Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.
Дарҳақиқат, коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан дарак беради.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади”.
Табиийки, айрим кишиларда коррупция нима деган савол туғилиши мумкин. Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос фикри, тасаввури ва тушунчаси бор. Қонун тили билан айтганда, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Бу иллатга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб келмоқда. Коррупцияни енгиш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, халққа ва тадбиркорларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бир қатор Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этиб, ўз натижаси ва самарасини бериб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутаҳассислар жалб қилинган, жамиятимизнинг барча аъзоларини “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаган ҳолда коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга қаратилган ташаббусни илгари сурди.
Мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бу таҳдидни эсда тутмоғи даркор. Ҳалол меҳнат қилиш, ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилиятини сарфлаш учун барқарор шарт-шароит бўлишини истайдиган, фарзандлари ва яқин кишилари келажакда ҳам демократик, фуқаролик жамиятида бозор муносабатларининг самараларидан тўла-тўкис фойдаланишни орзу қиладиган ҳар бир фуқаро, Коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйиши керак.
Бугунги кунда судлар томонидан ҳам коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишда бошқа ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда тарғибот ташвиқот ишларини амалга ошриб келинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг ўсиши коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратииш лозим. Кўп ҳолларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги коррупция жиноятининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Одилжон Турдиев
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси
Тасодифий хабарлар
Миразиз Бозоровга оид суд маълумотлари сир сақланади – Ташанов
Ўзбекистонга Испаниядан иккита «Afrosiyob» поезди олиб келинди
Наманганда иккита «Кобальт»га яширилган дорилар ушлаб қолинди
Uzcard ва ЮНИСТРИМ ҳамкорликда пул ўтказмасини амалга оширувчи янги хизмат турини тақдим этди
26 ёшли йигит поччасини пичоқлаб ўлдириб қўйди