Бир қарашда «Google» инсоният кашф этган энг беминнат, ҳар қандай сўровингизга «лаббай» деб жавоб берадиган ва бунинг учун сариқ чақа ҳам олмайдиган холис кўмакчидек кўринади. Аслида ҳам шундайми? Бу борадаги тадқиқотлар жиддий хавотирга асос борлигини, яъни ҳаммаси биз ўйлагандек эмаслигини кўрсатяпти.
Текин пишлоқ қопқонда бўлади
Тасаввур қилинг, вақтнинг маълум улушларида қидирув тизимидан «Соч ўстирадиган гель», «Бали ороллари» ҳамда Напалеон Хиллнинг «Ўйла ва бой бўл» китоби тўғрисида маълумот изладингиз. Табиийки, «Google» бажонидил сизга аталганларни тақдим этди. Сиз кераклисини олдингиз ва яна одатий юмушларингизга шўнғидингиз. Яъни, бу сиз учун оддий жараён. Сўрадингиз, олдингиз, кўрдингиз, кетдингиз.
Аммо, «Google» учун бу шунчаки ўткинчи ҳолат эмас. Қидирув тизимининг сунъий интеллекти «сўради, топиб бердим, ўнг елкамдаги фаришта яна битта савоб ёзиб қўйди» демайди. Аксинча, сиз учун очилган махсус файл қуйидаги қўшимча маълумотлар билан тўлдирилади: «Эшмат Тошматов — IP-манзили фалончи, пистончи идентификаторли компьютер орқали тизимга кирди. Мижоз тақирбош, соч тўкилишидан азият чекади, кейин руҳан толиққан, дам олишга эҳтиёжи бор, яна моддий томондан қийналган ҳам ва ҳоказо».
Бу ҳали ҳаммасимас. «TruePeopleSearch» таҳлилий-статистика порталига кўра, «Google», шунингдек: қандай русумдаги смартфон ишлатасиз, қайси мобиль оператор хизматидан фойдаланасиз, шу пайтгача қидирувга берган жамики «калит» сўзларингиз, электрон почтадаги ёзишмаларингиз, геолокация ва контактларингиз, онлайн харидларингиз, браузерингиз тарихи, телефонингизга юкланган иловалар, фотолар, яратилган ҳужжатлар каби бошқа ўнлаб маълумотлар «хазинасига» эга.
Интернет манбаларига кўра, «Google» корпорацияси фойдаланувчилар тўғрисидаги гигант ҳажмдаги шахсий маълумотларни сотиш ортидан йилига 100 миллиард доллардан кўпроқ пул топади. Солиштириш учун, бу — ўртача тараққий этган давлатлар, дейлик Словакия ёки Марокашнинг йиллик ялпи миллий даромадига тенг. Энди айтингчи, сиз истеъмолчимисиз ёки маҳсулот?
Кимдир иккинчи, кимдир бир миллиард иккинчи...
Албатта, медиагигантда фолбинлар ёки ғайбни кўрадиган сеҳргарлар ишламайди (тағин ким билсин), фойдаланувчилар компания томонидан яратилган 200 дан ортиқ рақамли дастурлар («Google Play», «Google Chrom», «Google Photos», «Google Maps» «Gmail» ва ҳ.к.) орқали кузатилади.
— «Google» инсонларни онлайн таъқиб қилиш ва улар тўғрисидаги маълумотлар базасини бойитишнинг бошқа инновацион усулларидан ҳам «самарали» фойдаланяпти, — дейди Гарвард университети доктори, Калифорниядаги хулқ-атвор тадқиқоти ва технологияси институти психологи Роберт Эпштейн. — Масалан, бир неча йил аввал медиакорпорация томонидан ақлли термостатлар ишлаб чиқарадиган «Nest» компанияси сотиб олинган ҳамда ҳеч қандай расмий баёнотларсиз маҳсулотга яширин микрафон ва камера ўрнатилган. Бундан ташқари, шу йилнинг январида «Fitbit» ақлли соатлар брендига эгалик ҳуқуқи ҳам қўлга киритилди. Буларнинг ҳаммаси кузатув мақсадларига хизмат қилади.
