Барчангиз 2009 йилда Америка киноакадемиясининг “Оскар” мукофотига сазовор бўлган “Харобадан чиққан миллионер” фильмини кўрган бўлсангиз керак. Фильмнинг бир эпизодида бош қаҳрамон Жамолнинг акаси унга “Ҳиндистон олдингидек хароба давлат эмас, у тез ривожланяпти”, дейди. Дарҳақиқат, Ҳиндистон бугунги кунда ҳар соҳада ўсишга эришмоқда. Айниқса, IT йўналишида.
Ҳозирда ахборот технологиялари тушунчаси ҳиндлар билан чамбарчас йўналишга айланиб бормоқда. Дунёнинг технологик гигант компаниялари Google, Global Foundries, Twitter, Alphabet, Microsoft, Nokia, Adobe ва Networks раҳбарлари ҳиндлар ҳисобланади. Американинг Facebook, Google, Amazon каби глобал ахборот компаниялари ва араб инвестиция фондлари Ҳиндистон ахборот майдонига сармоя киритиш, Jio Platforms каби ҳинд IT корпорациялари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун навбатда турибди. Жаҳон бозоридаги IT мутахассисларининг тўртдан учтаси ҳиндлардир. Ҳиндистон IT маҳсулотларининг 38 фоизини ишлаб чиқарувчи Бангалор шаҳри яқин йиллар ичида дунёнинг ахборот технологиялари маркази ҳисобланадиган Сан-Францискони доғда қолдириб, жаҳон етакчисига айланиши мумкин.
Бу қандай содир бўлди?
Ҳиндистонда ахборот технологияларини ривожлантириш ғояси анча олдин пайдо бўлган. Ўтган асрнинг 70-йилларига қайтамиз, АҚШда Internet DARPA эндигина пайдо бўлиб, биринчи шахсий компьютерни яратиш сингари шубҳали ғояни илгари сурган, Хитойда “қизил гвардиячилар” шоли далаларига “ҳужум қилган” университет ўқитувчиларини калтаклашган вақтда, Ҳиндистонда ҳукумат томонидан дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи компаниялар учун қулай шарт-шароитларни таъминловчи давлат дастури қабул қилинган. Уларга субсидиялар, имтиёзли кредитлар ва пасайтирилган божхона ставкалари тақдим этилди.
1973 йилда Бомбей (ҳозирги Мумбай) яқинида хорижий мижозлар учун дастурий таъминот экспортига ихтисослашган биринчи махсус иқтисодий зона – SEEPZ ташкил этилди. Биринчи ҳинд IT компанияси Tata Consultancy Services’га 1968 йилда асос солинган бўлиб, у 1975 йилда Швейцария, Канада ва Жанубий Африкадаги банклар учун дастурий таъминотни сотган. 2021 йилга келиб мазкур компания бозор капиталлашуви 200 миллиард долларни ташкил этган энг йирик трансмиллий IT корпорациясига айланди.
Бироқ кейинги чорак асрда Ҳиндистонда IT соҳаси миллий ва жаҳон бозорларида кўринмай қолди. 90-йилларда Ҳиндистоннинг бутун ахборот саноати бир неча минг IT мутахассислардан иборат бўлиб, тахминан 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ахборот технологиялари экспорт қиларди. Бундай натижа йирик давлатлар учун қониқарли эмасди. Аммо бу сустлик ортида Ҳиндистон раҳбарияти ва компанияларининг кейинги муваффақиятлар калити бўлган 80-90 йилларда узоқни ўйлаб қилган тизимли иши ётарди.Мисол учун, Ҳиндистон Бош вазири Ражив Ганди 1984 йилда “янги компьютер сиёсати” (NCP-1984) ҳужжатини имзолади. Унга кўра, дастурий таъминот ва ускуналарни импорт қилиш учун бож 60 фоизгача қисқартирилди, маҳаллий компаниялар фаолиятини лицензиялаш бекор қилинди. Лицензия хизматлар кўламини чеклаш ва барча иқтисодий соҳаларни назорат қилиш учун зарур эди. Шунингдек, ҳужжат 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги экспорт компанияларига бозорга кириш имконини берди (лекин лицензия олиш мажбурияти билан – таҳр.), махсус иқтисодий зоналар кенгайтирилиб, ижара ставкалари пасайтирилди, таълим дастурлари йўлга қўйилди. Ҳиндистонлик IT мутахассислар хорижий компанияларда ишлаш учун АҚШ ва Европага жўнаб кетди. Уларнинг баъзилари ўша ерда қолишди, баъзилари янги билим ва кўникмалар билан уйга қайтишди.
