Энди қарздорлик пластик карточкадан сўзсиз ечиб олинадими? МИБ масъули изоҳ берди

Энди қарздорлик пластик карточкадан сўзсиз ечиб олинадими? МИБ масъули изоҳ берди

Жорий йилнинг 24 октябрь куни «regulation.gov.uz» сайтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат турлича фикрларни юзага келтирмоқда ва бу табиий. Зеро, муҳокамага қўйилишидан пировард мақсад ҳам шу.

Мазкур Фармонга асосан соддалаштирилган мажбурий ижро институти жорий этилиши таклиф этилмоқда.

  • Хўш, соддалаштирилган мажбурий ижро ҳаракати нима?
  • У қандай амалга оширилади?
  • Таклиф этилаётган бундай амалиёт тури қандай ижро ҳужжатларига нисбатан тадбиқ этилади?    
  • Ижронинг мазкур турига эҳтиёж туғдирган сабаблар нима?

Шу ва шу каби саволлар билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бошлиғи, адлия маслаҳатчиси Фарруҳ Тошпўлатовга юзландик.

Жавоблар қуйидагича бўлди:

– Аввало, таъкидлаш шарт: лойиҳада таклиф этилаётган соддалаштирилган тартиб бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари барча турдаги ижро ҳужжатларига нисбатан татбиқ этилмайди. Балки бу тартиб судлар ва бошқа ваколатли органларнинг жисмоний шахслардан маъмурий жарима, солиқ қарзи ва давлат божи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича амал қилади, холос. Бунда давлат ижрочиси қарздор билан мулоқотга киришмайди, ундирувни унинг мол-мулкига ҳам қаратмайди. Бу жараёнда ижро ҳаракатлари масофавий амалга оширилади. Яъни, қарздорлик (қарздорнинг) ҳисоб-рақами ва пластик карточкасидан ечиб олинади. Шу ўринда, алоҳида эътибор қаратиш лозимки, давлат ижрочиси қарздорнинг ҳисоб-рақами ёки пластик карточкасидаги маблағни борича ечиб олиш чораларини кўрмайди. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлашнинг («меҳнатга ҳақ тўлашнинг» дейилмоқда, «энг кам иш ҳақининг» эмас) энг кам миқдоридан кўп бўлмаган ҳолларда эса (ҳозирда 635 минг сўмгача) қарздорликни иш ҳақига қаратиш орқали ундириш йўли билан амалга оширилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш шартки, мазкур тартиб коммунал тўловларни амалга оширишга мутлақо тегишли эмас (суднинг қарори бўлмаса), яъни одатий коммунал тўловларни ундириш жараёнига татбиқ этилмайди. Ижтимоий тармоқларда эса коммунал тўловлардан қарздорлик пластик карточкадан сўзсиз ечиб олинар экан, дея нотўғри талқинлар қилинмоқда. Бундан талқинлар ҳақатдан йироқдир.

Бундай чоралар натижа бермаса-чи?

У ҳолда ижро ҳаракатлари умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бугунги кунда Бюро давлат ижрочиларининг иш ҳажми мавжуд нормативлардан 16 баравар юқори, иш юритувидаги ижро ҳужжатларининг қарийб 60 фоизини эса юқорида қайд этилган 3 та тоифадаги ижро ҳужжатлари ташкил этади. Одатда бу каби ижро ишлари мураккаб ижро ҳаракатларини талаб қилмайди.

Ушбу механизм йўлга қўйилса, давлат ижрочиларининг иш ҳажми оптималлаштирилади ва ижро самарадорлиги ортади.

