Бугундан бошлаб барча дон ва ун очиқ биржада сотилади

Бугундан бошлаб барча дон ва ун очиқ биржада сотилади

Бугун дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этишга оид Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз каналида маълум қилиб ўтган.

Қарорда айтилишича:

• жорий йилда 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилган;

• I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш натижасида ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда.

Шунга кўра, 2019 йил 15 октябрдан қуйидаги тартиб ўрнатилади:

— «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади;

— давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади;

— ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 млн 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Молия вазирлиги томонидан қопланади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси кўпайтирилади.

Жумладан, қуйидагилар 50 минг сўмга ошади:

— ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа;
— боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага);
— болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа;
— 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа;
— белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчи ҳар бир пенсия олувчига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси;
— маҳаллалар томонидан 2 ёшгача бўлган болалар парвариши учун тайинланган нафақа;
— моддий ёрдам олувчи оилага бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси;
— 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақа;
— белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчиларнинг нафақа ва пенсиялари.

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокурорлари чакана савдо шахобчаларида ун ва қолипли ноннинг истеъмолчиларга узлуксиз етказиб берилиши устидан кунлик қатъий назорат ўрнатади ҳамда 2020 йил 1 январгача ҳар ҳафтада Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумотлар киритиб боради.

×