6 ойлик боласини каналга улоқтирган Жамила 15 йилга қамалди: сабаб нима эди?

6 ойлик боласини каналга улоқтирган Жамила 15 йилга қамалди: сабаб нима эди?

Кўлоб суди 24 ёшли аёлни олти ойлик боласини ўлдиргани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Хатлон вилояти Ҳамадони туманида яшовчи Жамила Каримова шу йилнинг июнь ойида эрининг қариндошлари билан жанжалдан сўнг ўғли Муҳаммаджонни каналга улоқтирди.

Боланинг жасади бир ҳафта ўтиб топилди, дея хабар беради Озоди Радиоси.

Маҳкумнинг эрининг қариндошлари Жамила турмушнинг биринчи кунидан бошлаб янги қариндошлари билан яхши муносабатларни ўрнатолмаётганини ва, эҳтимол, боласининг ўлими билан улардан ўч олишни истаганини айтади. Жамиланинг ўзи эса бу оилада доимий равишда зўравонлик ва ҳақоратларга дучор бўлганини ва ўзини ҳамда боласини ўлдиришга уринганини таъкидлайди.

19 октябрь куни "Озоди" радиоси ихтиёрида бўлган суд қарорига кўра, аёл судда аввал болани бегоналар қарамоғида қолмаслиги ва азобланмасги учун каналга ташлаганини, лекин ўз жонига қасд қилолмаганини тан олган. Жамила қилган ишидан чуқур афсусда эканини ва суддан ҳукмни эълон қилишда унинг ёшлигини ва чин дилдан пушаймонлигини инобатга олишини сўраган.

Хатлон вилоят судидаги манбанинг айтишича, Жамила Каримова жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги олти ой ичида бу аёлга нисбатан иккинчи ҳукм чиқарилди. Биринчи марта Ҳамадони туман суди уни ўғирлик учун қамоқ жазосига ҳукм қилди, аммо янги туғилган боласи борлиги сабабли унга муҳлат берди. "Олдинги муддат билан бирга аёл 16 йилни панжара ортида ўтказади", деди манба.

Ҳукм октябрь ойининг бошида эълон қилинган ва аллақачон қонуний кучга кирган. Ҳеч ким суд қарорига шикоят қилмаган.

Бу аёл эрининг оиласидаги ҳаётидан шикоят қиладими ёки йўқми номаълум.

Айрим руҳшуносларнинг тахминига кўра, жиноят содир этилган пайтда аёл руҳий тушкунликка тушган, аммо суд Жамила Каримова руҳий жиҳатдан соғлом ва мажбурий даволанишга муҳтож эмаслигини таъкидлади.

Жамила Каримова 2018 йил бошида Умеджон Ҳалимовга турмушга чиқиб, Шамсиддин Шохин туманидан Хатлон вилоятидаги Ҳамадони туманига кўчиб ўтади. Аёл судда улар бир-бирларини яхши кўришларини айтди. Эрининг сўзларига кўра, дастлаб оилавий муносабатлар яхши эди, аммо онаси Жамилани пул ўғирлашда айблаганидан кейин ҳамма нарса ўзгарди. Умед суддан хотини учун жазони енгиллаштиришни сўради.

Жамила, шунингдек, судда қайнонаси Одинамо Гадоева уни доим таҳқирлаши ва ҳақорат қилишини, ўғлига "хотининг хунук" деб гапиришини айтди. Гадоева эса судда, аксинча, келини турмуш қурган дастлабки кунларидан бошлаб янги оиланинг бирон-бир аъзоси билан яхши муносабатларни ўрнатолмаганлигини таъкидлади. "Умеджон уни бизнинг уйимизга олиб келди ва биз уни қабул қилишга рози бўлдик", деди у.

×