Ангрендан келиб Наманганда ўғрилик қилган 16 ёшли қиз устидан ҳукм ўқилди

Ангрендан келиб Наманганда ўғрилик қилган 16 ёшли қиз устидан ҳукм ўқилди

Вояга етмаган И. Андреева (исм-фамилиялар шартли) 2020 йил 21 июль куни тахминан соат 16:00 ларда Ангрен шаҳридан интернет орқали топган таниши Владислав билан учрашиш учун Андижонга қараб йўл олади. Карантин чоралари кучайтирилган дамлар бўлгани учун Наманган шаҳрига етиб келгач Андижонга ўта олмайди. Таниши Владислав унга меҳрибонлик қилиб, интернет орқали Наманган шаҳридан бир кеча тунаш учун квартира топиб беради.

Уй эгаси Б. Д. уни хонадонига олиб кетади. Манзилга етиб боргач,  орадан бироз вақт ўтиб, хонадон эгаси унга пулларни сарамжонлаб тахлашда ёрдам беришини илтимос қилади. У бунга рози бўлиб ёрдамлашади.

Андрееванинг нияти шу тобдаёқ бузилганди. Уй эгасидан Владиславга қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини сўрайди. Ишонувчан уй соҳиби қўл телефонини бериб, очиш кодини ҳам айтади ва гаплашиб бўлгач, қувват олдириш учун (зарядчикка) улаб қўйишини тайинлаб, дам олиш учун ўз хонасига кириб кетади. Ниятини амалга ошириш учун А. Андреева ухламайди. Тахминан соат 03:00 ларда ошхонага кириб, пулларни қидириб топади. Пулга қўшиб уй эгасининг баҳоси 2.000.000 сўмлик бўлган “Huawei P smart” телефонини ҳам олиб, хонадонни тарк этади.

Бир кечада яхшигина пулни қўлга киритиб, бойиган қиз 200 минг сўмга бир ўзи учун алоҳида такси ёллаб, Ангренга қайтади.

Эрталаб уйғонган уй эгаси қарасаки, “меҳмон” қиз йўқ. У кетиб юборганини англаб, дарҳол пулларни қўйган жойни қарайди. Кўнгли сезганидек пул солинган қора елим ҳалта жойида йўқ эди. Шундан сўнг у ИИБга ариза билан мурожаат қилади.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасила И. Андреева қўлга олинади ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилади.

Тергов давомида у ўғирлаб кетган пулнинг 5.000.000 сўмини қайтариб беради.

Пандемия даври бўлгани сабабли тергов органи томонидан ундан тилхат олиниб, терговга чақирганда келиши тушунтирилади ва огоҳлантирилади. Аммо пандемея енгиллаштирилгандан сўнг ҳар қанча чақирилмасин у терговдан яшириниб юраверади. Оқибатда унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, 2021 йилнинг 16 январь куни ушланиб, қамоққа олинади.

Суд залида И. Андреева жабрланувчига етказилган зарарни тез кунда ишлаб қайтаришини, қилмишини тушуниб етгани ва чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, ёшлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик берилишини сўрайди.

Суд жиноят иши бўйича етказилган зарарни ундириш ва ашёвий далилларни кейинги тақдирини муҳокама қилиб, ўғри қизга нисбатан узил-кесил ўташ учун 1 йил 10 ой озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Вояга етмаган судланувчи И. Андреева озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида кеч соат 22:00 дан эрталаб 06:00 га қадар яшаш хонадонида бўлиш, Ангрен шаҳар ИИО ФМБнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши, ўқиш ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиши, кўнгилочар ўйинлар ўйналадиган компьютерхоналарга, тунги клубларга, кафе, барларга бормаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик ва алкогол маҳсулотлар сотиладиган жойларда бўлмаслик ҳамда жабрланувчи фойдасига жиноят оқибатида етказилган 51.825.000 сўм моддий зарарни 6 ой муддатда тўлиқ қоплаб бериш мажбурияти ҳам юклатилди.   

Давронбек ОЛИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди судьяси

×