Эрон билан бўлган қуролли тўқнашув давомида Исроилга етказилган моддий зарар 10 миллиард шекелга (тахминан 3 миллиард долларга) тенг. Бу ҳақда Исроил Молия вазирлиги ва солиқ хизмати берган маълумотларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу рақамлар фақатгина ракеталар билан зарарланган биноларни тиклаш ва маҳаллий бизнесга товон тўлаш харажатларини қамраб олади. Ишлатилган қуроллар ва ҳаво мудофаа тизимларининг ўрнини босиш харажатлари эса бу ҳисоб-китобга киритилмаган.
Исроил Солиқ бошқармаси раҳбари Шай Аароновичнинг сўзларига кўра, бу мамлакат тарихидаги энг йирик моддий талафотдир. Молия вазири эса урушнинг умумий харажатлари 12 миллиард долларга етиши мумкинлигини айтган. Исроил Марказий банки раҳбари Амир Ярон эса бу рақамни анча паст, тахминан 6 миллиард долларга баҳолаган.
Маълум қилинишича, янги уруш оқибатида иқтисодий қийинчиликлар янада кучаймоқда. Марказий банк илгари 2025 йил учун ЯИМ ўсишини 3,5 фоиз деб прогноз қилган бўлса-да, бу рақам қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Эрон билан бўлган уруш аввалги ҳарбий тўқнашувларга қараганда анча қимматга тушган. Сабаби бу сафар ракета ҳужумлари асосан марказий Исроилдаги зич аҳоли яшайдиган шаҳарларга, жумладан Тель-Авив агломерациясига қаратилган бўлиб, у ерда мамлакат аҳолиси ярмидан кўпи истиқомат қилади.
Шунингдек, Эрон томонидан ишлатилган ракеталарнинг аксарияти камида 500 килограммлик жанговар каллакларга эга бўлиб, ўқ узилганда парчаланадиган ўқ-дориларни ўз ичига олган. Исроил разведкаси ҳисобига кўра, можаро бошланишидан олдин Эронда шундай 2000–2500 та ракета бор эди ва улардан тахминан ярми сақланиб қолган.
Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш
13 июнь куни Исроил Эрон ҳудудига дрон ва ракеталар орқали ҳужум бошлади. Бу ҳаво ҳужумлари деярли икки ҳафта давом этди ва фақатгина 24 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш қароридан сўнг якунланди.
Исроил расмийси берган маълумотларга кўра, ҳужумлар оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 1300 дан ортиқ киши тан жароҳати олган. Эрон эса 627 нафар фуқароси ҳалок бўлганини билдирган.
Тасодифий хабарлар
Дунёга энг катта хавф солаётган мамлакат номи айтилди!
Яқин соатлар ичида коронавирусга чалинганлардан кўра икки баравар кўп бемор тузалди
Рим папаси барчани Рамазон рўзасини тутишга чақирди
Тошкентдаги иккита муҳим йўлда юк машиналари ҳаракатини тақиқлашмоқчи
Россияда хорижлик талабаларга патентсиз ишлашга рухсат берилди