АҚШ Каримовнинг яхтасини кимошди савдосига қўйди

АҚШ Каримовнинг яхтасини кимошди савдосига қўйди

АҚШ Адлия вазирлиги Украинадаги уруш бошланганидан кейин мусодара қилинган ва санкцияга учраган россиялик миллиардер олигарх Сулаймон Каримовга тегишли бўлган Amadea суперяхтасини Калифорниянинг Сан-Диего шаҳридаги ёпиқ кимошди савдосига қўйди. Бу ҳақда бугун, 6 август куни сотувга қўйилган веб-сайтда хабар берилди.

Кимошди савдоси жорий йил 10 сентябрга белгиланган. 106 метрли яхтанинг тахминий қиймати 325 миллион долларни ташкил қилади. Кимошди савдосида қатнашишни хоҳловчилар 10 миллион доллар миқдорида депозит қўйиши керак.

Олти қаватли Amadea (лотин тилидан “Худонинг севгиси”) сузувчи сарой ҳисобланади. Безатишда мармар ва нодир ёғочдан фойдаланилган, айрим деталлари тошлар билан безатилган. У 8 та кабинага эга. Ҳаммаси бўлиб у 16 меҳмон ва 36 экипаж аъзосини сиғдира олади. Яхтада вертолёт майдончаси, сузиш ҳавзаси, спорт зали, курорт, конференция зали, вино ертўласи ва омар аквариуми мавжуд. Интерьернинг марказий элементи қўлда бўялган Pleyel рояль бўлиб, унинг барча қисмлари, педаллардан тортиб илгакларигача 24 каратлик олтиндан ясалган.

Аукцион Флоридада жойлашган National Maritime Services компанияси томонидан ўтказилади.

“Бу, эҳтимол, ҳар биримиз кўрган энг таъсирли, мураккаб ва чиройли кемадир”, деган унинг бош директори Боб Тони.

Унинг сўзларига кўра, бундай калибрли яхтани сотиб олиш имконияти “жуда камдан-кам учрайди – умрида бир марта бўлиши мумкин”.

Яхта 2022 йилнинг баҳорида АҚШ талабига биноан Фижида ҳибсга олинган ва Сан-Диегога олиб кетилган. Каримовнинг ўзи яхтага эгалик қилишини рад этган. Бироқ, АҚШ Адлия вазирлиги судга экипаж кўрсатмалари ва миллиардер Amadea яхтасининг биринчи йўловчиси бўлганини кўрсатадиган ёзувларни тақдим этди. Эълон қилинган маълумотларга кўра, яхтанинг интерьери Каримовлар оиласининг шахсий илтимосига кўра таъмирланган, пицца печи ва курортлар ўрнатилган. Экипаж аъзоларидан бирига яхтада миллиардернинг севимли Nike кроссовкаларидан бир жуфтини доимо олиб юриш буюрилган.

Доғистонлик Федерация Кенгаши аъзоси Сулаймон Каримов 2018 йилда “Президент Владимир Путин режимидан манфаатдор бўлган ва Россиянинг ғаразли фаолиятини илгари суришда муҳим роль ўйнайдиган” сенатор сифатида АҚШ томонидан санкцияланган эди. Шунга қарамай, АҚШ Адлия вазирлигига кўра, 2021 йилда миллиардер Amadea’ни ишончли шахслар орқали сотиб олишга рози бўлган.

Расмий равишда яхта сотишдан 30 кун олдин рўйхатга олинган Millemarin Investments Ltd. мулкига айланди. Келишувда Errigan Marine компанияси ҳам иштирок этди, унинг номинал эгаси рухсат этилган яхта брокери Imperial Yachts бош директори Евгений Кочман.

АҚШ Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, 2021 йилнинг октябрь ойидан яхта Фижи ҳукумати томонидан тортиб олингунга қадар Каримов ва унинг оила аъзолари Amadea бортида бир неча бор саёҳат қилган, яхтани кенг кўламли модернизация қилишни режалаштирган, узоқ муддатли саёҳатлар жадвалини тузган, шунингдек, барча техник харажатларни ўз зиммасига олган, унга 2 миллион доллар сарфлаган.

Мусодарадан сўнг, “Роснефть”нинг собиқ бош директори Эдуард Худайнатов яхтага эгалик ҳуқуқини даъво қилишга уринган. Бироқ, АҚШ расмийлари уни Каримовнинг эгалигини яширишга уринган фронт одами, деб билган. 2025 йилнинг июль ойида Нью-Йоркдаги федерал судья Amadea’ни кимошди савдосига қўйишга рухсат берди.


×