Фарғоналик журналист ва блогер 21 млн сўм жаримага тортилди. Кушербоев Олий судга талаб билан чиқди

Фарғоналик журналист ва блогер 21 млн сўм жаримага тортилди. Кушербоев Олий судга талаб билан чиқди

Фарғоналик таниқли блогер ва журналист Олимжон Ҳайдаров намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш ҳамда ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб 21 миллион сўм миқдорда жаримага тортилди. Бу ҳақида Олий суд расмий ахборот билан чиқди.

“Бугун жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бўйича блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқубузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди”, дейилган расмий ахборотда.

Маълум бўлишича, суднинг қарори билан блогер Ҳайдаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг юқорида кўрсатилган моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари (21 000 000 сўм) миқдорида жарима солинди”, деб ахборот берилган Олий суд хабарида.

Блегернинг ўзи эса Facebook саҳифасида ҳақиқатан ҳам жаримага тортилганини ёзиб, одамларни ташқарида “фикр полицияси” юрганидан огоҳлантирган.

“Ташқарида -5 (водийда шундай, Бухоро, Нукус томонларда -20 дейишмоқда) даража совуқ, хонадонларда на газ, на электр бор, борларига ҳам тайинли берилмайди, метан газ заправкаларда газ йўқ, Пропан ва бензин заправкаларда эрталабдан кмлаб навбатлар. Кўпчилик одамлар қиш кирганига эндигина 15 кун бўлган бўлса-да, аллақачон қиш учун ғамлаган захирасини ярмидан кўпини ишлатиб бўлишди.
Лекин бу ҳақда бирор жойда гапириб юрманглар. Атроф тўла “фикр полицияси” ходимлари юришибди. Ё жаримa қилишади, ё қамашади”, деган Ҳайдаров.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев эса Олимжон Ҳайдаровнинг "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни бузган, деб топилиб, бунинг учун унга жазо белгиланганини “фақат судга маълум бўлган тартиб”, деб изоҳлади.

“Шахсан мен шу кунга қадар "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни кўрмадим ҳам ўқимадим ҳам. Қидириб ҳам тополмаяпман.
Ички ишлар вазирлиги масъулларидан ҳам сўрадим, йўқ экан”, деб ўз хулосаларини билдирган Кушербоев.

Шунингдек, депутат бу тартиб-қоида очиқланишини Олий суддан талаб қилган.

“Суддан илтимос қиламиз: бошқалар ҳам тартибни бузиб қўймаслиги учун ўша ўзларига маълум "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни бизларга ҳам маълум қилиб, тушунтириб беришсин. Агарки тартибни бузган, деб топибдими, демак бу тартиб судга маълум. Шу боис, Олий суддан жавоб кутамиз”, деган Расул Кушербоев.


×