Расул Кушербаев: «Мен «ёмон» депутатман!»

Расул Кушербаев: «Мен «ёмон» депутатман!»

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Ички ишлар вазирлигининг интернет тармоғидаги расмий саҳифасида тарқатилган «босар-тусарини билмай қолган депутат» ҳақидаги видеолавҳага ўз муносабатини билдирди.

У шундай ёзади:

Видеони кўрдик ва тегишли хулосалар чиқардик. Беш дақиқалик видеода камида 13 марта «депутат» сўзи тилга олинибди. «Депутат» фуқаро эмас ва унинг ҳуқуқбузарлигига фуқаро сифатида эмас, депутат сифатида баҳо берилмоқда.

Ички ишлар тарғибот йўналишида ҳуқуқбузарларни фуқаро сифатида эмас, жамиятда эгаллаган мансаб ва даражасига қараб ёритиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган кўринади. Ўйлашимча, яқин вақтларда «босар тусарини билмайдиган «тадбиркор», «прокурор», «ҳоким», «солиқчи», «милиция» каби видеолар ҳам чиқса керак, агар тенглик ва ажратиш бўлмаса, албатта. Чунки ҳамма ҳам одам, хато қилиши мумкин. Кўрамиз.

Водийдаги маҳаллий Кенгаш депутатларининг қилган ҳуқуқбузарликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди ва мен ҳам ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига нисбатан бундай муносабатни тоқат қилиб бўлмас ҳолат, деб биламан. Депутатми бошқами ҳамма қонунга бўйсуниши шарт. Ва мана шундай синовли кунларда жамиятда тартибни сақлаш, карантин тадбирларини ташкил этишда ички ишлар ходимларининг катта хизмат қилаётганлигини кўриб билиб турибмиз. Уларга ҳам осонмас. Улар орасида менинг ҳам кўплаб дўст биродарларим бор, барчасининг отасига раҳмат!

Бироқ видеодаги ҳолатни баён этишда барча даражадаги депутатларга нисбатан шундай баҳо беришга уриниш бор, гўёки шу йўл билан «бир хуморидан чиқмоқчи» бўлган кимдир.

Энг қизиғи, видеода шифокорларнинг ёнини олган Олий Мажлис депутатининг «Халқ сўзи» газетаси интернет сайтида эълон қилган муносабатини умуман керакмас жойда мажбуран тиқиштириб тилга олинаётгани кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Булар бошқа-бошқа ҳолатку. Билмадим-у бундан яна бир ниманинг ҳиди келаяпти. Лекин «заказ» демадим ҳали.

Олий Мажлис депутатининг ушбу муносабатидаги фактларни менам исботлашга тайёрман, одамлар депутатга чиқиши табиий, бироқ «қўй, карантин вақтида оғирроқ бўлайлик, ҳозир нозик вақт», деб турибмиз. Аммо кимлардир вазиятдан фойдаланиб «тош от, тош от» ўйини қилаётганлиги таъбни хира қилаяпти.

Видеода ИИВ масъуллари қонунларни тилга олиб, депутатлар ҳам унга риоя этиши кераклигини қайта-қайта эслатибди. Бўларкану мана, бунинг учун уларга катта раҳмат ва фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам ички ишлар масъулларига бир нарсани эслатиб, сўрамоқчи эдим.

Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш келтирилмаган. Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига тиқиб қўйиш ноқонунийдир. У ерда турган ҳар бир кун учун тўлов ҳам бор. Негадир бунга кўз юмишга ҳаракат қилинаяпти. Кодекс бу – қонун. Қарор, топшириқ, буйруқлар қонундан устунмас.

ИИВ юқорида эслатиб ўтгандек, энди мен ҳам қонунга кўра, депутат сифатида бундай қонунбузилишига чек қўйишни талаб қилиб чиқсам, менинг қонуний талабим ё карантин тадбирига қарши тарғибот, сиёсатга қаршилик, «популизм» деган гаплар билан байроқ қилинади. Шундай бўхтонлар билан мендан душман ясаб раҳбарларга кириб ёмонланади: мен ҳамма нарсага қарши, тушунмайдиган, ёмон депутатман. Шундай эмасми?

Йўқ, энди депутат сифатида менам талаб қилдим, қонунга барча бўйсунсин! Зеро, ички ишлар ходимининг ҳам, депутатнинг ҳам қонуний талабларига буйсунмаслик жавобгарликка сабаб бўлади ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Қани бўлмасам, ё қонун талабига бўйсуниб, ноқонуний ҳаракат қилишга чек қўяйлик ёки нохолис, «популист», ўқимаган, ёмон депутат, деб мендан «фил» ясайлик.

Аслида шундай кунларда оғирроқ бўлайлик, «тош от, тош от» қилмайлик деб юргандим. Адашибман шекилли, лекин ҳалиям шу – оғирроқ бўлайлик.

Талабим натижасини кутаман, – дея ўз муносабатини якунлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

×