Тошкeнт шаҳрида STARS халқаро унивeрситeти очилди

Тошкeнт шаҳрида STARS халқаро унивeрситeти очилди

Тошкeнт шаҳридаги STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY’да таълим олиш нархи абитуриентнинг билим даражасига боғлиқ. 2021−2022 ўқув йили учун қабул 23 августдан 20 сентябргача давом этади.

2021 йилнинг 20 август куни Тошкент шаҳрида янги халқаро STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY очилди. Унинг таркибига хорижий университетлар, академиялар ва ассоциациялар тармоғи кириб, ушбу даргоҳда Ўзбекистонда икки диплом дастури бўйича жаҳон даражасида олий таълимга эга бўлиш мумкин.

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY — бу олий таълим олишга янгича ёндашув. Бу ерда барча бошқарув тизимлари, маълумот узатиш ва хизмат кўрсатиш тартиби фақат талабалар қулайлигини инобатга олиб яратилади.

«Одатда Олий таълим муассасалари кимларнингдир ёки ниманингдир номи билан аталади. Масалан, Гарвард, Оксфорд ёки Кембриж университетлари шаҳар номи билан боғлиқ. Университетнинг бир қисми илғор олимлар ва жамоат арбоблари номлари билан боғланган. Аммо университет ким ва нима учун фаолият юритади? Ким туфайли ишлайди? Айнан шунинг учун биз университетимизни талабаларимиз шарафига STARS деб номладик, улар яқин келажакда ҳақиқий юлдузларга айланади», — дейди университет асосчиси Баҳром Гурбанов.

XALQARO TA’LIM DASTURLARI

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY таълим муассасасининг асосий фарқли томони — бу Ўзбекистон ҳудудидан чиқмай туриб, дунёнинг машҳур халқаро университетларида таҳсил олиш имкониятидир. Бу ерда ҳар бир факультет ҳамкорлик дастури бўйича фақат битта ОТМдан эмас, балки турли давлатлар ва университетлардан таклиф этилади.

Масалан, биринчи очилаётган факультет — « 5230900 - Бухгалтерия ҳисоби ва аудит». Ушбу йўналишни танлаган талабалар битта ёки иккита эмас, балки нақ учта Британия дипломи ҳамда STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY нодавлат олий таълим муассасасини тугатганлик ҳақидаги қўшимча дипломга эга бўлади. Биринчи Британия дипломи (International Foundation Diploma for Higher Education Studies) талабага биринчи босқични тамомлаган заҳоти NCC Education тақдирловчи органи томонидан берилади. Иккинчи дипломни Бутунжаҳон сертификатига эга Бухгалтерлар ассоциацияси (ACCA)дан олади. Учинчиси етакчи Британия олийгоҳларидан бири Oxford Brookes University томонидан топширилади.

«5230900 – Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» йўналиши университетда 2 тилда, яъни инглиз ва ўзбек тилларида тақдим этилган. Халқаро миқёсда тан олинган ACCA ассоциациясининг (Сертификатга эга Бухгалтерлар Ассоциацияси www.accaglobal.com) 14 та фанидан 9 таси бўйича ўқув қўлланмаларини ўзбек тилига таржима қилиш эксклюзив ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жанобларининг оқилона сиёсати туфайли STARS университети халқаро миқёсда катта муваффақиятга эришди. ACCA малакасининг 14 та фанидан 9 таси «5230900 – Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» ўқув йўналишига интеграциялашган, бу фақат STARS талабаларига инглиз тилини билмай туриб ҳам давлат тилида таҳсил олиш, кейинчалик ACCA томонидан эътироф этилиб, STARS бакалавр дипломи билан бир қаторда тегишли сертификатлар ва дипломларга эга бўлишдек ноёб имкониятни беради.

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY таълим дастури халқаро тизимга асосланган бўлиб, Ўзбекистон таълим стандартлари билан мослаштирилган ва муваффақиятли интеграциялашган. Қолаверса, маҳаллий олий таълим талабларига мос келувчи мажбурий фанлар ҳам инобатга олинган.

ТАЛАБАЛИК ҲАЁТИ

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY даргоҳида кўп маданиятли муҳит ҳукмрон. Бу ерда 50% квоталар Америка, Осиё, Африка ва Европа давлатларининг халқаро талабаларига ажратилган, бу орқали «Study in Uzbekistan» байроғи халқаро майдонда баландроқ кўтарилади. Университет халқаро талабалар рекрутинги бўйича йирик халқаро ташкилотлар билан шериклик келишувларини имзолади ва ҳар бир давлатга квоталар ажратди.

