Атрофимизда фаолияти муҳим, лекин биз буни яхши билмайдиган касб эгалари кўп. Улар ҳам жамиятимизнинг бир қисми. Бироқ гоҳида айрим инсонлар улар билан мулоқот қилгани ор қилади. Уялади! Аммо улар ҳам одам. Инсон! Уларнинг ҳам кўнгли, ҳис- туйғулари бор.«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилди. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони суд экспертиза хизматида ишлаётган киши.
Унинг илтимосига кўра, исм шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.
Суд экспертиза хизматида 25 йилдан буён ишлайман. Касбимиз тиббиёт ва ҳуқуқ тартибот органлари фаолияти билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам бошимизможаролардан чиқмайди. Олдимизга муштлашиб жароҳат олганлардан тортиб,жинсий зўравонлик, қизларда бокираликни аниқлаш, қотиллик, хуллас, терговгаалоқадор бўлганларнинг барчаси келади. Айтайлик, кимдир тан жароҳати олдим деб милицияга борди ёки касалхонага ётиб олди. Шундай пайтда терговчи ёки участка нозири у симуляция қиляптими ёки ҳақиқатдан ҳам жароҳат олганлигини аниқлаш учун бизга сўров юборади. Агар унда жароҳат бўлса, ўзи айтгандай ҳолатдами, вақтдами, жароҳат нима билан етказилган ва унинг оғирлик даражаси қандайлигини текширамиз. Эҳтимол аризачи туҳмат қилётгандир? Шундай ҳолатлар борки, мен палончидан ҳомиладор бўлиб қолдим ёки болам мана бундан, менга алимент тўласин, деб судга ариза беради. Шунга ўхшаш муаммоли вазиятларда экспертизалар тайинланади. Қисқа қилиб айтганда, касбимизнинг масъулияти жуда оғир. Эксперт берган хулосага қараб, гумонланувчи жиноий ёки маъмурий жазога тортилиши мумкин. Фактлар мисолида айтадиган бўлсам, 2018 йилда 29 мингга яқин экспетиза ўтказдик. Шулардан 1321 таси мурдалар, 16389 тирик шахс ва қолгани лаборатория текширувларидир. Морг — суд экпертиза хизматининг энг муҳим йўналиши ҳисобланади Бу ерда зўраки ёки гумонланган барча ўликлар эскпертизадан ўтказилади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, зўраки ўлимлар ташқи таъсир натижасида юз беради. Яъни ўзини осиш, қотиллик, автоҳалокат ёки электр уриб ўладими, хуллас, ажали билан вафот этмаган барча мурдалар текширилади. Инсон ишга деб эрталаб чиқиб кетиб йўлда ёки чойхонада ўртоқлари билан ўтирганда ва ё дарсда ўтирган ўқувчи тўсатдан вафот этса, биров буни заҳарлаб қўймадими, бўғиб қўймадими, эҳтимол ана шу жойда қандайдир жанжал бўлгандир-у балки яширишаётгандир? Ана шу пайтда зўраки ўлимга гумон бўлади. Ўлим сабабини аниқлаш учун ҳам мурдалар экспертизага олиб келинади. Яна бир ҳолат касалхонада бемор касаллиги натижасида вафот этса-ю, марҳумнинг қариндош-уруғлари тиббиётга нисбатан шикоят эътирози бўлса, бундай ҳолатда ҳам мурда экспертизадан ўтади. Ёки ўлган чақалоқ мурдаси топилса, онаси ким, у қачон туғилган, ўликми ёки тирик туғилганми, тирик бўлса неча соат яшаган, ўлимданкейин чақалоққа парвариш бўлганми ёки йўқми—шуни аниқлаймиз. Бола билан боғлиқ ҳолатларда 2 та жиҳатга алоҳида эътибор берилади. Масалан, агар она боласини туғиб бир сутка ичида ўлдирса, бу бола ўлдириш ёки кейин ўлдирса қасддан ўлдириш ҳисобланади. Биринчи ҳолатда қасддан ўлдиришга нисбатан енгилроқ жазо қўлланилади. Нима учун ахир иккисида ҳам бола ўляпти-ку, дейишингиз мумкин. Лекин бизнинг қонунчилигимизда менталитет, инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб шундай енгиллик берилган. Яъни туғруқни бошдан кечирган она ўша пайтда ўз хатти-ҳаракатларига тўлиқ жавоб бера олмайди. Шунинг учун