Зилзилаларни уюштириш мумкинми? Мутахассис жавоб берди

Зилзилаларни уюштириш мумкинми? Мутахассис жавоб берди

Зилзила – ер пўстининг юқори қисмида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебранишлар тарзида тарқаладиган ер ости силкинишлари ҳисобланади. Зилзила сабабларига кўра, тектоник, вулқоний ва ўпирилиш зилзилаларига бўлинади. Шунингдек, ҳодисанинг инсон омили аралашуви оқибатида ҳам ҳосил бўладиган турлари мавжуд, яъни айрим ер силкинишларини уюштириш мумкин. Хўш, инсониятга нима учун сунъий равишда ҳосил қилинадиган зилзилалар керак? Ва бу қандай амалга оширилади? Неча баллгача бўлган зилзилаларни сунъий ҳосил қилиш мумкин? QALAMPIR.UZ ушбу саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олди.

ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази мутахассисининг таъкидлашича, сунъий зилзилалар одатда фойдали қазилмаларни олиш вақтида амалга оширилади.

“Зилзилалар ўзи икки турга бўлинади. Булар табиий ва техноген зилзилалардир. Табиий зилзилалар сабабларига кўра, тектоник, вулқоний ва ўпирилиш зилзилаларига бўлинади. Техноген зилзилалар эса конларда, нефть-газ олишда инсон омили билан содир этилади. Айтиш мумкинки, ер остидан нефтни олиб бўлгандан кейин, қазилма олинган бўшлиқни тўлдириш учун сунъий зилзиладан фойдаланилади. Бу ҳолдаги зилзилаларнинг маркази узоғи билан 5 километргача етиши мумкин. Баъзи ҳолларда нотўғри қазишма ишлари жараёнидаги портлаш натижасида ҳам ер силкиниши кузатилади, аммо у асосан ер юзасида содир бўлади.
Туркияда содир бўлаётган зилзила табиий зилзила ҳисобланади, чунки бу қадар кенг ҳамда катта ҳудудда сунъий зилзилани ҳосил қилишнинг имкони йўқ. Аслини олганда атайлаб зилзилаларни ҳаракатга келтириб бўлмайди”, дейди ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази мутахассиси.

Шунингдек, Тошкент Архитектура-қурилиш университети Гурунтлар механикаси ва қурилишда зилзилабардошлик кафедраси ўқитувчиси, профессор Саидий Саидислом зилзилалар, уларнинг турлари, Ўзбекистондаги бинолар неча балли зилзилага дош бера олиши хусусида маълумот берди.

“Зилзиланинг келиб чиқиш сабаблари ва табиати ҳақида тўлароқ тасаввур ҳосил қилиш учун Ер заминида содир бўладиган геологик жараёнларни билиш зарур. Ер юзасида олиб борилган илмий кузатишлар ер қатламининг доимий, аммо жуда секин ҳаракатда эканлигини кўрсатди: қобиқнинг баъзи жойлари кўтарилади, баъзи ерлари пасаяди, айрим жойлари эса горизонтал йўналишда силжийди. Ер қобиғининг бундай ҳаракати тектоник ҳаракат деб аталади.
Сунъий зилзилалар, яъни кучли портлашлардан (атом ва водород бомбалари) хосил бўладиган зилзилалар. Инсон омили сабабли содир бўладиган зилзилаларга кучли портлашлар натижасида рўй берадиган зилзилаларни келтириш мумкин. Суний зилзилалар фақат кучли портлашлар натижасида солир бўлади. Туркияда рўй берган зилзилалар унинг турли ҳудудларида ва турли куч билан рўй берган. Ушбу зилзилалар суний равишда содир бўлиши мумкин эмасУ”, дейди профессор Саидий Саидислом.

Бинони қуришдан аввал объект майдонининг сейсмиклигига мос равишда бино зилзила таъсирига қарши ҳисобланади, сўнгра тегишли конструктив чора тадбирлар қўлланилади. Натижада, бинонинг қурилиш майдончасининг сейсмиклигига мос равишда унинг лойиҳаси ишлаб чиқилади ва экспертизадан ўтказилада. Сўнгра бино ушбу лойиҳа бўйича қурилади. Бинонинг қурилишида лойиҳанинг барча талабларига риоя қилинган бўлса бино зилзилабардош ҳисобланади, яъни бино майдончасининг сейсмиклигига мос бўлган зилзилага бардош беради. 

Маълумот учун, Ўзбекистондаги бинолар 7 дан 9 магнитудагача чидамли тарзда қурилади.


×