Дунё автосаноати логистика инқирозини қандай енгиб ўтмоқда

Дунё автосаноати логистика инқирозини қандай енгиб ўтмоқда

Дунё бўйлаб автомобиллар нархининг кўтарилиб бормоқда. Бир неча ой давомида дилерлар талабнинг пасайишини қайд этишди, гарчи у ҳали ҳам таклифдан ошиб кетган бўлсада, шунга кўра, нархларнинг ўсиш тенденцияси давом этмоқда.

Логистика муаммолари автосаноатдаги инқирозга сабаб бўлган охирги омил эмас эди. Мисол учун, етказиб беришдаги узилишлар туфайли Россия АвтоВАЗ ишлаб чиқариш фаолиятини вақтинча тўхтатди ва маҳсулот қаторини жиддий равишда қисқартирди, бу, албатта, даромадга жуда салбий таъсир кўрсатди.

Барча йирик компаниялар шу каби қийинчиликларга дуч келди. Масалан, 2021 йил баҳорида «Hyundai» ўзининг Жанубий Кореядаги асосий корхонаси ишини бир ҳафтага кечиктирди, «Volkswagen» бутун дунё бўйлаб деярли 100 мингта автомобиль ишлаб чиқаришдан воз кечишга мажбур бўлди. «Ford» ва «Toyota» учун ҳам вазият яхши эмас. Ҳатто «General Motors» АҚШ, Канада ва Мексикадаги учта заводида ишлаб чиқаришни вақтинча секинлаштирди, Жанубий Кореядаги заводларида эса ўтган йили ишлаб чиқариш икки баравар камайди.

«UzAuto Motors» компанияси ҳам маълум автомобиль моделларини ишлаб чиқариш учун аризаларни қабул қилишни тўхтатиб қўйишга мажбур бўлди. Хуллас, ўтган йилнинг 20 декабридан бери харидорлар «Nexia», «Spark», «Cobalt», «Lacetti» автомобилларига буюртма бера олмаяпти. Бу вақт ичида компания диққатини олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратди.

Шу тариқа, «UzAuto Motors» 2022 йилнинг январь ойида ўз фаолиятини сезиларли даражада яхшилашга муваффақ бўлди. «Cobalt» автомобилини ишлаб чиқариш кунига ўртача 342 донадан 420 донагача (+23 %), «Lacetti» ишлаб чиқариш эса 262 донадан 360 донагача (+30 %) ошди. Бундан ташқари, пайвандлаш цехи ишида рекорд кўрсаткичлар қайд этилди. Айни вақтда кунига 457 та кузов ишлаб чиқарилмоқда.

×