Андижонда онасини деб отасини обдаста билан уриб ўлдирган йигит 10 йилга қамалди

Андижонда онасини деб отасини обдаста билан уриб ўлдирган йигит 10 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида онасини ҳимоя қилиш мақсадида обдаста билан отасини уриб, қасддан ўлдирган Баҳром Хидиров (исми ўзгартирилган)га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят суди судья катта ёрдамчиси Камроншоҳ Расулов хабар берди.

Судланувчи Баҳром Хидиров яшаш уйида отаси Фарҳод Хидиров (исми ўзгартирилган) билан бирга нос ишлаб чиқариб, сотиш билан шуғулланиб келган. Отасининг мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, уйга келганда оила аъзоларини ҳақорат қилиб, онасини уриб тан жароҳати етказиб келиши оқибатида Баҳромда отасига нисбатан нафрат пайдо бўлган.

Баҳром судда, айбига қисман иқрорлик билдириб, 2018 йилда коллежни тамомлаганини, олийгоҳга ўқишга кирмасдан отаси билан бирга нос ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланиб келгани айтган. Шунингдек у, отаси 2014 йилдан буён спиртли ичимлик ичишга ружу қўйиб, деярли ҳар куни маст ҳолда уйга келиб, ҳеч бир сабабсиз онасини бузуқликда айблаб, ҳақоратлаб, уриб, жанжал қилгани, ҳамиша уларни ажратиб келганини маълум қилган.

«2019 йил 3 март куни соат 21:30 ларда дадам яна ичим келиб, ҳар доимгидек жанжал қилди. Биз овқатланиб ўтиргандик, иш билан ташқарига чиқиб кетдим. Ҳовлида турганимда бирдан кичик хонада онамнинг бақирган овози эшитилди. Кирганимда дадам онамни уриб дўппослаётган эди. Тўхтатишга ҳаракат қилдим, бироқ иложи бўлмади. Ўша пайтда кўзим қонга тўлган эди. Хонадаги иситиш печи устида турган обдастани олганимни биламан, қолганини эслай олмайман. Ўзимга келганимда отам ўлиб бўлганди. Қилган ишимдан пушаймонман. Онамдан ва яқинларимдан мени кечиришларини сўрайман», — дейди судланувчи Баҳром Хидиров ўз кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Баҳром Хидиров Жиноят Кодексининг 97-моддаси, 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 10 (ўн) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

×