Иккинчидан, Бюро ходимлари ва қарздорлар ўртасида кескинликка барҳам берилиши ҳамда қаршилик қилиш ҳолатлари камайишининг эҳтимоли жуда юқори. Бундан ташқари, давлат ижрочиларининг асосий иши мураккаб ижро ҳужжатларини ижро этишга қаратилса, яна бир муҳим ҳолат – давлат бюджетига тушумлар миқдори ошади. Ушбу омиллардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида 2 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биттадан Бюронинг туманлараро бўлимларини ташкил қилиш ва ушбу бўлимларга ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда ижро этиш функциясини юклаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, алимент мажбуриятлари бўйича ягона банк ҳисоб рақамини жорий этиш ҳамда алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратиш таклиф этилмоқда.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, алимент ундириш тўғрисидаги ҳар бир ижро ҳужжати бўйича ягона ҳисоб-рақамда алоҳида субҳисоб-рақамлар очилади. Ушбу субҳисоб-рақамларда алимент бўйича маблағларнинг ҳаракати амалга оширилади. Барча алимент тўловлари, шу жумладан, иш ҳақидан ушланмалар ягона ҳисоб рақам орқали амалга оширилади. Шунингдек, ундирувчилар алимент пулларини тегишли субҳисоб-рақамлардан чекловларсиз олиш имконига эга бўлади. Айни пайтда алимент тўловлар бўйича пул маблағлари ҳаракати Бюрода яратилган ва ягона ҳисоб рақамга интеграция қилинган махсус дастурий таъминотда онлайн режимда мониторинг қилиб борилади. Бунда, алимент мажбуриятлари қай даражада бажарилаётганлигини давлат ижрочиси томонидан, мобил илова орқали ундирувчи ва қарздор томонидан мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади.

Нега айнан алимент ундирувига алоҳида эътибор қаратилмоқда?

Алимент масаласига оид мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар бўйича 3-ўринни эгалламоқда.

Бюрога келиб тушаётган ижро масаласига оид мурожаатларнинг қарийб 60 фоизидан ортиғини алимент масалалари ташкил этади.

Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари республикада ҳар бир ижрочига ўртача 100 тадан кўпроқ ижро ҳужжатларини ташкил этади. Бундай ижро ҳужжатлари бир ёки иккита ҳаракат билан якунига етмайди, балки фарзандлар вояга етгунга қадар ҳар ойда ижро этилиши лозим. Айни пайтда, ижро иш юритувида бошқа тоифадаги ижро ҳужжатлари ҳам мавжудлиги сабабли, давлат ижрочиси ҳар ойда 100 та алимент ундирувига оид ижро ҳужжатини амалга ошириш ёки назорат қилиш имкониятига эга эмас. Бунга жисмонан улгуриб бўлмайди.

Таклиф этилаётган янги тартиб эса алимент ундирувига оид ижро ҳужжатлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, лойиҳада маъмурий жарима қўллаш тўғрисида ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-модддасида назарда тутилган жаримани ихтиёрий тўлаш учун муддатлар тугагандан сўнг мажбурий ундириш учун Бюро органларига тақдим этилиши, шунингдек соддалаштирилган тартибда ихтиёрий жаримани (жарима суммасининг 70% фоизини ва уни тўлаш муддатларини кўрсатган ҳолда) тўлаш имконияти тўғрисида ҳуқуқбузарни хабардор қилган ҳолда ҳуқуқбузарга маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарорнинг топширилганлигини асословчи ҳужжат мажбурий тартибда илова қилиниши таклиф этилмоқда.

Мавжуд амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, маъмурий жарималар ихтиёрий тўланмаслигига маъмурий жарима қўллаган органлар МЖтК талабларига риоя этмаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Жумладан, давлат ижрочилари мажбурий ижро чораларини қўллаш жараёнида аксарият ҳолларда қарздор унга нисбатан жарима солинганидан хабарсиз эканлиги аниқланмоқда. Бу ҳолат аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу механизм йўлга қўйилса, маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги қарорларни Бюро органларига юборишда МЖтК нормаларига қатьий риоя этилиши таъминланади. Яна маъмурий жарималарни ихтиёрий тўлаш кўрсаткичлари ортади. Бу эса давлат ижрочилари ва фуқаролар ўртасида зиддиятлар ва асоссиз норозиликлар камайишига олиб келиши аниқ.

Юқоридаги баёнлар лойиҳанинг асосий мазмунини ташкил этади. Лойиҳа эса муҳокама этилиши, билдирилаётган асосли таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда янада такомиллаштирилиши мумкин.

×