Жанжал ортидан “Нефтчи” бош мураббийи ишдан олинди

Жанжал ортидан “Нефтчи” бош мураббийи ишдан олинди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 декабрь куни Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйинида Фарғона вилоятининг икки жамоаси – Яйпаннинг “Турон” ва Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари ўртасида ўтган ўйин охирида мухлислар майдонга чиқиб кетиб, оммавий тартибсизлик рўй берган эди. Кеча, 5 декабрь куни мазкур ҳолат юзасидан "Нефтчи" ФК қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишга Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулла Бозоров раислик қилди. Бу ҳақда "Нефтчи" ФК матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, мазкур йиғилишда вилоят ҳокимидан ташқари, вилоят ҳокимининг спорт ва туризм ишлари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Аҳмедов, Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Ф.Абдиллазов, Фарғона НҚИЗ директори ўринбосари Б.Мўминов,"Нефтчи" ФК бош директори З.Ғофуров ҳамда Фарғона вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Н.Отақўзиев қатнашишган.

Йиғилишда таъкидланишича, “Нефтчи"-"Турон" беллашувида "Нефтчи" жамоаси футболчиларининг ўйинни бошқарган ҳакамларга нисбатан қилган қўполликлари туфайли юзага келган тартибсизликлар натижасида футболга хос бўлмаган ҳолат юз берган. Бундан ташқари, "Нефтчи" жамоаси масъул ходимлари клуб футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйган. Тартибсизлик келтириб чиқарган футболчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилган.

"Андижон" ФК билан бўлиб ўтадиган ўйинга етарлича тайёргарлик кўриш ҳамда ижобий натижа кўрсатиш бўйича "Нефтчи" футбол клуби масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтилди”, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилган. "Нефтчи" ФК масъул ходимлари футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун бош мураббий Абдусамад Дўрмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти ИИБ вазият назоратга олинганини маълум қилди. Ҳозирда барча ҳуқуқбузарлар ушланиб, терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмокда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Фарғонада футбол ўйинидаги тўполон бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Манба: Qalampir.uz

×