Россия газидан воз кечаётган ЕИнинг режалари очиқланди

Россия газидан воз кечаётган ЕИнинг режалари очиқланди

Европа Иттифоқининг Россия энергия ресурсларига қарамлигини камайтириш вазифаси жуда қийин, аммо буни амалга ошириш мумкин. Вашингтонга ЕИ буни қандай ҳал қилмоқчи эканлиги ҳақида аллақачон маълум қилинган. Бу ҳақда Европа комиссияси (ЕК) раиси ўринбосари Марош Шефчович Атлантика кенгашида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.  

У “АҚШ ва Европа Иттифоқининг энергия хавфсизлиги соҳасида қўшимча ўзаро ҳамкорлиги” муҳимлигини таъкидлаган. 

“Бугун мен суҳбатдошларимга Европа давлатлари раҳбарлари ва ҳукуматлари қандай келишувларга эришганини батафсил тушунтириб бердим. Биз Россиядан қазиб олинадиган ёқилғи импортига боғлиқликни имкон қадар ва тезроқ камайтиришни истаймиз. Бу ниҳоятда мушкул вазифа, аммо мумкин”, деган Шефчович АҚШ расмийлари билан учрашувлар ҳақида гапирар экан. 

ЕК раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, суюлтирилган газ етказиб бериш инфратузилмасини ривожлантириш зарур бўлади. Ўтган ҳафта Европа Комиссияси йил охиригача Россиядан газ сотиб олишни учдан икки қисмга қисқартириш бўйича таклифларни тарқатган. 

Шефчовичнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги операциясини “Европа учун 11 сентябрь” деб баҳолаган. ЕК раҳбари ўринбосари 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактларни назарда тутган. 

Европа газ омборларини тўлдириш 

“Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар билан Россиядан етказиб беришни тўхтатиш нияти муносабати билан келаси қишнинг бошигача ўзининг 90 фоиз газ захирасини тўлдириш режасини муҳокама қилмоқда.

Бугун эрталаб ва тушдан кейин мен бу ерда муҳокама қилган масалалардан бири келаси қиш бошланишига қадар газ омборларимизни 90 фоизга тўлдириш учун биргаликда нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида эди. Биз яқин икки йил ичида Россия ёқилғи импортига қарамликни учдан иккига камайтириш учун ҳамкорлик қилиш ва биргаликда ишлаш учун нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида ҳам гаплашдик”, дея қўшимча қилган ЕК раҳбари ўринбосари. 

Унга кўра, Европа Иттифоқига Россиядан етказиб берилаётган газ ўрнига 50-60 миллиард куб метр газ керак бўлади. 

Шефчовичнинг сўзларига кўра, “бу ерда, албатта, қийин қарорлар қабул қилиниши керак”. 

“Ўрта муддатли истиқболда жуда катта ҳажмдаги газ талаб қилинади ва бу, албатта, бу йил қийинчилик туғдиради. Биз бу қарамликдан тезроқ қутулишнинг энг яхши йўлини қидирамиз”, деб таъкидлаган у. 

Маълумот ўрнида, Шефчович кеча, 14 март куни Вашингтонда АҚШ Энергетика вазири ўринбосари Дэвид Турк ва АҚШ Миллий разведка бошқармаси директори Эврил Хейнс, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашган.

×