Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг куз-қиш мавсуми даврида ўқув машғулотларига қатнашидаги қатор ноқулайликлар, мактаблар масофасининг узоқ радиусда жойлашгани, ички йўллардаги ҳолат ва бошқа қатор сабаблар туфайли мактабларда бериладиган таътиллар даврига ўзгартириш киритиш таклифи берилди.
Маълумотларга кўра, Республикадаги 10 000 га яқин умумтаълим мактабининг аксарияти қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Уларни куз-қиш мавсумида иситиш ва электр энергияси учун давлат бюджетидан 80-100 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланмоқда.
Таъкидланишича, бунга қатор омиллар, жумладан, ички йўлларнинг ёмон ҳолатдалиги ва шу йўллардан ўқувчиларнинг пиёда қатнаб ўқиётганлиги, бу мавсумда касалликларнинг кескин ошиши, умумтаълим мактабларининг марказий иситиш тизимларига уланмаганлиги ҳамда иссиқлик ва электр-энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиб кетиши сабаб бўлмоқда.
Бунинг олдини олиш учун таълим муассасаларидаги ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақтини, ўқув йили давомидаги таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ҳисобига қишки таътил кунларини белгилаш таклиф этилган. Яъни:
• ўқув йилининг бошланишини 2 сентябрь кунидан 26 август кунига кўчириш;
• ўқув йилининг тугаш кунини 25 май ўрнига 31 май деб белгилаш;
• ўқувчилар учун амалдаги 4-9 ноябрь, 28 декабрь - 10 январь, 21-27 март саналаридаги таътил кунларини 25 декабрдан 2 февралгача қишки таътилга ўзгартириш;
• ёзги таътил вақтининг икки ҳафтага қисқариши муносабати билан ўқитувчилар учун 11-25 январь кунлари давомида икки ҳафталик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини бериб бориш таклифи берилган.
Бунинг қандай фойдаси бор?
Таъкидланишича, ушбу ўзгаришлар жиддий салбий оқибатлар келтириб чиқармаган ҳолда қуйидаги ижобий натижаларга олиб келади:
• куз-қиш мавсуми давридаги иситиш ва электр энергияси сарфи 30 фоиз атрофида тежалади;
• ушбу мақсадлар учун харажатлар сарфи 20-30 миллиард сўмга камаяди;
• ҳозирги кунда бир вақтга тўғри келаётган Мустақиллик байрами, Биринчи Президентимизнинг Хотира куни ҳамда Билимлар кунларининг тарбиявий-маънавий тасъирчанлигини ошишига хизмат қилади;
• ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қулайликлар яратилади;
• бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс машғулотларидаги меҳнат сарфи 10 фоизга яқин қисқаради;
• ўқитувчилар учун ўқув йили ўртасида ҳам меҳнат таътилига чиқиш ва ўз устида ишлаш учун қўшимча имконият пайдо бўлади.
Бундан ташқари, Президент Фармонида белгиланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича таълим муассасалари ўқувчилари, раҳбар-ходимлари учун қўшимча имкониятлар яратади.
Тасодифий хабарлар
“Спутник V” коронавирусга қарши самара бермай қўйгани айтилди
Газ қуйиш шаҳобчасига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган ёш футболчилари кимлар?
2022 йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендия оширилади
“Ўйламадим” қўшиғини ижро этган хонандагa жарима белгиланди