция ва унинг рақиблари ҳукумат тузиш учун зарур бўлган кўпчилик ўринни қўлга кирита олмаслиги мумкин. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Исроилнинг 3 та йирик телеканали эълон қилган натижаларга кўра, собиқ ҳарбий бошлиқ Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки парламентда 51–53 та ўринни, Нетаньяху бошчилигидаги ўнг қанот коалицияси эса тахминан 50–52 та ўринни эгаллаши мумкин. Ҳукумат тузиш учун 120 ўринли парламентда камида 61 та депутат ўрни талаб этилади.
Дастлабки прогнозларга кўра, араб партиялари парламентда 18–19 та ўринга эга бўлиши мумкин. Шу сабабли янги ҳукуматни шакллантиришда улар муҳим роль ўйнаши кутилмоқда. Бироқ Нетаньяху араб партияларига таянадиган ҳукумат тузишга қарши эканини билдирган. Айзенкот бошчилигидаги мухолифат эса улар билан муайян шартлар асосида ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Сайловдан кейин Айзенкот ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, улар тарих яратганини айтди. Унинг таъкидлашича, сайловчилар қарори барча Исроил фуқаролари манфаатларини ҳисобга оладиган барқарор ҳукумат тузишга хизмат қилиши керак.
Собиқ бош вазир Яир Лапид эса Нетаньяху бошчилигидаги блок сайловда жиддий мағлубиятга учраганини билдирди.
Нетаньяху ҳам ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, ўнг қанот блоки кўпчиликка эга эканини таъкидлади ва кучли миллий ҳукумат тузишга чақирди. Бироқ телеканалларнинг янгиланган exit-poll натижаларида икки блок ўртасидаги фарқ жуда кичик экани кўрсатилди.
Исроил Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, сайловчиларнинг 77,7 фоизи овоз беришда қатнашган. Бу 1999 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Расмий натижалар эълон қилиниб, сиёсий фракциялар билан маслаҳатлашувлар ўтказилгач, Исроил президенти ҳукумат тузиш имконияти энг юқори деб ҳисобланган партия етакчисига коалиция шакллантиришни топширади. Бу жараён бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Агар сиёсий кучлар келишувга эриша олмаса, мамлакатда парламент сайловлари яна ўтказилиши эҳтимоли бор.
Сайлов 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигидаги ҳужум ва ундан кейин Ғазо, Ливан ҳамда Эронда юз берган урушлардан сўнг ўтказилган илк парламент сайлови бўлди.
Сайловолди кампаниясида 7 октябрь ҳужумига олиб келган хавфсизликдаги камчиликлар учун жавобгарлик, минтақадаги урушлар, ҳарбий хизмат мажбуриятларини тақсимлаш, суд ислоҳотлари ва Исроилнинг халқаро майдондаги мавқеи асосий масалалар қаторида бўлди.
Исроил Марказий сайлов комиссияси овоз бериш вақтини узайтириш ҳақидаги мурожаатларни рад этган. Комиссия сайловчиларнинг юқори фаоллиги муддатни узайтириш учун асос бўла олмаслигини билдирган.
Якуний натижалар exit-poll кўрсаткичларидан фарқ қилиши мумкин.
Тасодифий хабарлар
“Оmicron” ва “дельта” штаммлари бир вақтнинг ўзида юқиши мумкинлиги аниқланди
Ўқитувчиларни мактабни тозалашга жалб этган директор жаримага тортилди
Расман: Рамазон ойи бошланадиган сана эълон қилинди
Коронавирус билан боғлиқ ҳозирги вазият жуда хавфли — ЖССТ
Тезкор: Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари мажбуран урушга жўнатилиши мумкин