Шунингдек, «гуглоидлар» (қидирув тизими ходимлари – Д.Н.) АҚШ миллий ДНК-омбори тадқиқотларида мунтазам иштирок этиши, ҳаттоки улар 30 дан ортиқ давлатларда кўчама-кўча юриб, ҳимояланмаган wi-fi тизими орқали аҳолининг «шахсий томорқасига кўз олайтиргани» ҳам бор гап.
Кўринишидан, бу ҳам корейсларнинг «Кальмар ўйини» сериалига ўхшайди. Кимдир иккинчи, кимдир бир миллиард иккинчи... Яъни, «Google» ёки унга тегишли иловалар, маҳсулотлардан фойдаландингизми, тамом, компания серверларида нечанчидир рақамли навбатдаги «қурбон» пайдо бўлади.
Нега фақат у?
Веб-трафиклар таҳлили билан шуғулланувчи «Statcounter.com» веб-сайтида қайд этилишича, 2021 йил октябрда дунё бўйича қидирув тизимларига берилган сўровларнинг қарийб 92 фоизи «Google» ҳиссасига тўғри келади. Таққослаш учун, бу борада кейинги ўринларни 2,7 фоиз билан «Bing» ҳамда 0,96 фоиз билан «Yandex» эгаллаб турибди.
Ушбу техногигантнинг узоқ йиллардан бери қидирув тизимлари орасидаги монопол мавқени сақлаб туриши бежиз эмас. Бунинг замирида доимий равишда алгоритмни такомиллаштириб бориш ҳамда ...рақобатчиларни синдириш, уларга йўл бермаслик ва бошқа виртуал найранглар ётибди.
Масалан, нормал ҳолатда «Google» киритилган сўровларни сақлаш учун фойдаланувчидан рухсат олиши ёки улар ёзиб олинаётгани тўғрисида истеъмолчини огоҳлантириши керак. Бирон жойга сим қоққанда «Алоқа сифатини яхшилаш мақсадида сизнинг қўнғироғингиз ёзиб олинади» деган овозни эшитгансиз-ку, худди шундай. Аммо, «дўстимиз» ҳеч қачон бундай қилмайди. Чунки, «Реклама ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун сиз киритаётган сўровлар ёзиб борилади» деса кўпчилик ўйлаброқ қадам босиши, «э шошма, бу дунёда гуглдан бошқа қидирув тизими қуриб қоптими», қабилида хушёр тортиши мумкин-да...
Шу ўринда, ўтмишдан ҳам мисол келтирсак. 2005 йилда англиялик эр-хотин Адам ва Шивон Рафф интернет тармоғидан маҳсулотларни фойдаланувчи учун қулай ва арзон нархларда топиб берувчи «Foundem» порталга асос солади. 2009 йилда, веб-сайт яхшигина ишлаб турган бир пайтда, тўсатдан «Google» базасидан ном-нишонсиз ғойиб бўлади. Чунки, ўша йили «Google» ҳам айни функцияни ишга туширган эди. Худди шундай «тактика» кейинчалик «Expedia», «TripAdvisor», «Yandex», «Yelp» каби бошқа рақобатчиларга ҳам қўлланилган.
«Don’t be Evil» энди — тарих...
Ишониш қийин ва қўрқинчли: ахборот устидан тотал назорат ҳамда инфосайёранинг таянч нуқтасига эгалик «Google» га инсонлар онги, фикри, танловига таъсир кўрсатиш имконини ҳам тақдим этаётир.
Бошқача айтганда, нима еб нима ичиш, қандай кийиниб қаерда дам олиш, кимга овоз бериб кимни сайлашни ўзим ҳал қилаяпман деб ўйлайсиз, аслида эса сунъий интеллект, яъни алгоритм томонидан мияга махсус узатилган, тўғрироғи тиқиштирилган буйруқларни бажараётган бўлишингиз ҳам мумкин.
Дейлик, 2018 йилда «The Wall Street Journal» журналида корпорация ходимларининг оммага сизган ўзаро ёзишмаларидаги айрим гап-сўзлар чоп этилади. Унда гуглоидлардан бири шерикларига америкаликларда Трампнинг антимиграцион фармонига нисбатан салбий муносабат шакллантириш учун «муваққат тажриба», яъни ҳар бир фойдаланувчига унинг қарашидан келиб чиқиб (!) қидирув натижаларини кўрсатиш усулини қўллашни таклиф қилган.