ҳам эскилар «Туғгани кетаётган аёл икки йўлнинг орасида бўлади»,— дейишади. Мурдалар қандай текширилади? Мурдаларни текширишнинг ўзига хос усуллари бор. Ўлик қанча эрта, яъни чириш жараёни бошланмасдан олиб келинса, шунча тез аниқлаймиз. Болалар мурдасини текширишнинг ўз «формуласи» бор. Масалан, чақалоқнинг тирик ёки ўлик туғилганини аниқлаш учун ўпкаси сувга солинади. Нафас олган ўпка бўлса сувгачўкмайди. Ўлик туғилган бўлса – чўкади. Кейин чақалоқнинг ўлчамларига қараб ҳам кўп нарсани аниқлаш мумкин. Хуллас, бола нимадан ўлганини аниқлашнингйўллари кўп. Мурдалар белгиланган экспертлар ва техник ёрдамчи билан бирга 3 хил усулда ёриб кўрилади, яъни унинг калла, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи очилади. Агар мурданинг гиёҳвандлигига гумон бўлса, ички аъзолардан парчалар олинади. Керакли текширувлар ўтказилгандан кейин яна аъзолар ўз жойига қўйиб қўйилади. Жараён камера орқали кузатиб турилади, лекин унинг маълумоти ҳеч қаёққа чиқмайди. Фақат терговчининг рухсати билан берилади. Тергов сири ошкор қилинмайди. Авваллари ўзини осишлар асосан мавсумга қараб баҳор ва кузда кўп кузатиларди. Ҳозир эса одамлар мавсумга ҳам қарамай қўйди. Қасддан одам ўлдириш камайган. Охирги пайтда автоҳалокат туфайли ва ёз бўлгани учун сувда чўкканлар кўп олиб келиняпти. Мана бугун ҳам моргга 3 та ўлик келди, барчаси автоҳалокатда ҳалок бўлган. Мурдалар узоғи билан 1 ҳафтагача сақланади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўликлар бўйича йўриқномаси чиққан. Мурдалар аслида прокурор рухсат бергунича сақланиши керак. Лекин ўзбекчилик, менталитет деймиз. Ўликни текшириб бўлишимиз биланоқ, яқинларига бериб юборамиз. Шахси номаълум ўликлар бўлса, музлаткичларда ёзни кунида 3 кун, қишда эса 1 ҳафтагача сақланади. Прокурор рухсат берса ҳеч кими йўқ, шахси номаълум мурдаларни кўмадиган Фуқароларга хизмат кўрсатиш бюроси бор. Улар билан боғланамиз. Ҳар бир мурда учун белгиланган сумма (тахминан 140 минг сўм) ташкилот ҳисоб рақамига ўтказилади. Кейин улар майитни олиб кетиб ўзлари кўмишади. Моргда ўликлар сотилмайди Одамлар орасида ўликхонада мурдалар сотилади ёки улардан ўз мақсадларида фойдаланишади деган ҳар хил миш-мишлар юради. Мана шу қарашлар ишимиздадоим халақит беради. Масалан, майит экспертизага олиб келинганда унинг яқинлари текширишга рухсат бермайди. «Йўқ, ўликни ёрмайсан, соғ аъзоларини олиб қоласан», деб жанжал кўтаради. Тўғри, яқинидан ажралиш оғир, иложи борича уларнинг ҳолатини тушунишга ҳаракат қиламиз. Лекин ўликни ёрмасдан вазиятни ойдинлаштириб бўлмайди-да. Тасаввур қилинг, бир одам сувда чўкиб вафот этди. Балки уни кимдир заҳарлаб ўлдиргандир, балки ўлдириб кейин сувга ташлаб юборгандир? Буларни аниқлаш учун танасини ёриб кўришга мажбурмиз. Бўлмаса жиноятни очиб бўлмайди. Қанча тушунтирмайлик, қаршилик қилаверадилар. Лекин тиббиётдан хабари бор одам билади. Ўлган одамни аъзоси трансплантация учун ярамайди. Чунки одам ўлганидан кейин унинг организмида чириш бошланади. Ҳеч ким ва ҳеч қачон ўлган ҳужайрани тирилтириб, ишлатиб юборолмайди. Америкада ҳам космосда ҳам. Чет элда қилинадиган операцияларда донорни фақат тирик одамдан олади. Ўликни аъзосидан ҳеч қачон фойдаланилмайди. Мурдани бирор аъзосини олиб, идишларга солиб қўйиш фақат киноларда бўлади, ҳаётда эмас. Баъзан ўйланиб қоламан. Балки олий ўқув юртларида мана шу нарсалар ҳақида маълумот берадиган дарслар киритилиши керакдир? Қонунчилигимизда ҳам мурданинг ички