Жорий йилнинг сўнгги уч куни ичида Туркияда вафот этган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари мамлакатга қайтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этиш жоиз, 11 июнь куни Истанбулдаги Шимолий Мармара автомагистралида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик 31 ёшли А.Ҳ., унинг туркиялик турмуш ўртоғи ва 2 ойлик фарзанди ҳалок бўлганди.
Ҳодиса Чекмекўй мавзесидаги Шимолий Мармара автойўлида соат 06:00 атрофида юз беган. Сабиҳа Гўкчен аэропортидан қайтаётган Содиқ Гунден (29 ёш) бошқарувидаги енгил машина худди шу йўналишда ҳаракатланаётган юк машинасининг орқасидан бориб урилган. Тўқнашув оқибатида енгил машина юк машинасининг тагига кириб кетган. Ҳайдовчи Содиқ Гунден, унинг ўзбекистонлик рафиқаси Азиза Ҳатамова Гунден (31 ёш) ва уларнинг 2 ойлик чақалоғи Тимур Хон Гунден машина ичида қисилиб қолган. Улар воқеа жойига етиб борган ўт ўчирувчилар томонидан чиқариб олинган. Бироқ оиланинг уч аъзоси ҳам ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмган.
Кеча, 12 июнь куни Тузла туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Н.М. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Шунингдек, 13 июнь куни узоқ вақт онкологик касаллик билан курашиб келган яна бир 58 ёшли аёл Истанбулдаги шифохоналардан бирида вафот этган.
“Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради. Консулхона томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан ҳамкорликда жасадларни ватанга юбориш ва бошқа зарур масалалар юзасидан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда илк бора АИ–98 маркали бензин ҳам ишлаб чиқарила бошланди
Вилоятларда дронлар шоуси қачон ўтказилиши юзасидан маълумот берилди
Қозоғистондаги ҳодисаларда 8 киши вафот этгани маълум бўлди
Shavkat Mirziyoyevning 2020-yil fevralida Rossiyaga tashrif buyurishi rejalashtirilmoqda
Ўзбекистонда 20 апрелгача махсус рухсатномасиз автомобиль бошқариш тақиқланади