Жорий йилнинг май ойида Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди.
Шу мақсадда учта ҳудуд танланиб, 50 гектар майдонда 86 та 5 қаватли уй-жой барпо этилди. Хусусан, Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40 та ҳамда Оқолтин тумани “Навбаҳор” маҳалласида 9 та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 минг 640 хонадон бор.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида бугун, 13 октябрь куни яна Сирдарё вилоятига келди. Давлат раҳбари дастлаб Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласига ташриф буюрди.
"Сув тошқини жуда катта талафот бўлди. Ҳам фожиа оқибатларини бартараф этиш, ҳам қисқа муддатда одамларни рози қилишимиз керак эди. Бунга унча-мунча давлатнинг дош бериши ўзи бўлмайди. Ҳар бир одам билан гаплашдик. Вазирликлар, ҳудудларни жалб қилиб, тезкор иш ташкил этилди. Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди", дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент Матбуот хизматининг қайд этишича, илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ бўлмаган. Энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Яна бир муҳим томони – янги уй эгаларининг аввалги ҳовлилари ҳам ўзларида қолган.
Давлат раҳбари ўша қийин кунларда бутун халқ жипслашиб ҳаракат қилганига катта эътибор қаратди.
"Бутун мамлакатимиздан мутахассислар келди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятнинг ўз кўчаси бор. Қудратимиз борлигига, бирлашсак, меҳрли бўлсак, кўп ишларни амалга оширишимизга ҳамма инонди", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бу маҳалла "Янги Ўзбекистон" деб номланган.
"Янги Ўзбекистон" дейилганида ҳам маъно бор. Агар халқимизга маъқул бўлса, бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қурамиз. Ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этамиз. Умуман олганда, қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак", дейди Президент.
Янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.
Турар жойларни эксплуатация қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тасодифий хабарлар
Эртага сайлов: Жазо ўтаётган қанча маҳкумлар овоз беради?
ЙПХ ходими сизни тўхтатганда қандай ҳуқуқларга эга эканингизни биласизми?
Талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Россия босқинидан сўнг икки аҳоли пункти ЛХР қўлига ўтди
Davlat boshqaruvi akademiyasi dekani Otabek Hasanov: Agar jamiyatda yana shunday hokim o‘rinbosari chiqsa, bizga qiyin bo‘ladi