2026 йил бошига келиб Россия ҳудудида бўлган хорижий фуқаролар сони 5,7 миллион кишигача камайди (бир йил ичида 10 фоиз). Ўтган йил бошида уларнинг сони тахминан 6,3 млн эди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги Миграция хизматининг таҳлилий бошқармаси бошлиғи Александр Пережогинга таяниб, “Ведомости” хабар берди.
Пережогиннинг айтишича, камайиш, аввало, мамлакатдаги вояга етмаган хорижий фуқаролар сони қарийб чоракка қисқаргани билан боғлиқ. 2025 йилда рус тилини билиш бўйича тестдан ўтмаган мигрант болаларни Россия мактабларига қабул қилиш тақиқланган. Бундан ташқари, фарзандларига асосий умумий таълим олиш имконини таъминламаган хорижликлар мамлакатда қолиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Экспертларнинг фикрича, Россияда хорижликлар сонининг камайишига миграция қонунчилигининг умумий тарзда қатъийлаштирилиши ҳам таъсир қилган. Эндиликда қонунни бузган мигрантлар “назорат қилинадиган шахслар реестри”га киритилмоқда. Ушбу рўйхатга тушган хорижликларга, жумладан, никоҳ тузиш (бу эса кейинчалик Россияда легаллашишга ёрдам бериши мумкин эди), банк ҳисобварақларидаги маблағларни тасарруф этиш ҳамда болаларни мактабларга ёздириш тақиқланади.
Бундан ташқари, 2025 йилда Россияга визасиз кириши мумкин бўлган хорижликларнинг мамлакатда бўлиш қоидалари ўзгарди. Энди уларнинг Россияда бўлиш муддати бир календарь йил давомида 90 кундан ошмаслиги керак. Аввал 90/180 қоидаси амал қилган (яъни, ярим йил ичида тахминан уч ой).
Қайд этиш жоиз, Россия ҳукумати 2024 йил март ойида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган терактдан сўнг миграция сиёсатини қатъийлаштира бошлаганди. Назорат қилинадиган шахслар реестри ва мигрант болаларни мактабга қабул қилишда рус тилини билиш бўйича мажбурий тестдан ташқари, Россия расмийлари Россия фуқаролари билан турмуш қурган хорижликлар учун соддалаштирилган тартибда яшаш учун рухсатнома олиш имкониятларини ҳам чеклаган.
Тасодифий хабарлар
Гонконгда қуролли жиноятчилар 600 рулон ҳожатхона қоғозини ўғирлаб кетишди
Ўзбекистон ва Ироқ ўйинида майдонга тош отган 16 нафар томошабин қамалди
Наманганда участка учун аталган 9.200 АҚШ доллари фирибгарнинг қўлига тушди
Фарғона ҳокими Хайрулло Бозоров Тошкентда даволанаётгани маълум қилинди
Ўзбекистонда қайси ҳудуд аҳолиси узоқ умр кўряпти?