Ёшларга сифатли таълим ва тарбия бериш асосий вазифа ва бурчга айланди – Мирзиёев

Ёшларга сифатли таълим ва тарбия бериш асосий вазифа ва бурчга айланди – Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги вақтда дунё нотинч ва мураккаб бўлиб бораётганини, тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадри ва адолат – энг олий қадрият экани ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда у бугун, 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда сўз очди.

“Юксак билимли, дунёқараши кенг, замонавий фикрлайдиган, технологик саводхон ёшлари кўп бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт, ўзаро жипслик ҳамиша барқарор бўлади.
Ёшларимизга сифатли таълим ва тарбия бериш, замонавий касб ва ҳунарлар, хорижий тилларни ўргатиш, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун зарур шароитлар яратиш энг асосий вазифамиз ва бурчимизга айланган”, деди Президент.

Яқинда бутун Ўзбекистонда узоқ кутилган катта футбол байрами бўлиб ўтди. Ўзбекистонликларнинг 34 йиллик орзуси ушалди – миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. 

“Яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.
Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда.
Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. 
Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!”, деди Президент.


×