Гулнора Каримованинг Британиядаги 3 та мулки мусодара қилинди

Гулнора Каримованинг Британиядаги 3 та мулки мусодара қилинди

Гулнора Каримованинг Буюк Британиядаги учта ҳашаматли мулки мусодара қилинди. Бу ҳақда Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси (SFO)нинг Twitter саҳифасида айтилади. 

Қайд этилишича, кеча, 8 август куни Олий судда Гулнора Каримованинг учта ҳашаматли мулки мусодара қилинган. 

“Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Каримова ва унинг оиласи 20 миллион фунт стерлинглик (тахминан 25 миллион доллар) мулкни коррупцион фаолиятидан тушган даромадлардан сотиб олган”, дейилади хабарда.

Ушбу мулклар унинг Белгравиядаги иккита квартираси ва Суррейдаги уйи экани келтирилган.

SFO даволарига кўра, Каримова 2004-2012 йиллар давомида телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига киришига ёрдам бериш эвазига юзлаб миллион доллар пора олган.

"Биз бугунги кунда ушбу мулкларни назорат қилиш учун бир нечта оффшор ҳисоб ва компанияларни ўз ичига олган мураккаб молиявий йўлни танладик. Бу қарор бизнинг ишимизда ва Буюк Британиядан пулларни йўқ қилиш бўйича давом этаётган ҳаракатларимизда олдинга қадамдир”, дейди бюро директори Лиза Ософский.

Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Буюк Британия ҳукуматининг вазирлик бўлмаган ҳукумат департаменти бўлиб, Англия, Уэлс ва Шимолий Ирландияда жиддий ёки мураккаб фирибгарлик ва коррупцияни тергов қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулнора Каримовага тегишли бўлган “Сижжак” оромгоҳи сотилмайдиган бўлганди. Оромгоҳда меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд. Ушбу оромгоҳга 2017 йил 10 февралда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан санкция қўйилган.


×