Аёл борки –олам мунаввар

Аёл борки –олам мунаввар

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг фаол иштирокини инобатга олган ҳолда уларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини янада ошириш, турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида  ҳам худди ана шу долзарб масалалар қамраб олинди.

Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, Наманган вилоят Адлия бошқармаси, Косонсой туман Адлия бўлими ҳамда “Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш Косонсой туман бўлими билан ҳамкорликда Косонсой туманидаги 4-сонли Мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган давра суҳбатида ҳам Президентимиз томонидан видеселектор йиғилишида ҳам илгари сурилган муҳтарама аёлларга оид энг долзарб масалалар азиз опа-сингиллар, онахонларнинг эътиборига етказилди.

Хусусан, Президентимиз томонидан мазкур селектор йиғилишида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилаётганлиги, аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилиб, хусусан қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши борасида улар учун таълим шароитларини кенгайтириш, 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқиш” дастури доирасида, хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилиши, Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилиши айтилганлиги йиғилиш иштирокчиларининг эътиборига етказилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 июлдан бошлаб алиментдан бўлган қарздорликни давлат тўлаб берилиши, кейинроқ мажбурий ижро бюроси қарздордан қарзларни бюджетдан ундирилиши каби муҳим янгилик ҳам фарзандлар учун алимент олишдаги энг катта муаммо ҳам ўз ечимини топишидан далолатдир.

Шунингдек, давра суҳбати иштирокчиларига давлатимиз томонидан Ўзбекистонда ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилиши, янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши ҳақидаги хабар ҳам йиғилиш иштирокчиларига жуда катта янгилик бўлди.

Давра суҳбатида Наманган вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Ядгарова, Косонсой туман Адлия бўлими бошлиғи Қ.Авезматов ҳамда “Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш Косонсой туман бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари В.Тожибоева сўзга чиқиб, аёлларимизга ҳозирги кунда тиббиёт соҳасида яратилаётган шарт-шароитлар, ёрдамга муҳтож аёлларга субсидия асосида уй-жойларни ажратиб беришдаги талаблар, меҳнат қонунчилигида аёлларга белгиланган имтиёзлар хусусида маърузалар қилдилар.

Йиғилиш якунида йиғилиш иштирокчилари бўлган опа-сингилларнинг оила, никоҳ, уй-жой, мерос, алимент ундириш каби масалаларга оид саволларига жавоб берилиб, сайёр қабуллар ташкил этилди.

Муҳайё ДЕДАМИРЗАЕВА,

Наманган вилоят судининг судьяси

×