Ўнг томондан биринчи шахс Бош вазир Ражив Ганди
Шундан сўнг, Ҳиндистоннинг IT соҳаси ХХI аср бошидаги “ахборот инқилоби” тўлқинини ишончли тарзда босиб ўтди. Инқилоб бурилиш нуқтаси сифатида 1990 йил охирида жуда кўп шов-шувга сабаб бўлган “2000 йил муаммоси” (Y2K) эътироф этилади. Бу нимани англатади?
Гап шундаки, ХХ асрда чиқарилган дастурий таъминотни ишлаб чиқувчилар йил ва саналарни кўрсатиш учун баъзан иккита белгидан фойдаланган. Оқибатда аср охирига келиб муаммо юзага келган. Масалан, 1951 йил 1 январь дастурда “01.01.51” шаклида кўрсатилган. Натижада, эски амалиёт бўйича 1999 йилдан кейин 1900 йилга келиши керак эди (2000 йилни ёзиш учун охирги икки рақам, яъни 00 фойдаланилади, бу тизимда 1900 йилни англатарди), бу эса катта ҳажмдаги компьютерлар, шу жумладан муҳим тизимларнинг носозликларига олиб келиши мумкин эди. Эски кодни тузатиш учун IT мутахассисларининг бутун армияси керак бўлди. Ҳиндистон уларни жаҳон бозорига тақдим эта олди.
2000-йиллар бошида Ҳиндистон IT маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича етакчиликни эгаллаб, глобал IT аутсорсинг бозорида олд ўринни банд қилди. Тўғри, ўша пайтда экспортнинг асосий улушини арзимаган пул учун ишлашга тайёр мутахассислар ташкил этарди. Баъзилари икки ҳафталик машғулотдан сўнг, фақатгина озиқ-овқатга етадиган маош эвазига кодлаш ишини бошларди.
Шу сабабли, 2000 – 2010 йиллар оралиғида “Ҳинд коди” жаҳон IT мутахассислари учун жуда ҳам тушунарсиз эди. Бироқ, вақт ўтиши билан одамлар ва компаниялар дунё стандартларига мослашишди. Ҳиндистонда IT саноати жадал ривожланиб, тобора катта ва жиддий буюртмаларни қабул қила олди. Шу билан бирга, чексиз хорижий буюртмалар бозори ақлли ёшлар учун қашшоқликка қарши нажот бўлди. Мумбайдан ташқари, Бангалор, Ҳайдаробод, Ченнай шаҳарлари глобал аҳамиятга эга бўлган йирик IT марказлар сифатида шаклланди.
Булар натижасида, Jio Platforms каби IT гигантлари ва ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари билан Ҳиндистон ахборот технологиялари мамлакатига айланди. Агар 2010 йилда мамлакат аҳолисининг атиги 7,5 фоизи бутунжаҳон интернет тармоғидан фойдаланган бўлса, 2020 йилда арзон интернет ва маҳаллий ишлаб чиқарилган смартфонлар туфайли интернетдан фойдаланувчи ҳиндлар жами аҳолининг ярмидан ошиб, қарийб 700 миллионга етди. Бу Ҳиндистонни бутун дунё бўйлаб тармоқдан фойдаланувчилар сони бўйича Хитойдан (2020 йил ҳолатига кўра 900 миллион) кейин дунёдаги иккинчи йирик давлатга айлантирди. Шундай қилиб, глобал IT гигантлари 2019-2020 йилларда мос равишда Ҳиндистонга кўчиб ўтишди.
