Туркиядаги зилзилалардан сўнг Ўзбекистон аҳолисини мамлакатда ҳам худди шундай зилзилалар бўлиш эҳтимоли қизиқтирмоқда. Сейсмология институти олимлари ўтмишда бир неча зилзилаларни башорат қилишган. Нима учун барча зилзилаларни башорат қилиб бўлмайди? «Газета.uz» олимлар билан шу ҳақда суҳбатлашди.
Туркияда содир бўлган вайронкор зилзилалардан сўнг Ўзбекистон аҳолисида мамлакатда ҳам шундай кучли зилзилалар содир бўлиши мумкинми, деган савол пайдо бўлди. Айрим Telegram каналлар аҳолининг қўрқувидан фойдаланиб, Тошкентда даҳшатли зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақида постлар тарқата болшлади.
Ҳозирча ҳеч қайси давлатда зилзилани юқори аниқлик билан башорат қилишнинг имкони йўқ. Бироқ, мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда бунинг устидаги ишлар давом эттирилмоқда. Ўнлаб йиллардан бери сейсмик фаоллик прогнозлари ҳар ҳафта тузилиб, масъул идораларга тақдим этиб келинмоқда. Тарихда Ўзбекистон олимлари зилзилаларни муваффақиятли башорат қилган бир неча ҳолатлар бўлган. Нима учун барча зилзилаларни олдиндан башорат қилиб бўлмайди? «Газета.uz» Фанлар академияси Сейсмология институти мутахассислари билан шу ҳақида суҳбатлашди.
Зилзилалар нима учун содир бўлади?
Сейсмология институти етакчи илмий ходими Роман Ибрагимов Ер ярим суюқ мантия устида «сузувчи» литосфера плиталари билан қопланганини тушунтирди. Ушбу плиталарнинг ҳаракати қаттиқ босимни келтириб чиқаради. Ушбу босим бир-бирига тегиб турган жинслар чидамлилигининг энг юқори даражасидан ошиб кетганда, плиталар силжийди. Бу вақтда сейсмик тўлқинлар шаклида энергия юзага чиқади. Ер юзасида бу зилзила бўлиб сезилади.
Роман Ибрагимов. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Замонавий литосфера саккизта катта ва кўплаб кичик плиталардан иборат. Катта плиталарнинг туташадиган жойлари кучли зилзилаларнинг аксарияти содир бўладиган сейсмик фаол камарларни ҳосил қилади. Қизиғи шундаки, сайёрадаги энг кучли зилзилаларнинг 80% дан ортиғи Тинч океани сейсмик камарларининг бирида содир бўлади. Ўзбекистон Ҳиндистон ва Арабистон плиталари билан ўзаро алоқада бўлган Евроосиё плитасида жойлашган.
Ўзбекистон ҳудудида ҳар куни ўнлаб зилзилалар содир бўлади, лекин одамлар буни сезмайдилар — зилзилаларни фақат махсус техника ҳис қила олади. Аммо ер юзида 5−6 баллик даражадаги силкинишларга олиб келиши мумкин бўлган кучли зилзилалар мамлакатда ўртача йилига бир марта содир бўлади, деди Роман Ибрагимов.
Сейсмик мониторинг
Сейсмик фаолликлар сейсмик станциялар томонидан қайд этилади. Ўзбекистон ҳудудида уларнинг сони 50 га яқин бўлиб, ушбу станциялар глобал сейсмик станциялар тармоғига киради ва бу мамлакат мутахассисларига реал вақт режимида дунёдаги барча зилзилалар ҳақида маълумот олиш имконини беради.
Зилзила пайтида унинг ўчоғида ажралиб чиқадиган энергия Рихтер шкаласи бўйича 1 дан 9,5 гача бўлган магнитудаларда ўлчанади (балларда эмас). Балларда эса Ер юзасидаги силкинишнинг интенсивлиги (кучлилиги) ўлчанади. Бу ерости силкинишларининг ташқи аломатлари — биноларга, одамларга ва бошқаларга таъсир қилиш даражаси билан боғлиқ. Қурилмалардан ташқари, нафақат мутахассислар, балки оддий аҳоли ҳам ўз сезгилари орқали интенсивликни аниқлай олишади.
Зилзиланинг интенсивлиги фақат эпимарказнинг катталиги ва чуқурлигига боғлиқ эмас, дейди Сейсмология институти майдонларнинг геофизик ўзгаришлари лабораторияси мудири Қахарбай Абдуллабеков. Тупроқнинг тури ва ҳолати, ҳудуднинг геологик хусусиятлари ҳам интенсивликка таъсир қилади.
Қахарбай Абдуллабеков. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Зилзила прогнозлари
Сейсмология институти сейсмик фаолликни кузатишдан ташқари зилзилани башорат қилиш билан ҳам шуғулланади. Сейсмик режимнинг узоқ муддатли хусусиятлари, яъни турли магнитудали зилзиланинг вақт ва макон бўйича тақсимланиши ўрганилади.
Роман Ибрагимовнинг сўзларига кўра, маълум бир магнитудадаги ҳар бир зилзилага магнитудаси пастроқ бўлган зилзилаларнинг қатъий белгиланган миқдори тўғри келади. Сейсмологиядаги бу нисбат Гуттенберг-Рихтер қонунида тавсифланган. Нормадан четга чиқиш аномалия деб ҳисобланади.
«Аномалиялар — сейсмик сукунат ва фаоллашув бўлиб, унда кучсиз зилзилалар сони кескин камайиб, ёки аксинча, ортиб боради ва турли магнитудали зилзилалар ўртасидаги нисбат ҳам ўзгаради», — деб тушунтирди Роман Ибрагимов.
