21 сентябр куни Навоий вилоятининг Кармана тумани касб-ҳунар мактабида ўқувчи қизлар беҳаё рақсга тушгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, кейинчалик бу ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилганди (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси 1-қисми билан).
Навоий вилояти адлия бошқармаси «Xabar.uz»га маълум қилишича, фарзандларининг рақси учун ота-оналарга нисбатан қўлланилган маъмурий жарима ноқонуний ва у бeкор қилинди!
Видеоролик воқеаси юзасидан Навоий вилояти адлия бошқармаси, хусусан, қуйидагиларни маълум қилди.
«Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади (МЖтК, 10-модда).
Шунингдек, МЖтКнинг 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши белгиланган тартибда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видеороликдаги ҳатти-ҳаракатлар, хусусан, алоҳида бир ҳолатда қизлар даврасида рақс тушилиши “ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслиги” деб нотўғри ҳуқуқий квалификация қилинган, яъни мазкур ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.
Вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақс услублари Ўзбекистон жамиятидаги умумтарқалган маънавий қадриятларга тўла мос келмаслиги мумкин, лекин инсонларнинг ахлоқий ўлчамлари ва қарашлари қонунлар билан белгиланган нормалардан нотўғри фойдаланишга, айниқса жавобгарликка тортишга олиб келмаслиги лозим.
Қайси ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун жавобгарлик келиб чиқиши, қонунларда аниқ белгилаб қўйилган.
Шу асосга кўра, қўлланилган жарима бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунига асосан:
– боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади (4-модда);
– ҳар бир бола эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга (10-модда).
Халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келувчи ушбу қонунда белгиланган кафолатлар ҳар бир бола учун мактаб ҳудуди бўладими, шахсий уй-жой бўладими, ҳар қандай ҳолатда таъминланиши шарт.
Бундан ташқари, ота-оналарнинг баён этишига кўра, лавҳа расмий манбалар ва марказий телеканаллар орқали ёритилиш жараёнида мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар интервью бериш юзасидан босим остида қолган.
Натижада, вояга етмаган болалар ўз тенгдошлари, мактаб маъмурияти, ота-оналари ва кенг жамоатчилик олдида сазойи қилинган.
Ушбу номақбул ҳаракатлар вояга етмаганларнинг соғлиги ва саломатлигига, руҳий барқарорлигига ўта жиддий таъсир қилган ва уларнинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланишига олиб келган. Энг асосийси вояга етмаганларга нисбатан бундай ҳаракатлар ноқонунийдир.
Юқоридаги қонунга асосан, бола фикрлаш эркинлиги ҳуқуқига эга (17-модда), инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тақиқланади (16-модда).
Шунингдек, мазкур масалада баъзи бир ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳамда телевидение орқали берилган интервьюларда мактаб маъмурияти раҳбари ва айрим ўқитувчиларига нисбатан «ҳайфсан» ва «жарима» интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ва улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги баён этилган.
Ушбу ҳолат ҳам адлия органлари томонидан ўрганилганда мактабнинг ҳеч бир ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди.
Шу ўринда адлия органлари тарбия ва ахлоқ, халқимизнинг маънавий қадриятлари, ушбу қадриятларга мос равишда келажак авлодни тарбиялаш шубҳасиз, жамиятимизнинг муҳим бўғини эканлигини тўлиқ эътироф этади, шу билан бирга ахлоқий масалаларни ҳал этишда ҳуқуқ нормаларининг асоссиз қўлланилиши ва бу орқали шахсларнинг Конституция ва қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларига дахл этиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтади».
Тасодифий хабарлар
Оҳангаронда “Зил-130” юк машинаси ёниб кетди
Коронавирус! Шифокорлар тирик эркакни ўлдига чиқариб, ўликхонага жўнатишди
Бозорда жанжал кўтарган сотувчиларга қонуний чора кўрилди
Мактабларда 1-синфга қабул қачондан бошланиши маълум қилинди
Олтин салкам 2,5 долларга қимматлашди