аъзоларидан ҳатто ўқув-илмий мақсадда фойдаланиш ҳам ман қилинган. Шунинг учун ўликхонадаги барча мурдалар кўмиб юборилган, ҳатто соҳага оид барча институтлардан ҳам олиб қўйилган. Ҳозир бечора тиббиёт олийгоҳи талабалари 6 йил ўқиб, вақти келса бирор марта одамнинг ички аъзосини кўрмай битириб кетяпти. Ўликни ёриб кўриш ГУНОҲми? Гоҳида «ўликни ёрма, Худодан қўрқмайсанми, кофирмисан?» дейишади. Ўзимга ҳам айтганлар кўп бўлган. Ана шундай инсонларга Арабистонда диний уламолар томонидан ёзилган ва Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида ўзбек тилига таржима қилинган «Минг бир фатво» китобини кўрсатаман. Китобда соҳамиз билан боғлиқ кўплаб мунозарали саволларга жавоб берилган. Масалан 384-фатвода «ҳомиладор аёл ўлиб қолса, қорнидаги болани қимирлагани маълум бўлса, қорнини ёриб бола чиқариб олиниши» айтилган бўлса, 445-фатвода эса «майитни қорнини ёриш масаласида шаърий узр билан бўлса жоиз»лиги ёзилган. Майит заҳарланиб ўлган бўлса уни аниқлаш, гумон қилинган одамни туҳматдан ҳалос қилиш мақсадида майитни ёриб, ички аъзоларини кўришга фатво берилган. Қабрни очиб текшириш масаласи бўйича ҳам 444-фатвода дафн этилган майит узрли ҳолатларда очилиб, қайта дафн этиш мумкинлиги ҳақида динда ҳам рухсат бор. Бундан анча йиллар олдин бир инсон шайх ҳазратларидан майитни ёриб кўриш гуноҳми, касбимиз исломга тўғри келмайдими, деб сўраганида ҳазрат: «Мен бирор бир китобда майитни ёриш гуноҳ» деганини кўрмаганман деб жавоб берган эканлар. Ўликлар ёрилмаганда тиббиёт бу даражага етмасди Энди тиббиёт нуқтаи назаридан олиб қаралганда-чи? Айтингчи, ҳозир жарроҳларнимага таяниб операция қиляпти? Чунки қўлларида асос бор, яъни одамнинг ички аъзоларини топографик жойлашуви—атласи мавжуд. Ана шунга қараб бемалол операция қилади. У қаердан пайдо бўлди деб ўйлайсиз? Атласни рус олимиПирогов яратган. У биринчи жаҳон уриши пайтида ўлган аскарларни ёриб кўрган. Ўқни кириш-чиқиш тешиги қаерда, одамни жигари, ички аъзолари, қон айланиши, умуман, одам организмининг ишлашига оид барча маълумотларни ўрганган. Шунинг учун бугун шифокорларда тайёр атлас бор. Ишларини муваффақиятли амалга оширяпти. Лекин агар ўликлар ёриб ўрганилмаганда тиббиёт шу даражага келармиди? Жиноятлар очилармиди? Давлат экспертизага ҳамиша муҳтож Охирги пайтларда тирик шахслар ўртасида тан жароҳати етказиш ва жинсий ҳолат билан боғлиқ вазиятларда кўп муаммолар бўляпти. Одамлар орасида ҳамиша низолар, келишмовчиликлар ва ёлғончилик бор экан давлат ҳамиша экспертизага муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам соҳамиз ривожланиб бораверади. Аввалишхонамизни қўриқлаб, оддий қоровул турган бўлса, энди бизнинг хавфсизлигимиз ички ишлар органларига топширилган. Бундан ташқари кўпчилик экспертиза хулосаларини сохталаштириш мумкин, деб ўйлайдилар. Лекин эксперт хулосаларни бераётиб ҳар доим қонун доирасида огоҳлантирилади. Агар қонунга хилоф иш қилса, жавобгарлиги оғир бўлади. Шахсан мен шунча йиллик ўқишим, машаққатлар билан топилган обрў-эътиборимни кимнингдир манфаати учун сарфлашни хоҳламайман. Суҳбатдош: Хонзодабегим Аъзамова[:]
Тасодифий хабарлар
Бухорода маст қудалар 3 ёшли қизалоқ ўлимига сабабчи бўлди
Анор таъмли ичимлиги Қозоғистонда ҳам тақиқланиши мумкин
Наманганда ЙТҲда ВАЗ-2101 ҳайдовчиси жароҳат олди
Тошкентда автокран ёниб кетди, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди
ИИВ огоҳлантиради: Telegram’да тарқалаётган вирусли дастурдан эҳтиёт бўлинг!