Сурхондарёда ўғирликда гумон қилинган икки фуқаро жиноятни бўйнига олиши учун ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солинганини айтмоқда. Улардан бирига нисбатан электр токи қўлланган бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг 6 август кечаси Шўрчи тумани “Тоза ҳудуд” ДУК балансида бўлган бешта чиқинди ташиш машинасининг эҳтиёт қисмлари ечиб кетилган.
Корхонада чиқинди юкловчи вазифасида ишлайдиган Сирож Шерниёзовнинг Kun.uz'га айтишича, дастлабки гумон корхона ишчиларига қаратилган. Ташкилотнинг аксарият ходимлари туман ички ишлар бўлимига олиб борилиб, сўроқ қилинган.
“2 август куни вакцина қабул қилгандим, икки кун иситма қилдим. Шифокорлар тавсияси билан 5-6 август кунлари ҳам уйдан чиқмасликка ҳаракат қилдим. Ишхонамиздаги ўғирлик эса 6 август кечаси содир бўлганини айтишди. Шундай бўлса-да, мен ҳам бир-икки марта терговга чақирилдим. 8 сентябр куни “Бобур” маҳалласи профилактика инспектори қўнғироқ қилди. Бу пайтда иш жойимда эдим. Шу вақт ишхонамга келиб, гап-сўзсиз мени ички ишлар идорасига олиб борди.
Идоранинг 1-қават 8-хонасига олиб кириб, савоб-жавобни бошлади. Фахриддин исмли терговчи мени назарда тутиб: “Ўғрини ушлаб келдингми?” деди. Кейин Зиёдулла дегани кириб, ҳақорат қила бошлади. Бўйнингга оласан, дейишди. Мен ўғирлик қилмаганимни айтдим.
Шундан кейин Элмурод, Фахриддин, Шуҳрат, Зиёдулла исмли ходимлар билан ёлғиз қолдим, хонани қулфлашди. Зиёдулла дегани: “Сенга ҳозир дўзахни кўрсатаман” деди. Шу ерда қора пакетни олиб бошимга кийгизиб, бўғди, нафасим қайтди. Улардан тўғри муомала қилишларини сўрадим. Хоналарида камера йўқлигини айтдим.
Шундан кейин Зиёдулла: “Сенга кафан ясайман” деди. Қўрқдим. Матони кесиб, биттасини билагимга ўрашди, қолгани билан кўзим ва оёғимни боғлашди. “Ҳозир шундай қиламиз, бўйнингга оласан, шу ишни қилганман” деб айтасан, дейишди. Ўша ҳолатда полга ўтқазишиб, қулоғимга иккита кабелни улашди. Шериклари елка ва оёқларимдан босиб турди, Зиёдулла ака қандайдир кнопкали аппарат орқали токни кўпайтириб-камайтириб турди. Қулоғимга уланган токнинг оғриғидан тилимни чайнаб ташладим. Ундаям бўлмай, қўл бармоқларимга улашди. Айтганларидай, дўзахни кўрсатдиям.
“Бу осонликча бўйнига олмайди, жинсий аъзосига ула, шунда бўйнига олади” дейишди. Шундан кейин “бўлди, мен қилдим” дейишга мажбур бўлдим”, – дейди Сирож Шерниёзов.
Шерниёзовга кўра, ундан мажбуран “Тоза ҳудуд” ДУК ходими Обиджон Бекмирзаев ҳамда корхонанинг собиқ ишчиси Ҳусан Шариповни шериклари сифатида кўрсатма ёздириб олишган.
9 сентябр куни Сирожни уйига қўйиб юборишган. 10 сентябр куни онаси билан Сурхондарё вилояти прокуратурасига бориб, ИИБ ходимлари ўзини қийнагани, мажбуран ўғирликни бўйнига қўймоқчи бўлишаётганини маълум қилган. Вилоят прокуратураси ишни Шўрчи туман прокуратурасига йўналтирган, туман прокуратураси ходимлари воқеа жойига боришган. Экспертиза хулосалари олинган бўлса-да, ҳозирча унга бу ҳақда жўяли жавоб берилмаяпти.
Биз Сирож Шерниёзов шеригим деб ёзиб берган яна бир шахс, “Тоза ҳудуд” ДУК қоровули Обиджон Бекмирзаев билан ҳам суҳбатлашдик.
Бекмирзаев аслида мазкур ташкилотда юридик бўлим мутахассиси вазифасида фаолият кўрсатар, унга қоровуллик қўшимча иш сифатида, раҳбарият билан ички келишувга кўра юклатилган экан. Обиджон ўша кунлари ҳамкасби бетоб бўлгани сабабли унинг ўрнига ҳам қоровуллик қилгани, 5 кун давомида бу ҳол такрорланганини айтмоқда. Ўғирлик содир бўлган кечада чарчоқдан ухлаб қолганини маълум қилди.