Хитой билан қарама-қаршилик
Ҳиндистон қўшниси билан ҳудудий муаммолар туфайли ўнлаб йиллар давомида суст “совуқ уруш” олиб бормоқда. Собиқ Президент Дональд Трамп даврида Қўшма Штатларнинг ХХР билан муносабатлари ҳамкорликдан қарама-қаршилик томонга ўгирилди ва Байден маъмурияти ҳам бу йўналишни қўллаб-қувватлаяпти. Пекиннинг амбициялари кучайиб бораётган шароитда Деҳли Вашингтон ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа мамлакатлари учун табиий иттифоқчи ва шерикка айланади. АҚШнинг “Хитой коммунистларига алоқадор” компаниялар билан ҳамкорлик қилганлик учун санкциялар жорий қилиш сиёсати сабаб "Осмон ости" мамлакатига сармоя киритиш ҳаддан ташқари хавфли ва ўз оёғига болта уриб билан баробар бўлиб қолди. Бошқа томондан, Ҳиндистон инвестициялар, аутсорсинг ва сотиш учун худди шундай йирик бозор таклиф қилмоқда.
Тўғри, Хитойда интернет фойдаланувчилари жуда кўп, лекин улар ҳокимият томонидан қаттиқ тартибга солинади ва цензура мавжуд. Коммунистик партиянинг раҳбарлари “бузғунчи ғоялар”ни олдини олиш мақсадида IT мутахассисларини халқаро корпорациялар (одатда Ғарб) билан ҳамкорлигини маъқулламайди.
Шундай шароитда, коронавирус пандемиясининг таъсири тарихан патерналист (Ҳокимият фуқароларнинг асосий эҳтиёжларини таъминлайди. Бунинг эвазига фуқаролар ҳокимиятга ўз хатти-ҳаракатлари ва келажакдаги режалари ҳақида маълумот берадиган муносабатлар тизими) бўлган Ҳиндистон ҳукумати инвесторларни жалб қилиш умидида чекловлар ва назоратни юмшатишга мажбур бўлди. Натижада инвесторлар Нью-Деҳлига ошиқа бошлади. Ҳиндистон расмийлари – ҳукмрон партия BJP (Бҳаратия Жаната партияси), асосий мухолифат INC (Ҳиндистон Миллий Конгресси) – ўз тарафдорлари ва IT мутахассисларининг Ғарб компаниялари билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди. Бу йўлда 2015 йилдан бошлаб Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати IT лойиҳаси доирасида стартаплар учун қулай шароитлар яратди. Ҳиндистон тадбиркорлик учун дунёдаги учта йирик IT марказларидан бирига айланди.
Ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. 2019-2020 йилларда Ҳиндистоннинг IT хизматлари экспорти 150 миллиард долларни ташкил этди, бу соҳада 12 миллион иш ўрни яратилди. Миллиардлаб долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинган 7 мингдан ортиқ стартап фаолият юритмоқда.
Ҳозирда Ҳиндистон жанубидаги Карнатака штатининг пойтахти Бангалор ҳақли равишда “Осиё силикон водийси” деб аталади. 2018 йилда у Ҳиндистоннинг барча IT соҳасидаги экспортларининг қарийб 38 фоизини бир ўзи ишлаб чиқарган ва у яқин йилларда дунёдаги энг йирик IT кластер бўлиши тахмин қилинмоқда.
Тўғри, Ҳиндистон ҳали ҳам улкан ижтимоий ва иқтисодий номутаносибликларга эга бўлган камбағал мамлакат ҳисобланади. Рақамли корпорациялар, ривожланиш марказларининг осмонўпар бинолари ва юз миллионлаб саводсиз деҳқонлар яшовчи даҳшатли харобалар билан ёнма-ён қад ростлаган.
Шунга қарамай, Ҳиндистоннинг IT соҳасидаги муваффақияти ҳайратланарли, унинг истиқболлари жуда қизиқарли кўринади ва глобал муҳитдан моҳирона фойдаланиш орқали XXI асрнинг ўрталарини жаҳон иқтисодиёти “Ҳинд даври”га айлантириши мумкин, худди унинг бошланиши “Хитой даври” деб номлангани каби.
Тасодифий хабарлар
Душанбеда 12 яшар қизни зўрлаган собиқ судья устидан суд бошланди
Испаниялик шифокорлар дунёда биринчи марта ўлган одамнинг ичакларини тирик одамга кўчириб ўтказишди
“iPhone 13” эгалари пушти экрандан шикоят қилишмоқда
UzAuto Motors имтиёзлар ортидан катта фойда кўрди
Nanay xalqaro sayyohlik maskaniga aylanadi