Ғазо Рамазон ойини қандай қаршилади?

Ғазо Рамазон ойини қандай қаршилади?

Ғазо аҳолиси мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойини вайроналар орасида қарши олмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.


Фаластинликлар вайрон бўлган масжидлар қолдиқлари ёнига ибодат қилиш учун келмоқда ёки брезент ва ёғоч конструкциялардан қурилган вақтинчалик жойларда намоз ўқимоқда.

Вайрон қилинган Ал-Ҳассайна масжидининг гумбази тош ва синиқ бетон бўлаклари орасида ётибди. Илгари мусулмонлар тўпланадиган ҳовли бугун оилалар тунаб, овқат тайёрлайдиган жойга айланган. Сақланиб қолган девор парчаларига кийим қуритиш учун арқонлар тортилган.

ҲАМАС назоратидаги Ғазо ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, 835 та масжид тўлиқ вайрон қилинган, яна 180 таси жиддий зарар кўрган. Шунингдек, черковларга ҳам бир неча бор зарба берилгани ва минтақадаги 60 қабристондан 40 таси бузилгани билдирилган.

Кўплаб аҳоли учун бу йўқотишлар нафақат моддий, балки чуқур маънавий аҳамиятга эга.

Кенг кўламли вайронагарчилик ва қурилиш материаллари етишмовчилигига қарамай, одамлар масжидларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Улар бузилган иссиқхоналардан қолган пластик плёнкалар ва ёғочлардан фойдаланиб, вақтинчалик ибодат жойлари барпо этмоқда.

Умуман олганда, Ғазо кетма-кет учинчи Рамазон ойини мана шундай ҳаробалар орасида қаршиламоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда мусулмонлар саҳарликни сув ва қотган нон билан бошлаётганини кўриш мумкин. Очарчилик минтақада ҳануз изғиб юрибди.

Маълумот учун, Исроил 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигида амалга оширилган чегаралараро ҳужумдан сўнг Ғазода ҳаво ва қуруқлик ҳарбий операциясини бошлаган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, можаро бошланганидан буён ҳалок бўлганлар сони 71 667 кишини ташкил этган. Улар орасида 2025 йил октябрь ойидаги ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин ҳалок бўлган 450 дан ортиқ киши ҳам бор.


Теглар:
×