Обиджон Бекмирзаев тахминан 25 август куни қарийб 10 нафар “Тоза ҳудуд” ДУК ходимлари ИИБга олиб борилгани ва сўроқ берганини айтди. Ўша куни унинг бир ўзини маҳкамада олиб қолишиб, жисмоний азоб беришганини билдирди. Шундан сўнг у адвокат ёллаган.
“25 август куни эрталабдан ИИБга олиб бориб ўтирдик. Шу куни кечқурун соат 21лар атрофида бир ўзимни ичкарига олиб кириб кетди. Ички органларимга урди, буйракларимга роса тепди. Ҳозиргача буйрагимга дори-дармон оламан.
Ўша кечаси мени олиб қолиб, эртаси куни тунги соат 24лар атрофида қўйиб юборди. Ҳар хил қийноқлар қилишган бўлса-да, мен бўйнимга олмадим. Қилмаган нарсамни қандай бўйнимга оламан?” – деди у.
Обиджон Бекмирзаевдан нега бу ҳақда тегишли идораларга маълум қилмадингиз, деб сўраганимизда, у одамларга ишончи қолмагани, қўрқувда эканини таъкидлади.
Биз “Тоза ҳудуд” ДУКда ҳам бўлдик. Корхона раҳбари меҳнат таътилида бўлгани сабабли ташкилот ходимлари биз билан суҳбатлашишдан ўзларини олиб қочишди. Хусусан, икки ходим ҳақида умумий бўлса ҳам маълумот олишнинг имкони бўлмади. Айтайлик, шу вақтга қадар ташкилотда бу каби ҳолатлар кузатилганми, Сирож Шерниёзов ҳамда Обиджон Бекмирзаевнинг хатти-ҳаракатлари, ўзаро алоқалари, воқеа ҳақида ИИБга қачон хабар берилгани, орган ходимларининг ташкилот ҳудудидаги излар, ён-атрофдаги камераларни кўздан кечириш жараёни билан боғлиқ саволларимиз очиқ қолди.
Вазият бўйича Шўрчи туман ички ишлар бўлими ҳамда туман прокуратурасида ҳам бўлдик. Икки ташкилотнинг ҳам масъул ходимлари бу ҳолат бўйича бевосита туманда изоҳ олиш “тизим қоидаларига тўғри келмаслиги”, вилоят ташкилотидан жавоб олиш мумкинлигини маълум қилишди.
Нега тергов жараёни видеотасвирга олинмаган?
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz сўровига муносабат билдирди.
Унда айтилишича, Обид Бекмирзаевни сўроқ қилиш жараёни видеокамера ёрдамида ёзиб олинган. У ИИБда қийноққа солингани масаласида туман прокуратурасига мурожаат қилмаган. Мазкур ўғирлик жиноятини фош қилиш бўйича қидирув ишлари ҳали давом этяпти.
ИИБга кўра, Сирож Шерниёзов “Тоза ҳудуд” корхонаси маъмурияти билан ўрталарида низо бўлгани учун, Обиджон Бекмирзаев эса ўғирлик содир этилган кунда филиалда қоровул вазифасини бажаргани учун гувоҳ тариқасида терговга жалб қилинган.
Сирож Шерниёзовнинг туман ИИБ биносида қийноққа солингани ҳақидаги мурожаати тасдиқланмагани сабабли туман прокуратураси 6 октябр куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этган.
Мазкур мақола ёзилиш асносида Сурхондарё вилоят прокуратураси ахборот хизмати ҳам айнан шу мазмундаги баёнотни бизга тақдим қилди.
Ундан англашиладики, Обиджон Бекмирзаев видеокамера қўлланган ҳолда тергов қилинган. Аммо у ҳам Kun.uz'га ўзини қийноққа солинганини айтмоқда.
Органларнинг баёнотларида Сирож Шерниёзовни тергов қилиш жараёнида видеокамера қўлланган-қўлланмагани ҳақида лом-мим дейилмаган. Демак, терговда видеокамера қўлланмаган ва бу гумондор холис тергов қилинганига шубҳа туғдиради.
Шерниёзов: “Орган ходимлари менга дўзахни кўрсатишди” деб турган бир пайтда, Шўрчи туман прокуратураси жиноят иши қўзғатишни қайси асосларга кўра рад этган?
Прокуратура видеокамера қўлланмаган ҳолда тергов олиб борилган бу ишда нималарга таяниб бундай хулосага келган? Ички ишлар бўлими гумондорни қийноққа солмаганини тасдиқловчи далиллар қани?
Ушбу масалага Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан изоҳ кутиб қоламиз.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасодифий хабарлар
17-ўлим! Узбекистонда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди
"Сардоба иши" бўйича икки киши қамоққа олинди
Имом бомдод намози вақтида пичоқлаб кетилди (видео)
Урушга қарши чиққан журналист 8,5 йиллик қамоққа ҳукм қилинди
Сирдарёда террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олинди