Олимлар Ҳинд океанининг жануби-шарқий қисмида, сув остида тахминан 7 километр чуқурликда жойлашган қадимий китлар қабристонини аниқлади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Тадқиқотларга кўра, бу жой миллионлаб йиллар давомида шаклланган бўлиб, ҳозиргача топилган энг катта, энг чуқур ва энг қадимий китлар қабристони ҳисобланади. Ушбу жойда китларнинг улкан суяклари атрофида жуда бой денгиз ҳаёти шакллангани аниқланган. Бу ерда медузалар, найча-қуртлар, денгиз юлдузлари, денгиз бодринглари, майда омарлар ва турли моллюскалар яшаб келмоқда. Олимлар бу экотизим ичида ҳали фанга номаълум бўлган янги турлар ҳам мавжуд бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Тадқиқотлар 2023 йилда бир нечта чуқур денгиз экспедициялари давомида олиб борилган. Олимлар махсус сувости аппаратлари ёрдамида ҳудудни ўрганиб, бешта алоҳида кит қолдиқлари жойлашган ҳудудни харитага туширган ва қадимий суяк намуналарини тўплаган. Энг эски топилмалар тахминан 5,3 миллион йил аввалги даврга тегишли экани аниқланган.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, китларнинг жуда катта тана тузилиши ва суяклар таркибидаги органик ҳамда минерал моддалар бу жойда махсус овқатланиш занжирини шакллантирган. Кит жасадлари денгиз тубига чўккач, улар аста-секин парчаланиб, атрофдаги организмлар учун узоқ муддатли озуқа манбаига айланган.
Шу билан бирга, ҳудуднинг жуда чуқур жойлашгани суякларнинг миллионлаб йиллар давомида сақланиб қолишига ёрдам берган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, суяклар зичлиги юқори бўлгани учун уларни емирувчи организмлар таъсирига ҳам чидамли бўлган, қўшимча равишда денгиз сувидаги минераллар суяк юзасини қоплаб, уларни янада мустаҳкам қилган.
Олимлар бу ҳудудда нега айнан шунча кўп китлар нобуд бўлганини аниқ айта олмаган. Тахминларга кўра, китлар бу ҳудудда табиий сабаблар билан ўлган бўлиши мумкин ёки океан оқимлари уларнинг жасадларини бир жойга тўплаб, қабристонни ҳосил қилган.
Тадқиқотчиларнинг билдиришича, бундай топилмалар жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки улар Ернинг энг экстремал шароитларида ҳам ҳаёт қандай мослашиши ва яшаб қолишини тушунишга ёрдам беради.
Тасодифий хабарлар
Россия рублининг курси яна қулади
Арипов мигрантлар гувоҳномаларини тан олиш бўйича таклиф билдирди
BBC ўз ходимларига "ТикТок" иловасини ўчириб ташлашни маслаҳат берди
Мактаб ўқувчиларининг кузги таътили кунлари белгиланди
Ўзбекистонда эртага ҳарорат 44 даражагача кўтарилади