Музликларнинг эриши қадимий вирусларни уйғотиши мумкин – БМТ

Музликларнинг эриши қадимий вирусларни уйғотиши мумкин – БМТ

Ер юзида иқлим ўзгаришлари нафақат иссиқ тўлқинларни, балки яна бир қанча хавфли оқибатларни келтириб чиқаради. Жумладан, музликларнинг эриши билан қадимий вируслар уйғониши ва тошқинлар сабабли ўнлаб йиллар аввал пайдо бўлган заҳарли кимёвий моддалар табиатга чиқиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) тақдим этган “Чегарадаги ҳолатлар” (Frontiers) номли ҳисоботининг еттинчи сонида сўз боради.

“Глобал ҳарорат саноатгача бўлган даражага нисбатан 2 даража цельсийдан юқорига чиқса, доимий музликлар, денгиз музлари, қор қоплами жиддий камайиши мумкин. Бундай криосферик зоналарда (Ер юзасида муз шаклида мавжуд бўлган сувларнинг умумий йиғиндиси) 670 миллионга яқин одам яшайди, бутун дунё бўйлаб миллиардлаб кишилар сув ресурслари учун айнан шу ҳудудларга таянади”, дейилади ҳисоботда.

Музликларнинг эриши билан атроф-муҳитга аввал муз остида бўлган микроорганизмлар – вируслар, бактериялар ва замбуруғлар чиқиб кетиши мумкин. Уларнинг баъзилари антибиотикларга чидамли бўлиши эҳтимолдан холи эмас, бу эса соғлиқ учун янги хавф туғдиради. Ҳисобот муаллифлари иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш орқали криосферанинг эришини секинлаштиришга чақиради. Шунингдек, криосферадаги микроб биодиверситетини чуқурроқ ўрганиш тавсия этилади, чунки у бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Ҳисоботда яна бир кам эсланадиган, аммо хавфли муаммо қайд этилади. Хусусан, сув тошқинлари туфайли ўнлаб йиллар давомида дарё-туб чўкиндиларида тўпланган заҳарли моддалар яна табиатга қайтиб чиқиши мумкин. Бу моддалар озиқ-овқат занжирларига ҳам тушиши эҳтимоли бор.

Бундай хавфларни камайтириш учун анъанавий гидроиншоотлар (тўғонлар, сув сақлаш ҳовузлари), замонавий дренаж тизимлари, ифлослантирувчи моддаларнинг доимий мониторинги ва “шимгич шаҳарлар” каби табиий муҳитга мослаштирилган ёндашувлар таклиф қилинади.

“Иссиқ тўлқинлар, сув тошқинлари ва музликларнинг қисқариши иқлим ўзгаришининг энг кўп учрайдиган ва ҳалокатли оқибатларидан биридир. Айниқса, энг заиф тоифа – ёши катта кишилар учун бу хавф жуда долзарб”, дейди UNEP ижрочи директори Ингер Андерсен.

Бошқа омиллар қатори сурункали касалликлар, заифлик, ҳаракатчанликнинг чеклангани, ифлос ҳаво ва сув тошқини хавфи юқори бўлган соҳиллардаги яшаш жойлари кексаларни янада заифлаштиради. Баҳолашларга кўра, 1990 йиллардан бери иссиқлик сабабли ёши катталарнинг ўлим даражаси 85 фоизга ошган.

Мутахассислар шаҳарларни ҳар бир ёшдаги инсон учун қулай, иқлим хавфларига чидамли ва экологик барқарор қилишга чақирмоқда. Бу эса пухта урбанистик режалаштириш, эрта огоҳлантириш тизимлари ва аҳолининг ўзи ҳам бу хавфларни бошқаришда иштирок этиши орқали мумкин бўлади.


×