Аёл рашк туфайли 9 ёшли қизни бошига уриб каналга ташлаб юборди

Аёл рашк туфайли 9 ёшли қизни бошига уриб каналга ташлаб юборди

Шу йилнинг 14 апрел куни, Фарғона вилояти, Бувайда тумани ИИБ навбатчилик қисмига «Маслаҳат» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган «Ойимтарра» каналига ёш қизча номаълум аёл томонидан уриб, ташлаб юборилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, мазкур хабар асосида ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, фуқаро М.Е. турмуш ўртоғи Б.Й. билан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган фуқаро М.Ж.дан рашк қилиб, ўч олиш мақсадида унинг 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизи Ф.Ф.ни мактабдан алдаб, «Ойимтарра» канали яқинига олиб келиб, қасддан ўлдириш мақсадида номаълум жисм билан унинг бош соҳасига уриб, каналга ташлаб юборган.

Ушбу ҳолатни кўриб қолган Бувайда туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган Ш.Янгиевнинг жасорати туфайли Ф.Ф. каналдан қутқариб олиниб, ҳаёти сақлаб қолинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Е.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактаб ўқувчиси Ш.Янгиевнинг бу ҳаракатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида Фарғона вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиғининг буйруқлари билан унга ташаккурнома эълон қилиниб, тадбирда эсдалик совғалари билан тақдирланди ҳамда у таълим олаётган мактабга бу ҳақда тақдимнома киритилиши белгиланган.

×