Наманганлик таниқли шоира Дилбар Ҳайдарова (Дилбар БОНУ)нинг «Man Sarqliyam» (Мен шарқликман) китоби Озарбайжонда таржима қилиниб, босмадан чиқди.
Дилбар Ҳайдарованинг 1980 йилда нашр этилган «Норин мавжлари» номли илк китобига академик Воҳид Зоҳидовнинг «Дилбар шоира» сарлавҳали мақоласи чоп этилган эди. Саксонинчи йиллар шеъриятига кириб келган Шарифа Салимова, Муҳтарама Улуғова, Хосият Бобомуродова, Қутлибека Раҳимбоеваларнинг сафдоши ҳисобланган шоира, улардан фарқли ўлароқ, таржимон сифатида ҳам олдинлаб кетди. Унинг рус, чех, болгар, белорус, татар, озар, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ сингари турфа тиллардан таржималари кўп.
Айниқса, озарбайжонлик академик шоир Бахтиёр Ваҳобзоданинг «Бир олманинг икки юзи - бир сенсан, бири мен» шеъри Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов ижросида машҳурдир.
Асарлари турли тилларга ўгирилган. Россия, Ҳиндистон, Америка, Қозоғистонда китоблари чиққан. Халқаро дўстлик алоқалари янги кайфиятда ривожланаётган сўнгги тўрт йил ичида шоира-таржимоннинг ижодий ишлари салмоқли бўлди. Озарбайжон матбуотида, антологияларида шеърлари, публицистик мақолалари чоп этилди. У Ганжавий, Фузулий, Марварид Дилбози, Нигорхоним, Нотавон сингари мумтоз шоираларни, Бахтиёр Ваҳобзода, Нусрат Касаманли, Рамиз Равшан, Микаил Мушфиқ сингари қатор халқ шоирларининг ижодини ўзбекчалаштирди. Ҳозирги озар адабиёти вакилларидан Фарида Леман, Аёз Арабачи, Илғор Турк ўғли, Сулаймон Абдулла, Маъруф Султон, Табриза Пинҳонларнинг асарлари билан ўзбек китобхонларини таништирди.
2017 йилда озар шоирларининг «Ошиқ пари инжалари», «Аёл ва булбул», «Келиб кўринг Астарани» номли тўпламларини она тилимизга ўгириб, тақдимотини Бакуда ўтказиб қайтганди. «2019 йил фаол журналисти» бўлиб, Озарбайжон элчихонаси ва Ҳайдар Алиев фонди томонидан мукофотланган.
- Яқинда Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат мактабида Озарбайжонда чоп этилган «Мен шарқликман» китобим тақдимоти ўтказилди. Шу билим масканига келсам, дилим ёришиб, бўйим ўсгандай туюлаверади, - дейди шоираи даврон Дилбар Ҳайдарова. - Фурсатдан фойдаланиб, олис Озарбайжоннинг Баку, Ганжа, Исмаилли шаҳарларида туриб, шеърларимни озар тилида сайратган қардош шоир дўстларим Шохмемед Тоғлар ўғли ва Сулаймон Абдуллага, сўзбоши муаллифи Илғор Турк ўғлига, ношир ва шоира дугонам Насиба Илкинга, шоира, профессор дугонам Фарида Леманга, Гулли Элдор қизига ва барча дўстларимга алоҳида ташаккуримни изҳор қиламан.
Бир-бирига ҳамоҳанг адабиётлар гуллаб-яшнасин, Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлиги мустаҳкам ва абадий бўлсин!
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.
Тасодифий хабарлар
Таксиларга қўйиладиган талаблардан бири бекор қилиниши мумкин
Ўзбекистонда аҳолининг асосий қисми фақат ойликка кун кўряпти
ДХХ қалбаки паспорт билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган гуруҳни ушлади
Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди
Бош прокуратура сўхлик блогернинг қаердалигини очиқлади