Арманистон таслим бўлди. Тоғли Қорабоғда уруш тугайди

Арманистон таслим бўлди. Тоғли Қорабоғда уруш тугайди

Тоғли Қорабоғда уруш тўхтади. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Ҳукумат раҳбари Facebook’даги расмий саҳифасида баёнот берди. 

Пашинян уруш тўхтатилиши учун жуда оғир ва қийин баёнот имзолаганини маълум қилган. Унда шундай дейилади:

“Азиз ватандошлар, опа-сингиллар ва ака-укалар.

Мен ўзим ва сизлар учун жуда қийин қарорни қабул қилдим.

Мен Россия ва Озарбойжон президентлари билан Қорабоғ урушини [10 ноябрь куни] соат 01:00 да тўхтатиш ҳақида баёнотни имзоладим. Эълон қилинган баёнотнинг матни шахсан мен учун ва халқимиз учун ниҳоятда оғриқли.

Мен бу қарорни ҳарбий вазиятни чуқур таҳлил қилиб ва ундан яхши хабардор бўлган одамларнинг баҳолашларига кўра қабул қилдим. Шунингдек, қарорим ҳозир пайдо бўлган вазиятда бу мавжуд энг яхши ечим эканлигига асосланган. Буларнинг барчаси ҳақида яқин кунларда батафсил гапириб бераман.

Бу ғалаба эмас, лекин токи сиз ўзингизни мағлуб ҳисобламас экансиз, мағлубият ҳам эмас. Биз ҳеч қачон ўзимизни мағлуб санамаймиз, бу бизнинг миллий бирлигимиз ва уйғониш асримизнинг ибтидоси бўлиши лозим.

Биз келажагимизни режалаштириб, ўтмиш хатоларини такрорламаслигимиз учун мустақиллик йилларимизни таҳлил қилишимиз керак.

Мен барча шаҳидларимиз олдида тиз чўкаман. Ватанини жони билан ҳимоя қилган ва қилаётган барча аскарларимиз, зобитларимиз, генералларимиз, кўнгиллиларимиз қаршисида эгиламан. Улар Арцах арманларини қутқаришда жонбозлик кўрсатишди.

Биз охиригача курашдик. Ва биз ғалаба қозонамиз. Арцах турибди.

Арманистонга шон-шарафлар! Яшасин Арцах!

Никол Пашинян”.

Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков Тоғли Қорабоғда урушни буткул тўхтатиш ҳақида қўшма баёнот имзолаганини тасдиқлади.

“Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва РФ Президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида қўшма баёнот имзолади”, деган Песков.

Аввалроқ, Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги энг муҳим шаҳар Шушани назоратига олгани ҳақида хабар берган эдик. Навбатдаги мўлжал эса Қорабоғ пойтахти Хонканди (Степанакерт) шаҳри бўлиб турганди.

Тоғли Қорабоғ можароси

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди. 

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.

×