Олимлар Сомон йўли галактикасидан ташқарида инсоният тарихидаги энг йирик қора туйнуклар бирлашувини қайд этди. Бу ҳодиса ҳақида“The Guardian” нашри хабар берди.
2023 йил ноябрь ойида Вашингтон ва Луизианадаги LIGO гравитацион тўлқин детекторлари ушбу ҳодисадан келган фазо-вақт тўлқинларини қайд этган. Эндиликда тадқиқотчилар сигналлар тахминан 10 миллиард ёруғлик йили узоқликдан келганини ва улар Қуёш массасининг мос равишда 103 ва 137 баробарига тенг бўлган икки қора туйнукнинг тўқнашуви оқибатида юзага келганини аниқлаган. Бунинг ортидан ҳосил бўлган қора туйнукнинг массаси 265 та Қуёш массасига тенг бўлиб, бу уни тарихда қайд этилган энг йирик қора туйнуклар бирлашувига айлантиради.
LIGO физикларининг айтишича, бу каби улкан қора туйнуклар аввалги бирлашувлар натижасида шаклланган бўлиши мумкин. Детекторлар ушбу тўқнашувдан кейинги “сўниш фазаси”ни – янги ҳосил бўлган қора туйнукнинг “жаранглаш”и ва барқарорлашув лаҳзасини ҳам қайд этган. Ерга етиб келган тўлқинлар протон кенглигидан минглаб баробар кичик тебранишларни юзага келтирган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йил февралида халқаро олимлар гуруҳи тарихдаги энг ёрқин ва энг тез ўсаётган ултрамассив қора туйнукни аниқлаган. У Қуёш массасидан 17 миллиард баробар оғир бўлиб, ҳар куни Қуёш миқдоридаги материяни ютмоқда. Ушбу материя қора туйнукка тортилаётганда жуда катта миқдорда энергия тарқатади.
Яқин вақт ичида олимлар GRAVITY+ ускунаси ёрдамида ушбу қора туйнук массасини бевосита ўлчаш ва унинг ўз ўқи атрофидаги айланишини кузатишни режалаштирмоқда. Бу эса ултрамассив қора туйнуклар массаси ва уларнинг ёрқинлиги ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилишга имкон беради.
Тасодифий хабарлар
Ўз акасига 9 марта пичоқ урган ука 7 йилга қамалди
Мамлакатимизда коронавирусга чалинганларнинг 89 фоизи соғайди
“ХАЛИМБОЙ” ким эканлиги маълум бўлди
ИИБ ходимлари фуқарони резина таёқ билан дўппослашди. Сабаби маълум
Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик Чимкентда ушланди