Афғонистоннинг Панжшеридаги қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд сиёсатдан кетиш шартини айтди

Афғонистоннинг Панжшеридаги қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд сиёсатдан кетиш шартини айтди

Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд сиёсатдан кетиши учун «Толибон» ҳаракати қандай шартни бажариши кералигини айтди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, Масъуд урушни тўхтатиб, сиёсатдан кетиши учун «Толибон» ҳаракати инклюзив ҳукумат тузиши, шунингдек, мамлакат фуқароларининг эркинлиги ва тенглигини таъминлаши керак.

«Агар ‘Толибонʼ ҳаракати ҳокимиятни ҳамма билан бўлишмоқчи, адолат ўрнатмоқчи, Афғонистонда ҳамма учун тенглик ва эркинликни таъминламоқчи бўлса, мен орқага чекиниб, сиёсатдан кетаман», — деган Масъуд.

Унинг қайд этишича, қаршилик кучлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишнинг бошқа йўллари қабул қилинмайди.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Афғонистондаги қаршилик кучлари раҳбари Аҳмад Масъуд нима учун «Толибон» ҳаракати ҳукмронлигини қабул қилолмаслигини айтганди. 

Маълум бўлишича, ундан нима учун «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳукумат сифатида қабул қилинмаслиги сўралган.

«Биз Афғонистонни на минтақавий кучлар, на бошқа давлатлар тан олмайдиган давлатга эга бўлишни хоҳламаймиз. Биз Афғонистонда ва ундан ташқарида бир-биримиз билан тинч-тотув яшашимизга тўсқинлик қиладиган ҳукуматни хоҳламаймиз. Бизда қаршилик кўрсатишга ва салбий сценарийни амалга оширишга йўл қўймасликка куч берадиган кўплаб саволлар ва хавотирлар мавжуд. Афсуски, ‘Толибон’ ҳаракати ўз ишлари билан аллақачон инклюзивлик, бағрикенглик, инсон ва аёл ҳуқуқлари, демократик қадриятларга эга эмаслигини кўрсатди. Халқаро ҳамжамият учун ҳукуматни тан олишлари муҳим бўлган нарса. Биз алоҳида яшашни хоҳламаймиз. Минтақа ва дунё билан яхши муносабатлар ўрнатолмайдиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз. Бундан ташқари, биз ўз халқининг ҳуқуқларини эътиборсиз қолдирадиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз», — деган у саволга жавоб бериб.

×