Украинада қолиб кетган ўзбекистонлик юк ташувчилар уруш майдонидан олиб чиқилдими?

Украинада қолиб кетган ўзбекистонлик юк ташувчилар уруш майдонидан олиб чиқилдими?

Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирлиги Украинада қолиб кетган юк машинаси ҳайдовчиларини Россия чегарасидан ўтказиб юбориш масаласи устида ишламоқда. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси маълумотига кўра, консуллик бошқармасининг колл-маркази Украина ҳудудидан Россияга халқаро автомобиль назорат пунктлари (ХАНП) орқали чиқиб кета олмаётган автомобилда юк ташувчи ўзбекистонликларнинг мурожаатларини қабул қилишни давом эттирмоқда.

Қайд этилишича, келиб тушаётган мурожаатлар асосида рўйхатлар тузилиб, Россия Ташқи ишлар вазирлигига Украина-Россия давлатлараро чегарасида ХАНП орқали транспорт воситаларининг ўтишига ёрдам бериш сўрови билан расмий равишда мурожаат қилинмоқда. Бир вақтнинг ўзида ушбу масалалар бўйича Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳам иш олиб борилмоқда.

Айни пайтда, Россия томони кўмагида ўзбекистонлик 12 нафар автоташувчи мамлакатга киритилган. Уларнинг 8 нафари Украинанинг Суми вилоятида, 3 та автомобиль Харьков вилоятида, 1 та автотранспорт Россия чегарасидан Украинага ўтувчи “Нехотеевка” нейтрал ҳудудининг назорат ўтказиш пунктида бўлган.

Хабарларга кўра, 5 нафар Ўзбекистон фуқароси Украина ҳудудида, чегара чизиғидан узоқроқ масофада, 4 та юк машинасида бўлиб турибди. Вазият барқарорлашиб, хавфсиз ўтиш имконияти юзага келгач, уларнинг чегарага етиб келиши кутилмоқда.

Элчихона ва Бош консулхонанинг маълум қилишича, зарурат туғилганда фуқаролар қуйида кўрсатилган ишонч телефонларига мурожаат қилиши мумкин:

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси: +7 499 230-00-76, +7 499 230-00-32;

Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхона: +7 988 586-59-82, +7 918 554-04-76, +7 988 586-70-35, +7 988 586-59-82.

×