Cабзи нархи 4-5 баравар пасайди. У яна кимматлаши мумкинми?

Cабзи нархи 4-5 баравар пасайди. У яна кимматлаши мумкинми?

Ўзбекистонда ноябрь ойидаги сабзининг нархини жорий йилнинг июни ойи билан таққослаганда 4-5 баробаргача тушди. Ўзбекисон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг прогнозларига кўра, 2022 йил баҳорида кутиладиган янги ҳосилга қадар сабзининг нархи шу даражада сақланиб қолади.

Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда сабзининг ўртача ҳосилдорлигини бир гектардан 20-25 тоннадан 30-40 тоннагача миқдорда ошириш имконияти яратилган. Шу тариқа 1 кг сабзининг таннархи фермер хўжаликларида 700-800 сўмгача (6,5-7,5 цент) арзонлашган.

Қайд этилишича, 20 июнь ҳолатига кўра, 1 кг сабзининг ўртача чакана нархи 6000-10000 сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда (2021 йил октябрь-ноябрь) 2000 сўмгача тушган, даланинг ўзидаги ўртача харид нархи эса 1 кг сабзи учун 1000-1500 сўм атрофида.

“Жорий йил сабзи нарх ўзгариши туфайли кўп бора эътибор марказида бўлди, бунинг асосий сабаби 2021 йил баҳорда “эртапишар сабзининг” етилиши деярли бир ойга кечикди”, дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, 2021 йили барча тоифа хўжаликларида сабзи жами 124,4 минг гектар (ўтган йилга қараганда, 18,2 минг гектарга кўп) майдонда экилган. 2021 йилда етиштирилган 2 млн тоннадан ортиқ ҳосилдан асосий қисми ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилмоқда.

“Бунда “такрорий экиндан” йиғилган 140 минг тонна сабзи қишки-баҳорги мавсумда аҳоли таъминоти учун захирага олинади, “кечпишар” сабзининг бир қисми эса умумий қуввати 250-300 минг тонна бўлган ўнлаб ихтисослаштирилган корхоналар базасида қайта ишланади (2020-йили 110 минг тонна сабзи қайта ишлаш, яъни қуритиш, шок усулида музлатишга юборилган эди).

Таъкидлаш керак, мамлакат аҳолисининг сабзи маҳсулотига бўлган йиллик талаби 700-800 минг тоннани ташкил этади (тиббий меъёрларга кўра, бир инсоннинг йиллик эҳтиёжи тахминан 20 кг дан иборат). Истеъмол саватчасидаги сабзи маҳсулотининг улуши 0,4 фоиз ҳисобланади”, дейилади расмий хабарда.

Вазирлик маълумотига кўра, 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, жами 50,5 минг тонна ёки ўтган йилги шу даврга нисбатан 17 фоиз (43,4 тонна)га кўп сабзи экспорт қилинган. Экспорт қилинган сабзининг 65 фоизи апрель-июнь ойлари, яъни “эртапишар сабзи” мавсумига тўғри келган.

2021 йилда 7,6 млн АҚШ долларига тенг сабзи маҳсулоти 9 давлатга экспорт қилинди: асосан Қозоғистон Республикасига 30,5 минг тонна (4 млн АҚШ доллари), Қирғизистон Республикасига 16,5 минг тонна (2,8 млн АҚШ доллари), Россия Федерациясига 3 минг тонна (704 минг АҚШ доллари), шунингдек, Тожикистон, Беларус, Чехия, Украина, Корея Республикаси ва БАА давлатларига етказиб берилган.

×