Йўл қурилиши сифати қачон яхшиланади?

Йўл қурилиши сифати қачон яхшиланади?

Наманган вилояти мустақил лабораториялари уюшмаси таркибига 70 дан зиёд мутахассисдан иборат, 4 та аккредитланган қурилиш синов лабораторияси бирлашган.

Ушбу лабораториялар автомобиль йўллари ва аэродромлар қурилишида техник кузатув, сифат назорати, лаборатория синовлари билан шуғулланиб келади. Йўл қурилиши соҳасида сифатни таъминлаш борасидаги муаммоларнинг барчасидан хабардормиз. 2020 йилнинг 7 ноябрида соҳалардаги коррупция ҳолатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг маърузасида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолияти ўта қониқарсиз ва самарасиз деб баҳоланди. Охирги икки йил давомида йўл қурилиш соҳасида 12 мингдан ортиқ қонун бузилишлар аниқланган бўлсада, бундан атиги 7 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинганлиги тўғрисида айтиб ўтилди.

Йўлларимиз шунчалик сифатли қуриляптими, ўғрилик ва талон-тарожлик йўқми, йўл қурилиши соҳаси беками-кўстми? Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг бу даражада самарасиз фаолият кўрсатишининг сабаби нима? Порахўрлик ёки малакасизлик?

Порахўрлигини исботлаб бера олмаймиз, чунки бизда бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ. Лекин, билимсиз ва малакасизлигини кўплаб мисоллар ва материаллар орқали исботлаш мумкин.

Мисол учун, бугунги кундаги энг йирик қурилишлардан бири “Тошкент – Шарқий аэродроми негизидаги фуқаролик авиациясида замонавий аэропорт комплекси қуриш” объектида йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан синов ишлари ўтказилиб хулоса берилган.

Инспекция лабораторияси томонидан берилган синов баённомалари, ушбу объектда назорат синовларини ўтказган, бир-биридан мутлақо мустақил ва натижалардан манфаатдор бўлмаган, лабораториялар хулосаларини инкор қилувчи синов натижаси берилган.

Бу ҳолатнинг сабаблари таҳлил қилинганда, инспекция лабораторияси томонидан стандартларнинг кўплаб талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Масалан, ҳар қандай синовлар – конкрет стандартда белгиланган синов услублари билан амалга оширилади. Лекин, инспекция Ўзбекистонда амал қилиши бекор қилинган стандарт асосида синов ўтказган.

Ҳар қандай синовларда қанча миқдордаги намуна олиб синалиши ҳам белгилаб қўйилган. Инспекция лабораторияси томонидан ўтказилган синовларда стандарт бўйича 40 кг намуна олиб текширилиши кўрсатилган бўлса-да, амалда 4 кг, яъни 10 баробар кам намуна олиб, синов ўтказилган. Бундан ташқари, синов учун қандай ускуна қўлланилиши ҳам стандартларда аниқ кўрсатилган. Лекин инспекция лабораторияси синовларда кичик ҳажмдаги синов ускунасини қўллаган. Шунингдек, натижалар стандартларда белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Лекин, улар ҳам хато амалга оширилган.

Ўзбекистонда амалдаги халқаро O’z DSt ISO/IEC 17025-2007 стандарти талаби бўйича, манфаатдор томонлар синовларни бевосита кузатиш ҳуқуқига эга. Лекин инспекция лабораторияси синовларга ҳеч кимни яқин йўлатмайди. Бу ҳолат стандарт талабининг оддий бузилиши эмас, балки ўзининг малакасизлигини тан олишдир.

Синов ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 30 декабрда 2748-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган низомга асосан сертификатланмаган  ходимнинг синов ўтказиб хулоса бериши  таъқиқланган. Лекин, инспекциядаги синовларни стандарт талабларларига қатъий риоя қилинишини назорат қилишга масъул шахс, яъни йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси лабораторияси раҳбари ва синовларни ўтказишда қатнашиб, хулосаларни имзолаган шахсларда сертификат бўлмаган. Энг ачинарлиси, ҳар қандай лаборатория адашиши ва хатоликка йўл қўйиши мумкин ва бу ҳолат стандартларда кўзда тутилган.

Бундай ҳолатда лаборатория тезкорлик билан ўз хулосасини бекор килиши, барча манфаатдор томонларни огоҳлантириши, хатоликларни тузатибгина қолмай, келгусида қайтарилмаслик чораларини кўриши лозим. Аслида, малакасиз ва объектив синов ўтказиш салоҳиятига эга бўлмаган синов лабораторияларнинг ҳозирги кунда фаолият кўрсатишига йўл қўяётган ташкилот – Ўзстандарт агентлиги ҳузуридаги Аккредитация марказидир.