Содда тилда айтгада, техногигант ўзининг (ёки бошқа институтнинг) манфаатини кўзлаб, реал вақт режимида бир хил калит сўз киритган иккита одамга мутлақо бошқа-бошқа натижалар тақдим этиши ҳам мумкин экан.
— Тадқиқотларимиз бу усул фойдаланувчилар фикрини ўзгартириши, ҳатто сайловлар тақдирини ҳам қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда, — дейди Роберт Эпштейн. — Дастлабки экспериментлардан маълум бўлдики, агарда қидирув тизими натижалари қайсидир номзод фойдасига мослаб тартибланса, бу ҳолат танловда ҳали аниқ бир қарорга келмаган (тушуняпсизми, «Google» ҳатто қайсидир масалада иккиланаётганингизгача билади — Д.Н) 48 фоиздан 63 фоизгача бўлган сайловчиларнинг охирги сўзини белгилаб беради. Мен сўнгги лаҳзаларда ҳам «бунинг иложи йўқ» деб ишонган эдим. Лекин...
Дарвоқе кичик сарлавҳа ҳақида. Бир пайтлар компаниянинг жамоа кодексида ёзилган норасмий шиори «Don’t be Evil», яъни «Зулм тарафида бўлма» эди. Аммо 2015 йилда, «Google» барча рақобатчиларни янчиб, қидирув тизимлари қиролига айлангач, ҳеч кимга билдирмасдан қадриятларини ўзгартирди, шиорини ҳам. Ҳозир ходимлар учун мўлжалланган корпоратив кодекс: «Do the Right Thing» — «Тўғрисини бажар» ибораси билан бошланади. Яъни, энди зулм тарафида ҳам бўлиш мумкин, агар техногигант раҳбарлари буни тўғри деб топса...
Ягона чора — ўйин қоидаларидан хабардор бўлиш
— Бир нарса аниқ, «эзгулик корпорацияси» аллақачон Оруэлл тасвирлаган «Катта оға»га айланиб бўлган, — деб ёзади Гарвард университети доктори. — Одамлар сунъий интеллект тақдим этаётган натижаларга кўр-кўрона ишониб, алгоритмлар ортида ўз қарашлари ва амбицияларига эга тирик жонлар турганини унутиб қўяётир. «Google» уларнинг қўлида дунёга ҳукмронлик қилишнинг таъсирчан воситасига айланмоқда...
Биз учун ҳақиқат шуки, ҳозирги кунимизни гуглсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Гап фақат бошқа танлов йўқлигида эмас. Балки «Google» излаган маълумотингизни топиб берадиган оддий сайт ёки қидирув тизимидан — инсонларнинг ҳаётни енгиллаштириш борасидаги табиий инстинктларига мос ҳаракат қилаётган кўпфункцияли ақлли робот мақомига кўтарилганида. Кўзадан жин чиқиб, тила тилагингни, деб турса кимга ҳам ёқмайди...
Шу жиҳатдан «бу ғирт шпион экан-ку» деб ундан воз кечолмаймиз. Бу худди газсиз, чироқсиз ёки чўлни ўртасида сувсиз қолишдек гап. Юқорида техногигантни «Кальмар ўйини» сериалида одамлар тўғрисида маълумот йиғиб, кейин уларни ўйнатадиганларга қиёслаган эдик. Ҳозир биздан талаб этиладиган ягона ва энг тўғри чора — ўйин қоидаларидан хабардор бўлиш.
Яъни, болаларга мактаб давридан бошлаб медиасаводхонлик, танқидий фикрлаш, ахборот манипуляцияси, интернетда шахсий маълумотлар дахлсизлиги тўғрисида тушунчалар берилиши, уларда замонавий инфомуҳитга тўғри ёндашувни шакллантириш керак. Бугун бу ҳар қачонгидан ҳам долзарб!
Тасодифий хабарлар
Toshkentda taomlar va shirinliklar festivali o‘tkaziladi
Фуқарони текшириш учун ИИБга олиб бориш тартиби бекор қилинади
Ҳайит куни юртимизда об-ҳаво қандай бўлади?
Талаба қизга тажовуз қилгани айтилган “замдекан иши”ни судда кўриш бошланди
Карантин даврида таровеҳ намози уйда қандай ўқилади?