Мисрдан Ўзбекистонга гепатит Сга қарши дорининг ўнинчи партияси етказилди

Мисрдан Ўзбекистонга гепатит Сга қарши дорининг ўнинчи партияси етказилди

Шу йил 15 июль куни «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган «С» гепатитига қарши «Даклатасвир» дори воситасининг ўнинчи қисмини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур инсонпарварлик ёрдамида Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 20-21 февраль кунилари Мисрга амалга оширилган расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг «Гепатит С» касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш бўйича» сайловолди ташаббусининг ижроси доирасида Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижасида амалга оширилди.

Умумий ҳажми 114 қутида 3 минг донадан ортиқ «Daclatasvir-60 mg» дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.

Қайд этиш жоизки, Миср гепатит «В» ва «С» вирусларига қарши курашда дунё миқиёсида сезиларли муваффақиятларга эришган.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай фориғ бўлган ва бу ҳақида вазир Халид Абдуғаффор жорий йилнинг 21-30 май кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 76-сессиясида маълум қилди. Халқаро ташкилот мутахассис ва экспертлари Мисрнинг ушбу йўналишдаги ютуқларини ўрганди ва жорий йилнинг июнь ойида тегишли ҳисобот эълон қилиши ҳамда гепатит «С» вируси батамом барҳам топилгани ҳақидаги шаҳодатнома Миср ҳукуматига тақдим этилиши кутилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, Миср ҳукумати мазкур ютуқларга эришиш учун «100 миллион соғлом ҳаёт» миллий дастурни ишлаб чиқиб, уни муваффақиятли амалга оширмоқда. Бунда асосий эътибор дунёнинг машҳур фармацевтика компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтиришга қаратилмоқда.


×