Ушбу марказ ўзига юклатилган функция ва вазифаларни лозим даражада бажармай, очиқдан-очиқ холислик ва бетарафлик принципларини бузаяётгани, камситишларга йўл қўйган ҳолда фаолият олиб бораяпти. Чунки, айнан шу Аккредитация маркази – барча лабораторияларнинг лаёқатини баҳолаб, аккредитациядан ўтказади ва шу соҳада фаолият олиб боришга рухсат беради.

Аккредитация маркази Транспорт вазирлиги ҳузуридаги йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг лаёқатини тасдиқлабгина қолмай, лабораториянинг қонун бузилишлари тўғрисида шикоят тушганда ҳам, қонунчиликда белгиланган чораларни қўлламаган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозим, агар бошқа бирорта лабораториялар стандартларни шунга ўхшаш тарзда бузилиш ҳолатларига йўл қўйганда сўзсиз фаолияти тўхтатилар эди.

Аслида, амалдаги қонунлар, қоидалар бўйича мулкчилик шакли ва ташкилотларнинг мақомидан қатъий назар бир хил халқаро стандарт талаблари белгиланган. Ҳеч қандай ташкилотга имтиёз берилмаган. Лекин, амалда-чи?

Масаланинг янаям аянчли томони шундаки, Аккредитация марказининг юқори ташкилоти Ўзстандарт агентлигига шикоят қилинганда ҳам, навбатдан ташқари инспекция текширувини ўтказиш тўғрисидаги кўрсатмани эътиборсиз колдирган. Йўл инспекциясига тузатиш чоралари яъни биринчи ўринда ғайриқонуний синов баённомаларини бекор қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси ҳам инкор қилиб келинган.

Йўл инспекциясининг ғайриқонуний хулосасини олган ташкилотлар ҳам унинг ғайриқонунийлигини билиб, тушуниб, турган бўлсада – давлат назорат органи мақомидаги лаборатория бўлгани учун Инспекция лаборатрияси хулосаларини тан олиш ёки олмаслиги бўйича иккиланишига, ўз ишини ҳалол бажарган ташкилотлар эса, судма-суд юриб, адолат излаб сарсон бўлишига сабаб бўлган. Инспекция лабораториясининг ғайриқонуний хулосалари натижасида қурилиш объектида бажарилаётган ишлар деярли 9 ой муддатга сунъий равишда буткул тўхтаб қолган, пудратчи ташкилотга нисбатан маънавий ва иқтисодий зиён етказилган. Ниҳоят, ушбу масала Тошкент шахар, Мирзо Улугбек туман Маъмурий судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, 2020 йил 10 декабрда ҳал қилув қарори чиқарилган. Бунга кўра, Инспекция лабораторияси томонидан расмийлаштирилган синов баённомалари хақиқий эмаслиги, хулоса беришда ифодаланган хатти-ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилган.

Бундан ташқари, Инспекция лабораторияси “GRAND ROAD TASHKENT” МЧЖ ва “Obod shahar qurish” МЧЖ томонидан қурилган Тошкент шаҳридаги Яккасарой, Яшнабод, Мирзо Улуғбек, Сергили туманларида жойлашган маҳаллий йўлларда хам лаборатория синовларини ўтказиб, стандарт талабларини бузган ҳолда, асосланмаган, тушунарсиз, ностандарт усулларда синов ўтказиб, нотўғри хулосалар расмийлаштирган. Натижада, бу икки қурилиш ташкилоти томонидан ҳам йўл курилиш ишлари сифатини назорат килиш инспекцияси лабораториясининг хулосаларини ҳақиқий эмас, деб топилиши ва бекор килиниши, масъул ходимларининг ҳаракатларини ноқонуний деб топиш буйича Тошкент туманлараро маъмурий судига шикоят аризаси юборилган.

Инспекция лабораториясининг Республиканинг барча ҳудудларида шунга ўхшаш ғайриқонуний, асосланмаган ва малакасизларча расмийлаштирилган хулосалар бериб келаётганлиги тўғрисидаги мисолларни келтириш мумкин. Лекин минг афсуски, Инспекция лабораториясининг ушбу хатти-ҳаракатлари ҳалигача давом этиб келмоқда.

Мана сизга йўлларимизнинг нима учун сифатсизлиги-ю, Бош прокурор айтганидек, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолиятининг ўта қониқарсиз ва самарасиз баҳоланиши сабаблари.

Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси доимо шундай бўлган, деган фикрдан йироқмиз. Унда малакали, тажрибали, сифатни объектив баҳолаш салоҳиятига эга бўлган мутахассислар кўп, лекин кўпчилиги бўшаб кетди ёки кетишга мажбур қилишди.  

Ушбу муаммолар комплекс ҳал қилиниб, давлат назорати самараси оширилса, ишончимиз комилки йўлларимизда сифат ҳам тубдан яхшиланади.

Нурбек Шарибаев,  

Наманган вилояти “Мустақил синов лабораториялари”

уюшмаси бошқарув кенгаши раиси 

×