Бугун, 22 ноябрга ўтар кечаси бир неча соатлик муҳокамалардан сўнг Исроил ҳукумати бир неча кун давомида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эвазига Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинган баъзи исроилликларни озод қилишни назарда тутувчи келишувни маъқуллади. Бу ҳақда Исроил Бош вазири идораси хабар берди.
"Исроил ҳукумати барча гаровга олинганларни уйларига қайтариш ниятида. Бугун кечқурун ҳукумат ушбу мақсадга эришишнинг биринчи босқичи режасини тасдиқлади, унга кўра камида 50 нафар ўғирланган аёллар ва болалар тўрт кун давомида озод қилинади, бу вақт давомида жанглар тўхтатилади”, дейилади Биньямин Нетаньяху идораси баёнотида.
Таъкидланишича, сулҳ дастлабки тўрт кунлик муддатдан кейин яна узайтирилиши мумкин ва озод қилинган ҳар 10 киши учун “яна бир тинч кун” қўшилиши мумкин.
“Reuters” агентлигининг манбасига кўра, ҲАМАС бошқа гаровга олинганлар қаторида уч АҚШ фуқаросини, жумладан 7 октябрь куни Исроилга уюштирилган ҳужумда ота-онаси ҳалок бўлган уч ёшли қизчани ҳам озод қилиши керак.
ҲАМАС ҳам сулҳга эришилганини тасдиқлади.
“Кўп кунлик оғир музокаралардан сўнг биз Қатар ва Мисрнинг тинимсиз ва моҳирона саъй-ҳаракатлари туфайли тўрт кунлик гуманитар сулҳ бўйича келишувга эришганимизни эълон қиламиз”, дейилади ҲАМАС баёнотда.
ҲАМАСга кўра, 50 нафар гаровдаги шахс – аёллар ва 19 ёшгача бўлган болалар қўйиб юборилади. Бунинг эвазига Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафар фаластинлик – аёллар ва 19 ёшгача бўлган болалар озод қилинади.
Шунингдек, Исроил ҳукумати билан келишувларга кўра, ҳар икки томон ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторининг барча ҳудудларига, шимол ва жанубга юзлаб юк машиналари гуманитар, фавқулодда, тиббий ёрдам ва ёқилғи етказилишини таъминлаш мажбуриятини олади.
Гуманитар пауза доирасида маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 16:00 гача Ғазо секторининг жанубида ва минтақа шимолида қисман ҳаво қатнови тўхтатилади. Исроил кучлари сулҳ даврида Ғазо секторининг барча ҳудудларида ҳеч кимга ҳужум қилмаслик ёки ҳибсга олмаслик, Салоҳидддин шоссеси бўйлаб одамларнинг шимолдан жанубга эркин ҳаракатланишини таъминлаш мажбуриятини олади.
Биринчи гаровга олинганларнинг озод этилиши бир кундан кейин кутилмоқда. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги амирликнинг ўзи, шунингдек, Миср ва АҚШ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувининг бошланиши яқин 24 соат ичида эълон қилинишини маълум қилди. Қатарга кўра, гаровга олинганларни озод қилиш Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари назорати остида амалга оширилиши керак.
Исроил ОАВларининг хабар беришича, биринчи гаровга олинганлар 23 ноябрь кунидан эртароқ озод этилиши кутилмоқда. Айтилишича, кейинги 24 соат ичида Исроил фуқаролари фаластинлик маҳбусларнинг озод этилишига йўл қўймаслик талаби билан мамлакат Олий судига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ОАВда Исроил ва ҲАМАС ўртасида 3 кунлик ва 5 кунлик сулҳга эришиш бўйича музокаралар давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кеча, 20 ноябрь куни ҲАМАС етакчиларидан бири, гуруҳнинг Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Исроил билан сулҳ битими тузишга яқин эканини айтганди.
Тасодифий хабарлар
Бугун юртимизда қандай об-ҳаво кузатилади?
«Ювентус» ёзда Криштиану Роналдуни сотиб юбормоқчи
Трамп Эрон ядро дастури тезлашишда айбдор — Оқ уй
Эҳтиёт бўлинг, сохта совчи «ов»га чиқди!
Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси огоҳлантиради!