Унинг қўшимча қилишича, институт мутахассислари ҳозирги сейсмологик вазиятни аллақачон содир бўлган зилзилаларгача бўлган ҳолат билан солиштириб, башорат қилишга ҳаракат қилмоқда.
Бугунги кунда олимлар зилзила параметрлари ва унинг аломатлари ўртасидаги боғлиқликни билишади. Зилзила қанчалик кучли бўлса, тайёргарлик кўриш шунчалик кўп вақт талаб этади ва уни қамраб оладиган майдон шунчалик катта бўлади. Шунга асосланиб, зилзила содир бўлишини башорат қилиш мумкин.
Мутахассислар прогнозларнинг уч турини санаб ўтишди: узоқ муддатли (ўнлаб йилларга мўлжалланган), ўрта муддатли (бир неча ойдан икки ёки уч йилгача) ва қисқа муддатли (бир неча соатдан бир ойгача).
Ернинг сейсмик фаоллигини акс эттирувчи дунёнинг сейсмик харитаси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Сейсмик фаоллик тўлқинлар ёрдамида ифодаланган. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Ўзбекистондаги сейсмик фаолликлар ҳақида маълумотлар. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Ўзбекистондаги сейсмик фаолликлар ҳақида маълумотлар. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Узоқ муддатли прогнозлар GPS ва геодезия маълумотлари ёрдамида аниқланадиган ер юзасининг сейсмик режими ва деформацияси ҳақидаги маълумотлар асосида тузилади. Ўрта ва қисқа муддатли прогнозларда Ернинг магнит майдони ва ерости сувларининг газ-кимёвий таркиби таҳлил қилинади. Бироқ, бугунги кунда дунёда 100 фоизлик прогнозлаш усуллари мавжуд эмас, дейди мутахассислар.
«Агар биз ушбу прогнозларнинг муваффақияти ҳақида гапирадиган бўлсак, бутун дунё бўйлаб узоқ муддатли прогнозлар тўғри башоратлар бўйича кўпроқ фоизга эга. Зилзилагача бўлган вақт оралиғи қанчалик қисқа бўлса, ноаниқликлар сони ҳам шунчалик кўп бўлади ва зилзилани прогноз қилиш масаласи шунчалик қийинлашади. Бутун дунёда фақатгина бир нечта қисқа муддатли прогнозларгина муваффақиятли бўлади», — дейди Роман Ибрагимов.
Институт бир неча зилзилаларни муваффақиятли башорат қилган. Масалан, 1978 йилги Олой зилзиласи, 1982 ва 1984 йиллардаги Чимён ва Поп зилзилалари.
Нима учун барча зилзилаларни олдиндан айтиб бўлмайди? Мутахассисларнинг фикрича, зилзилаларни башорат қилиш хизматини ташкил қилиш учун минглаб станцияларни ташкил қилиш керак. 5 магнитудали зилзила учун улар орасидаги масофа 30−40 км бўлиши керак. Магнитуда қанча катта бўлса, станциялар орасидаги масофа ҳам шунчалик катта бўлиши керак. Бу анча қимматга тушади.
Институт мутахассислари ҳайвонларнинг ностандарт хатти-ҳаракатлари ҳам яқинлашиб келаётган зилзилага ишора бўлиши мумкинлигини, бироқ фақат уларга таяниш нотўғри эканлигини таъкидлашди.
«Зилзила аломатлари кузатилган, аммо зилзила содир бўлмаган ҳолатлар ҳам бўлган. Ёки аксинча, зилзила содир бўлади, бироқ ундан олдин аниқ хабар берувчи аломатлар бўлмайди», — деди Роман Ибрагимов.
Институт сейсмик районлаштириш хариталарини ҳам тузади. Улар мамлакатнинг ҳар бир қисмида кузатилиши мумкин бўлган максимал баллни кўрсатади. Ушбу хариталар асосида қурилиш нормалари ва қоидалари тузилади.
Ўзбекистонда сейсмик вазиятни баҳолаш ва келажакдаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича идоралараро экспертлар комиссияси фаолият юритмоқда. У ҳар ҳафта маълумотларни таҳлил қилиб, 5 баллдан ортиқ зилзила содир бўлиш эҳтимоли бўйича қарор чиқаради. Прогноз қилиш комиссиясининг хулосалари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига топширилади.
Туркиядаги зилзила Ўзбекистонда сейсмик фаолликни келтириб чиқариши мумкинми?
Сейсмология институти олимлари ўзбекистонликларнинг қўрқуви асоссиз эканлигини таъкидлади.
«Туркия ва Ўзбекистон турли сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган, — деди Қахарбай Абдуллабеков. — Туркиянинг сейсмиклиги асосан Арабистон, Африка ва Евроосиё плиталарининг ўзаро таъсири билан белгиланади. Ўзбекистон ҳудудидаги сейсмиклик кўп жиҳатдан Ҳиндистон ва Евроосиё плиталарининг алоқаси билан боғлиқ».
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Қахарбай Абдуллабековнинг сўзларига кўра, бу плиталарнинг сейсмик туташуви Афғонистон ҳудудида жойлашган бўлиб, у ерда чуқур фокусли зилзилалар тез-тез содир бўлади (ўртача 130 км чуқурликда). Бироқ Ўзбекистонга бу сейсмик фаолликнинг фақат акс-садоларигина етиб келади.
Manba: Gazeta.uz
Тасодифий хабарлар
Тарихий фактлар Каримовнинг 2 сентябрда эмас, 28 август куни вафот этганини тасдиқламоқда
Қирғизистонда ўзбекистонлик курашчига қарши тергов ишлари олиб борилмоқда
Бу йил Ўзбекистонда қайси автомобиль энг кўп сотилгани маълум қилинди
Наманганда 31 яшар йигит жиянининг севгилисини бир муштда ўлдирди
Расман: тўловлар оширилмоқда