«Бизнинг халқаро олийгоҳда турфа халқлар, миллатлар, дин, дунёқараш ва турмуш тарзига эга инсонлар йиғилади. Уларнинг бари бир муассаса ичида ноёб экомаданиятни яратади. Ушбу маданият туфайли ҳар бир талаба ўзини Ер сайёрасининг якдил фуқароси сифатида ҳис этади», — дея таъкидлади STARS асосчиси.

Академик юкламадан ташқари, университетда дам олиш учун барча зарур ва қулай шароитлар яратилган: бильярд столига эга лаунж, стол тенниси, мутолаа учун шинам кутубхона, тўғри овқатланиш учун мазали таомлар тайёрланадиган кафе, жисмоний машғулотлар учун воркоут ҳудуди. Шунингдек жисмоний тарбияга ажратилган академик соатлардан талабалар ўз хоҳишига қараб фойдаланиши мумкин. Бу ерда сузиш, футбол, катта теннис, кураш, бокс, фитнес ва бошқа кўплаб спорт турларини танлаш ва фақат танланган спорт тури бўйича шуғулланиш имконияти мавжуд.

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY жамоаси учун нафақат таълим жараёнидаги сифатли натижа, балки ҳар бир талабанинг соғлиғи ҳам муҳим. Ўзбекистоннинг етакчи клиникаларидан бири билан имзоланган шериклик келишувига асосан, барча талабалар ва академик таркиб ходимлари йилига бир марта университет ҳисобидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтади.

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY университетига кирган маҳаллий ва хорижий талабалар учун тураржой муаммоси ҳал қилинади.

Университет бошқа шаҳардан келган, хорижий талабалар ва ўқитувчиларни ўзининг STARS Apartments & Villas резиденциясига жойлаштиради. Маҳаллий талабалар учун бир ойлик яшаш нархи 100 АҚШ долларини ташкил этади.

ШАРТНОМА ПУЛИ

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY муассасасининг бошқа маҳаллий ёки хорижий университетлардан асосий фарқи шартнома пулига нисбатан ностандарт ёндашувдир.

Университетнинг ўзбек секторида таълим оладиган талабалар учун шартнома пули йилига 22 млн сўмдан 30 млн сўмгача ўзгариб туради, бу математика, мантиқ бўйича ички имтиҳонлар натижаси, шунингдек, ўзбек тилида ёзилган мотивацион хатга боғлиқ.

Университетнинг инглиз секторида таълим оладиган талабалар учун шартнома пули инглиз тилини билиш даражаси ёки мазкур даражага мос келувчи халқаро сертификатлардан бирининг борлигига боғлиқ ҳолда ўзгаради.

Таълим учун тўлов суммаси қуйидаги халқаро сертификатлардан бирига эга бўлиш билан боғлиқ:

  • CEFR B2 / TOEFL 60−78 / IELTS 6.0 — 27 млн сўм;
  • CEFR B2-C1 / TOEFL 79−101 / IELTS 6.5−7.0 — 25 млн сўм;
  • CEFR C1 / TOEFL 102−109 / IELTS 7.5 — 24 млн сўм;
  • CEFR C1-C2 / TOEFL 110−120 / IELTS 8.0 va undan yuqori — 22 млн сўм.

Таълим тўлови ичига барча зарурий ўқув қўлланмалари ҳам киради. Аксарият ўқув материаллари Буюк Британиядан харид қилинади.

Талабалар қулайлиги учун STARS Cafeteria’да қуйидаги нархларда соғлом ва мазали таомлар таклиф этилади:

  • Ойига 1 млн сўм — бир марта овқатланиш;
  • Ойига 1,5 млн сўм — икки марта овқатланиш;
  •  Ойига 2 млн сўм — уч марта овқатланиш.

STARS INTERNATIONAL UNIVERSITY’га қандай кириш мумкин

  • Бунинг учун университет сайтида ариза қолдиринг. Аризани 20 сентябрга қадар топшириш мумкин.
  • Топширилган ҳужжатлар, қабул комиссиясидаги суҳбат, ёзилган иншо ва касбий тест саволлари натижасига қараб талабаликка қабул қилинади.

Керакли ҳужжатлар:

  1. Ўрта таълим ҳақидаги шаҳодатноманинг асли.
  2. Паспорт нусхаси.
  3. Фото 3×4.
  4. Мотивацион хат.
  5. Фақат инглиз сектори учун - инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификат. Сертификат бўлмаса, номзод инглиз тили бўйича билимини аниқлаш учун ички ташхис тест синовидан ўтади.

«Университетимиз ҳақиқатан ҳам сифатли таълим олишни истовчи номзодлар учундир. Шунчаки диплом керак бўлса, эшигимизни қоқиб юрманг», — дея сўзини якунлади STARS асосчиси Баҳром Гурбанов.

×