Охирги 5 йилда Ўзбекистонда коррупцион жиноятга қўл уриб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 14 мингдан ошган. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов жорий йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишланган конференциядаги нутқида айтиб ўтди.
Ўз нутқида адлия вазири жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда прокуратура органларининг ролига тўхталиб ўтди.
Вазирнинг таъкидлашича, Конституциянинг 118-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга ошириши белгиланган. Ушбу фаолият охирги йилларда жамоатчликнинг кўз олдида ривожланиб бормоқда. Хусусан, охирги 3 йилда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлаш мақсадида жами 540 мингдан ортиқ прокурор ҳужжатлари қўлланилган.
Охирги 5 йил давомида Ўзбекистонда коррупцион қилмишни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 14 мингдан ошган. Шулардан 160 нафардан ортиғи республика миқёсидаги, 1 270 нафардан ортиғи вилоят миқёсидаги ҳамда 13 минг нафардан ортиғи туман миқёсидаги мансабдор шахслар.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган 6 ойида 140 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати ҳал этилиб, 23 мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
“Шу билан бирга, тан олиш керак, фақатгина прокуратуранинг бир ўзи қонунийликни тўлиқ таъминлай олмайди. Бу жараёнларда бошқа органлар ҳам, жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши керак. Назорат-текширув соҳаси ҳали ҳамон ислоҳотга муҳтож. Бу ўринда биз бугунги кунда республикадаги турли давлат бошқарув органлари таркибидаги 50 дан ортиқ назорат-текширув идораларини назарда тутаяпмиз. Уларнинг 10 дан ортиғи ўзлари текшириши керак бўлган вазирлик ва идораларга бўйсунади. Бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўладиган бўлса, бу ерда манфаатлар тўқнашуви ортидан қандайдир қонун бузилиш ҳолатлари келиб чиқади”, дейди Русланбек Давлетов..
Адлия вазирининг фикрига кўра, прокуратура органлари ҳар бир қадамни назорат қила олмайди. Бунга ресурс етмайди. Қолаверса, ҳеч бир давлатда бундай ҳолат ҳам мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, назорат-текширув идоралари тизимини ислоҳ қилиб, прокуратура билан ҳамкорлигини самарали тарзда йўлга қўёлсак, бу қонун устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан анчагина фойдали бўлади.
Тасодифий хабарлар
2020 йилда ЙТҲларда қанча одам вафот этгани маълум қилинди
Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
Дам олиш куни қор ёғиши кутилмоқда
8 давлат раҳбарлари Ўзбекистонга тўпланяпти
Президент Наманганга ташрифини Поп туманидан бошлади