Путин Сочига келган Эрдўғанга нима совға қилгани маълум бўлди

Путин Сочига келган Эрдўғанга нима совға қилгани маълум бўлди

Россия Президенти Владимир Путин Сочида Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашувда, унга ТАСС агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусманнинг Туркия етакчисининг ҳаёти ва сиёсий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмини топширди. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Мазкур фильм ТАСС ва "Россия 24" телеканалининг қўшма маҳсулоти саналади. Гусман июнь ойида Эрдўған ҳақидаги “Ҳокимият формуласи” цикли доирасида суратга олинган фильмни тақдим этган. Тақдимот Туркиянинг Москвадаги элчихонасида бўлиб ўтган. У “Россия 24” телеканалида ҳам намойиш этилган. 

Тахминан 25 дақиқа давом этган лентада Гусман ва Эрдўған ўртасидаги тўртта суҳбатдан парчалар (биринчи суҳбат 2005 йилда, сиёсатчи Туркия бош вазири сифатида ишлаётганида бўлиб ўтган) бор.

Фильм Эрдўғаннинг болалик, мактаб ва университет йиллари ҳақида ҳикоя қилади, у шахс сифатида камол топгани учун айниқса ота-онасига миннатдорлик билдиради. Туркия раҳбари сиёсат билан “тахминан 17 ёшидан шуғуллана бошлагани”, ёшлар, туман, вилоят ташкилотлари, партия органларида ишлагани ва кейинчалик Истанбул ҳокими бўлганини таъкидлаган. 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, ҳокимият “машаққатли меҳнат ва катта масъулият”, сиёсат эса ҳар доим катта таваккалчилик билан боғлиқ. Фильмда етакчининг шахсий ҳаётининг жиҳатлари: бўлажак рафиқаси билан учрашиш тарихи, динга муносабати, футболга бўлган муҳаббатига алоҳида эътибор қаратилган.

Июнь ойида бўлиб ўтган тақдимотдан сўнг Михаил Гусман Туркия ОАВсига интервью бериб, Президент Эрдўғанга муносабати ҳақида гапирган.

“Бугун фильмимиз тақдимотида Туркия бахтли давлат экани, унинг шундай етакчиси борлигини айтдим. У шунчаки буюк сиёсатчи эмас, балки жуда буюк инсоний шахс, буюк харизмага эга, жуда юқори даражадаги сиёсий таҳлилга эга, замонавий дунё муаммоларини тушунади, стратегик фикрлайди. Бугун унинг роли нафақат Туркияда, Туркия Президенти сифатида, балки бутун дунё учун ниҳоятда муҳим”, деган Гусман.


×