«Доридан заҳарланиш эҳтимолини рад этиб бўлмайди, лекин аниқлаш учун вақт керак»

«Доридан заҳарланиш эҳтимолини рад этиб бўлмайди, лекин аниқлаш учун вақт керак»

Чустда юздан ортиқ болаларнинг заҳарланиши ва шифохоналарга мурожаат қилиши бутун Ўзбекистонда ваҳима уйғотди. Аввало бу қадар кўп болаларнинг заҳарланиши қўрқитган бўлса, иккинчидан мамлакат бўйлаб йод препаратларини берилиши бошланган ва кўпчилик уни қабул қилишга ҳам улгурганди. Xabar.uz вазиятга аниқроқ баҳо бериш учун Чустда ташкил этилган тезкор штаб вакили, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Чориев билан боғланди.

– Отабек Нормўминович, айни пайтда нималар қилиняпти?

– Бу хабар олиниши билан вазир томонидан тезкор ишчи гуруҳ тузилди ва зудлик билан Чуст томон йўлга чиқдик. Гуруҳ таркибида вазирлик ходимлари, малакали инфекционист, эпидемиолог ва реаниматор шифокорлар бор. Шунингдек, гуруҳга дори воситалари назорат қилувчи мутахассислар ҳам киритилган. Тунда туманга етиб келдик ва вазиятни атрофлича ўргандик.

Умумий олганда, шифохоналарга мурожаат қилган болалар сони чиндан ҳам юздан ортиқ. Улар субфебрил (енгил) ҳарорат ва кўнгил айниши, қайт қилиш шикоятлари билан мурожаат қилишяпти. Шукрки, бемор болажонлар орасида оғир аҳволдагилар йўқ, реанимацион ҳолатлар ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз.

– Шифохоналарда жой етмай қолгани тўғрисидаги хабарларни қандай изоҳлайсиз?

– Ҳар бир туманда тиббий бўлимлар маълум койкалар сонига эга. Бундай фавқулодда вазиятларда эса зудлик билан қўшимча ўринлар тайёрланади. Чустда ҳам бошқарма тезкорлик билан бошқа бўлимларда ўринлар ажратган, маҳаллий ҳокимият каравотлар етказди, айни пайтда бу муаммо тўла бартараф этилган.

Нафақат жой, балки дори-дармонлар ва тиббий воситалар билан ҳам тўла таъминланган.

– Заҳарланиш сабаби ҳаммани қизиқтириши табиий...

– Бу борада ҳозирча расмий жавоб бера олмайман. Фақат асосий тахминларни билдиришим мумкин. Биринчи тахмин – овқатдан заҳарланиш. Бу борада аниқ жавоб олиш учун мактабгача таълим муассасаларидан егуликлар намуналари олинди ва ҳам маҳаллий, ҳам пойтахтдаги лабораторияларга жўнатилди. Айни пайтда жавобларни кутяпмиз.

Иккинчи тахмин – дори воситаларидан заҳарланиш. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича 5198-қарорига кўра мактабгача таълим муассасалари йод препаратлари билан таъминланиши кўзда тутилган ва бу болалар ҳам шу препаратларни қабул қилишган. Лекин бу дори воситалари бутун республика бўйича тарқатилган, заҳарланиш фақат Чустда кузатилиши нотабиий. Шу боис бундай препаратлардан ҳам намуналар олиниб, махсус лабораторияларимизга жўнатилди. Олинган жавобларга кўра алоҳида маълумот берамиз.

Айни пайтда ички ишлар ходимлари барча препаратлар ва егуликларни йиғиб олган, бош прокуратура терговга қадар текширувлар олиб бормоқда.

– Нима бўлганда ҳам юзлаб болалар заҳарланиши ваҳима уйғотади. Вазирлик номидан ота-оналарга нима деган бўлардингиз?

– Албатта, халқимизнинг ҳадигини тўғри тушуниш лозим. Айниқса, яқиндагина дори воситаларидан заҳарланиш бўйича оғир ҳолат кузатилган бир пайтда. Лекин ишонинг, Чустдаги ҳолат мутлақо бошқача, болалар ўткир заҳарланиш билан мурожаат қилишган ва ҳаммасининг аҳволи стабил. Кечанинг ўзида 9 нафар, бугун тонгда 15 нафар болаларга жавоб берилди, кун давомида соғайганлар кўрсаткичи анча ошади. Улар уйларида ҳам кузатув остида бўлишади.

Ваҳимага яна бир сабаб ота-оналар соғлом болаларини ҳам текширишга олиб келишяпти. Уларни ҳам албатта қабул қиляпмиз. Шифокорлар барчаларини кўрикдан ўтказиб, хотиржам қилиб жўнатишяпти.


×